Ўзбекистон — АҚШ: стратегик шерикликнинг янги даври

22 Май, 11:17 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 168 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзбекистон — АҚШ: стратегик шерикликнинг янги даври нет

АҚШ Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини биринчилардан бўлиб эътироф этган ва мана, 27 йилдирки, мамлакатимизнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ қўллаб-қувватлаб келаётган мамлакат ҳисобланади. Буни ўзбек халқи ҳеч қачон унутмайди ва ҳамиша қадрлайди.

Икки мамлакат ҳамкорлигининг шартномавий-ҳуқуқий асосларига назар ташлайдиган бўлсак, ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатилган 1992 йилдан то шу пайтга қадар 100 га яқин турли-туман ҳужжатлар имзоланганлигини кўришимиз мумкин. Ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишларида сифат жиҳатидан янги ва ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйишни белгилаб берган асосий ҳужжат сифатида бу икки мамлакат ўртасида 2002 йилда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги Декларацияни алоҳида қайд этиш мумкин.

Бундан ташқари, икки томонлама ҳамкорликни амалий саъй-ҳаракатлар билан тўлдириш ҳамда эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида АҚШ билан ўзаро манфаатли ва барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган иккита “йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Булар – 101 чора-тадбирдан иборат 2017 йилда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича Ҳаракатлар дастури ҳамда 51 банддан иборат давлатлараро муносабатларни янада ривожлантириш ва Ўзбек — Америка бизнес форуми (2017 йил 20-21 сентябрь) якунида эришилган аҳдлашувларни амалга оширишга доир амалий чора-тадбирлар режаси бугунги кунда амалиётга татбиқ этилмоқда.

Ўзбекистон ва АҚШ бугунги кунда бир қатор халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича муштарак позицияга эгалигини кўришимиз мумкин. Масалан, АҚШнинг Афғонистондаги ҳозирги стратегияси, яъни Афғонистонга таҳдид манбаи сифатида эмас, балки узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли минтақавий ҳамкорлик учун имконият сифатида қараётганлиги Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича юритаётган прогрессив ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари билан мос тушади.

Ўзбекистон—АҚШ муносабатлари нафақат савдо-иқтисодий ёхуд сиёсий-хавфсизлик соҳаларида, балки маданий-гуманитар соҳада ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Сўнгги йилларда илм-фан ва таълим соҳаларида янги алоқалар ўрнатиш ва эришилган келишувларни амалга ошириш, энг аввало, маданий-гуманитар ва илмий-маърифий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида ҳам қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Икки томонлама муносабатларнинг ривожланишида парламентлараро алоқалар муҳим омил ҳисобланади. АҚШнинг икки палатадан иборат парламенти – Конгресс билан ҳамкорлик ўзбек—америка муносабатларида муҳим ўрин тутади. Таъкидлаш жоизки, АҚШ давлатчилик институтлари тизимида ва умуман, қарорлар қабул қилиш жараёнида Конгресснинг нуфузи жуда баланд. Конгресснинг кўп йиллик бой амалий тажрибаси, хусусан, мамлакатнинг олий молиявий ҳужжати бўлмиш давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини назорат қилиш, шунингдек, энг долзарб муаммолар юзасидан парламент текширувларини ташкил қилиш соҳасидаги бой тажрибасини ҳар томонлама ўрганиш мамлакатимиз ҳаётида парламентнинг ўрни ва роли тобора мустаҳкамланиб бораётган ҳозирги шароитда Олий Мажлис учун ҳар томонлама қўл келади.

Сўнгги икки йилда ўзбек — америка муносабатларида мисли кўрилмаган фаоллашувни кузатишимиз мумкин. Бунга, биринчи навбатда, икки давлат раҳбарлари – Ш.Мирзиёев ва Д.Трампнинг саъй-ҳаракатлари ва сиёсий иродаси туфайли эришилмоқда. Биргина 2017 йилнинг ўзида Ўзбекистон ва АҚШ етакчилари икки маротаба — Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити ҳамда сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида учрашдилар. Шунингдек, давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш юзасидан қатъий интилишни намоён этганлари ҳолда муҳим аҳамиятга эга бўлган воқеалар муносабати билан телефон орқали мулоқотда бўлдилар ҳамда ўзаро табрикномалар алмашдилар.

Жорий йилнинг 15-17 май кунлари Президент Д.Трампнинг таклифига биноан мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг ушбу давлатга амалга оширган расмий ташрифи, ташриф доирасида ўтказилган олий даражадаги учрашувлар, эришилган келишув ва имзоланган битимлар икки мамлакат муносабатларини том маънода стратегик шериклик даражасига кўтарди десак, муболаға бўлмайди.

Президент Д.Трампнинг “Мен учун Ўзбекистон етакчиси билан учрашиш катта шарафдир” деган сўзлари нафақат мамлакатимиз раҳбарига, балки бутун ўзбек халқига кўрсатилган юксак эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Унинг Шавкат Мирзиёев шахси ҳақидаги “Жаноб Президент ўз юртида ва бутун дунёда ҳурматга сазовор кишидир”, деган сўзларини дипломатик тилдан халқона тилга “ўгирадиган” бўлсак, “Ўзбекистон АҚШнинг ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади, у минтақавий ва халқаро масалаларда ўз қатъий сўзига ва позициясига эга мамлакат ҳисобланади. АҚШ ана шундай нуфузли давлат билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдордир”, деган маъно келиб чиқади.

Айниқса, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан ўзаро прагматик сиёсати, минтақа мамлакатлари билан муносабатларда узоқ вақтдан бери тўпланиб қолган муаммоларни тезлик билан ҳал қилганлиги, “музларни эритиб”, конструктив ҳамкорлик ўрнатганлиги бугун расмий Вашингтон томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.

Президент Д.Трамп “Америка халқи номидан Президент Мирзиёевга Оқ уйга тарихий ташрифи учун миннатдорлик билдираман. Марказий Осиёда анчайин мураккаб вазият юзага келаётган, ҳамкорлик учун янги имкониятлар пайдо бўлаётган бир пайтда бугунги мулоқотимиз стратегик шериклигимизни янгилашга ёрдам берди. Минтақадаги таъминот йўлларини қўллаб-қувватлаш ва Афғонистон билан алоқаларни яхшилашга хизмат қиладиган иқтисодий лойиҳаларни сармоялаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун Президент Мирзиёевга ҳурмат-эҳтиромимни изҳор қиламан”, дея таъкидлади.

Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашув ва музокараларда Ўзбекистон—АҚШ ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш масалалари кенг муҳокама қилинди. Икки давлат вазирликлари ва идоралари ўртасида узоқ муддатли ва кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган, умумий қиймати 4,8 миллиард АҚШ долларидан иборат 20 дан ортиқ шартномавий ҳужжатлар имзоланганлигининг ўзиёқ ташрифнинг ниҳоятда самарали ўтганлигидан далолат беради. Албатта, бу лойиҳаларнинг амалга оширилиши мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти ва рақобатбардошлигини янада оширишда муҳим ўрин эгаллайди.

Шунингдек, Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, халқаро терроризм ва экстремизмга қарши биргаликда курашиш масалалари ҳам олий даражадаги музокараларнинг диққат марказида бўлди. АҚШ Ўзбекистоннинг Афғонистонда зарур инфратузилмани барпо этиш, хусусан, темир йўл тармоғини кенгайтириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади. Бу қўллаб-қувватлаш музокаралар якуни ўлароқ икки мамлакат раҳбарлари томонидан имзоланган “Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши” деб номланган Қўшма баёнотда ҳам ўз аксини топди.

Маълумки, АҚШ инновациялар ва юқори технологиялар соҳасида юксак натижаларга эришган бўлиб, илм-фан ва техника ютуқларини ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш, янги кашфиётларни экспорт қилиш, ихтиро ва энг илғор илмий ишланмалар борасида етакчи мамлакат ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон иқтисодиётидаги модернизация жараёни тобора чуқурлашиб бораётган ҳозирги шароитда мамлакатимизга АҚШ инновациялари ва технологияларини жалб этиш биз учун принципиал аҳамиятга молик масала ҳисобланади. Зеро, янги технологиялар ва инновациялар нафақат иқтисодий ўсишнинг муҳим кафолати, балки ижтимоий муносабатларни замонавий тарзда ташкил қилиш омили ҳамдир. Мамлакатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “АҚШ технологияси кирган давлатда ҳисоб-китоб жойида бўлади. Уларнинг технологияси кирган жойда коррупция, ўғрилик бўлмайди”.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи, Вашингтонда бўлиб ўтган учрашув ва музокаралар яқин ва ўрта муддатли истиқболда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг устувор йўналишларини белгилаб бериш билан бирга, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имкониятини яратди. Ҳамкорликни янги поғонага кўтарган ушбу ташриф давомида ўзаро ишончнинг юқори даражасига эришилди. Ўзаро муносабатлардаги тарихий воқеа бўлган ушбу ташриф натижалари иккала мамлакат халқининг равнақи йўлида хизмат қилиши шубҳасиз.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Ўзбекистон — АҚШ: стратегик шерикликнинг янги даври was last modified: Май 22nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »