Ёшларда мафкуравий иммунитет – ёт ғоялардан асрайди

24 Май, 17:04 • Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 56 марта кўрилди • Комментариев к записи Ёшларда мафкуравий иммунитет – ёт ғоялардан асрайди нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети академик лицейи фаоллар залида “Ёт “маданият” маънавий таназзулга етаклайди” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши масъул ходимлари, халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгаши Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари, ўқитувчи-профессорлар ва ёшлар иштирок этди.

Олим Абдурахманов, Халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгаши депутати:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида аҳоли, айниқса, ёшларни турли экстремистик, террористик, миссионерлик оқимлари, “оммавий маданият” ва бошқа ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларда бундай иллатларга қарши маънавий иммунитетни шакллантириш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Эътироф этиш жоиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 15 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунни бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида ўтказилган мазкур тадбир ҳам ёшларни миллий менталитетимизга ёт ғоя ва оқимлар, жумладан, “оммавий маданият” таъсиридан асраш, уларни огоҳлик ва ҳушёрликка даъват этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялашга алоҳида эътибор қаратганлиги бежиз эмас.

Зеро, экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилишини инобатга олсак, дунё аҳолисининг 2 миллиард нафарини ташкил этувчи ёшларнинг таълим-тарбияси сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлигини белгиловчи мезон эканлигига амин бўлади киши.

Президентимиз ўз маърузаларида қайд этганидек, ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олиш долзарб вазифа саналади ва ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш муҳим вазифа ҳисобланади.

Шу жиҳатдан, Президентимиз ўзининг тарихий нутқида ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш йўлида ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этиши  катта аҳамиятга эга.

Феруз Жўраев, Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раис ўринбосари:

— Маълумки, маънавиятимиз, чуқур илдизга эга қадриятларимизга зид бўлган “оммавий маданият” таъсирига тушган ёшлар азалий урф-одатларини, аънаналарини, миллийлигини ва ўзлигини унутади. Шу боис, турли бузғунчи ғоялар “Оммавий маданият” ниқоби остида уларни тўғри йўлдан оғдириш мақсадида биринчи навбатда ёшларнинг маънавиятини эгаллашга ҳаракат қилаётганлиги бежиз эмас.

“Оммавий маданият” кенг тарқалувчи майдон – бу Интернетдир. Интернетнинг ахборот майдони, дезинформация, ёлғон ва туҳматлар манбаига айлангани салбий холат ҳисобланади. Шу билан бир каторда, Европа глобал тармоғида бузғунчи сайтлар мавжудлиги ҳамда вертуал фирибгарлик таъсирига тушиб қолиши мумкинлигини инобатга олмаган ёшлар турли сайтларга кириши туфайли руҳий ва ҳатто, жисмоний саломатлигига зиён етказувчи ахборотларга дуч келмоқда. Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда террористик ташкилотлар ғояларини тарғиб-ташвиқ қилишга қаратилган веб-сайтларнииг сони бир неча баробарга ошган. Хусусан, 10 йил аввал бундай сайтлар сони 20 та бўлса, бугунги кунда дунёда террористлар фойдаланадиган 5000 дан ортиқ интернет сайтлари мавжуд бўлиб, уларга хизмат кўрсатувчи порталлар сони ортиб бормоқда.
Диний экстремистлар ва террорчиларнинг интернетдаги сайтларида ташкилотнинг мақсади, тарихи ҳамда ижтимоий-иктисодий, сиёсий мазмундаги маълумотларга кенг ўрин берилади.

Шу нуқтаи назардан, ёшлар онгини эгаллашга уринаётган мафкуравий хуружларга қарши курашиш, халқимизнинг миллий қадриятларини, маънавиятимизни асраб-авайлаш давлатимизнинг доимий диққат-эътиборида бўлган муҳим масалалардан биридир.

Дарҳақиқат, эндиликда “оммавий маданият”нинг турли иллатларига қарши чора-тадбирларни амалга ошириш, бу борада давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш давр тақозосидир.

Айни кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан республикамиздаги касб-ҳунар коллеж, лицейлар, олий таълим муассасаларида ана шундай мазмундаги тадбирлар уюштирилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад ёшларни юртга садоқат, бой қадриятларимизни қадрлашга чорлаш, улар онгида маънавий бўшлиқ қолмаслигига эришишдир.

Тадбирда шу каби масалалар атрофлича муҳокама қилинар экан, партиянинг депутатлик бирлашмалари, ҳудудий ва бошланғич партия ташкилотлари томонидан «оммавий маданият»нинг салбий таъсирига қарши курашиш, ёшларда Интернетдан фойдаланиш маданиятини кучайтириш, жаҳонда тобора кучайиб бораётган мафкуравий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли хулоса ва сабоқлар чиқаришга қаратилган тадбирларни ташкил этиш ва самарали ўтказиш муҳим вазифа эканлиги алоҳида таъкидланди.

Маржона Ўразбоева, Тошкент давлат иқтисодиёт университети академик лицейи ўқувчиси:

— Албатта, бугунги кунда инсон маънавиятига қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин. Бундай таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган маънавий тарбия билан жавоб бериш керак, деб ўйлайман. Бугунги маърузачилар томонидан етказилган маълумотлардан ўзимга тегишли хулоса чиқариб, ижтимоий тармоқлардан ва Интернетдан тўғри йўлда фойдаланиш кераклигини англадим.

Давра суҳбати давомида ёшларни мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнларига кенг жалб этиш, ишлаб чиқилаётган ва қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини ёшлар онгига етказиш ва уларни ҳаётга тадбиқ этишда ёшларнинг ролини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  2018 йил 15-17 май кунлари Америка Қўшма Штатларига илк расмий ташрифи ҳамда 19 май куни Андижон вилоятига ташрифининг тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Тадбир якунида ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини синашга қаратилган викторина ўтказилиб, ғолибларга эсдалик совғалари топширлди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши Матбуот хизмати

Ёшларда мафкуравий иммунитет – ёт ғоялардан асрайди was last modified: Май 24th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »