Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлиги: тараққиёт сари янги қадам

19 Май, 14:42 • Адолат шарҳи, Муносабат, Фракция, Янгиликлар • 166 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлиги: тараққиёт сари янги қадам нет

Мамлакатимизда юз бераётган кенг кўламли ислоҳотлардан, халқ манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйилаётганидан, бошқарув тизими такомиллашаётганидан, қонун устуворлиги таъминланаётганидан, иқтисодиёт либераллаштирилиб, очиқ ташқи сиёсат олиб борилаётганидан бутун дунё хабардор эканлигига Президентимизнинг АҚШга илк расмий ташрифи давомида яна бир бор амин бўлдик.

Хориж оммавий ахборот воситаларида ҳам тарихий, дея эътироф этилаётган мазкур учрашув кейинги 16 йил мобайнида илк марта юз берди. Ва шуни тўла ишонч билан айтишимиз мумкинки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Оқ уйга ташрифи Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берди.Олий даражадаги учрашувлар жараёнида АҚШ Президенти Д.Трамп Ўзбекистонда Президент Ш.Мирзиёев муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишда эришилаётган ютуқларни алоҳида эътироф этиб ўтди.

Барчамизга маълумки, АҚШ иқтисодий жиҳатдан жаҳондаги энг етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Дунё ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бир қисми айнан ушбу давлат хиссасига тўғри келади. Қолаверса, аҳолисининг даромадлари юқорилиги бўйичада ҳам энг етакчилар қаторида туради. Айни шу омиллар ҳар қандай давлатни АҚШ билан иқтисодий ҳамкорлик қилишга ундайди, албатта.

Бугунги кунда юртимизда 181 та Ўзбекистон-АҚШ корхонаси фаолият кўрсатмоқда, уларнинг 46 таси тўлалигича Америка капитали асосида тузилган.

АҚШ-Ўзбекистон ўзаро савдо муносабатлари транспорт ва транспорт коммуникациялари, фармацевтика, автомобилсозлик, енгил саноат, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, электротехника каби кўплаб соҳаларни қамраб олган. Бироқ айни пайтда мамлакатларимизда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш учун фойдаланилмаётган имкониятлар кўп. Уларни ишга солиш икки томон учун ҳам манфаат келтириши шубҳасиз. Айниқса, қишлоқ хўжалиги, энергетика, кимё, молия, туризм, тўқимачилик саноати, соғлиқни сақлаш ва инновацион технологиялар соҳаларида ҳамкорликни янада кучайтиришни даврнинг ўзи тақозо этиб турибди.

Шундай эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда ташриф давомида Ўзбекистон ва АҚШ компаниялари ўртасида 20 дан ортиқ йирик шартномалар имзоланди. Томонлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва иккала мамлакатда иш ўринларини яратишга кўмаклашадиган иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш имкониятларини ўрганишга қатъий тайёр эканликларини таъкидладилар.

Ташриф давомида қабул қилинган баёнотнинг“Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши”, деб номланиши ҳам бежиз эмас. Яъни, ушбу Баёнотда томонларнинг нафақат бугунги кун ёки яқин келажакка балкиистиқболга мўлжалланган муштарак интилишлари акс этган.

Америка Қўшма Штатлари халқаро терроризмга қарши курашда Ўзбекистон билан азалий шериклигини алоҳида эътироф этди. Ташриф давомидаиккала давлат раҳбарлари экстремизм ва халқаро терроризмнинг умумий таҳдидларига қарши курашиш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурати таъкидланди. Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган келишувлар амалга оширилади ҳамда беш йилга мўлжалланган илк ҳарбий ҳамкорлик Режасини амалга татбиқ қилиш орқали мудофаа соҳасидаги алоқалар янада мустаҳкамланади.

АҚШ томони Президент Ш.Мирзиёевни халқаро ҳамжамиятнинг “Толибон” афғон ҳукумати билан тинч музокараларни бошлаши лозимлиги тўғрисида ягона позициясини тасдиқлаган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида 2018 йилдаги Тошкент халқаро конференция ҳамда 2017 йилда Самарқандда бўлиб ўтган халқаро конференциянинг муваффақиятли ўтказилгани билан қутлади. Президент Д.Трамп Ўзбекистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларда етакчи сифатида муҳим роль ўйнаётганини эътироф этиб, мамлакатнинг Афғонистон билан савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлади.

Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши” баёнотининг қабул қилиниши иккала мамлакатнинг ўзаро муносабатларида янги марралар сари дадил қадам бўлиб қолади. Қолаверса, икки давлат ўртасида сиёсий, парламентлараро ва ҳарбий соҳаларда эришилган келишувлар яқин ва узоқ истиқболда ўзининг юксак самараларини беради.

Умуман, ушбу тарихий ташриф доирасида эришилган натижаларни бизнинг Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг барча даражадаги депутатлик корпуси, 250 мингга яқин аъзолари ва миллиондан ортиқ хайрихоҳлари фаол қўллаб-қувватлайди.

Айниқса, АҚШ билан илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва энергетика соҳаларида йўлга қўйилган истиқболли келишувлар партиямиз дастурий мақсад-вазифаларига тўла мос келиши билан биз учун аҳамиятлидир.

Чунки ҳаммамиз яхши биламиз бугунги кунда дунёдаги энг йирик илмий-тадқиқот ва инновация марказларлари айни шу давлатда фаолият юритади. Биргина Кремний водийсида илм-фаннинг барча соҳаларида, хусусан, бу коммуникация дейсизми, аэрокосмонавтика дейсизми, муқобил энергетика, сунъий онг ёки интеллект дейсизми, геномика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва бошқа юқори технологияларга асосланган йўналишларида амалга оширилаётган кашфиётлар бутун дунёни лол қолдираётгани рост.

Шу билан бирга, биз АҚШдек ҳар жиҳатдан қудратли давлат билан ҳамкорликда минтақамизда тинчликни мустаҳкамлаш, халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳаларидаги манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ўзининг амалий натижаларини беришига ишонамиз.

Наримон УМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

партия фракцияси раҳбари

Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлиги: тараққиёт сари янги қадам was last modified: Май 19th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »