Зангиота туманида депутатлик назорати: муддати ўтган дорилар кимга керак?

28 Май, 19:46 • Депутатлик гуруҳи, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 42 марта кўрилди • Комментариев к записи Зангиота туманида депутатлик назорати: муддати ўтган дорилар кимга керак? нет

Бугунги кунда депутатларнинг жойларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўрнатиши анъанага айланди. Айни кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Людмила Кошелапова ҳам Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги мактабгача таълим муассасаларида ўрганишлар олиб бормоқда. Бу жараёнда партиянинг Тошкент вилояти Кенгаши вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, депутат бошчилигида саволнома асосида тумандаги 10-сонли МТМ ўрганилди. Мазкур муассаса биноси 75 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 75 нафар бола қамраб олинган. Бугунги кунда ушбу таълим-тарбия масканида малакали тарбиячилар, ошпазлар, тиббиёт ходимлари болалар учун сидқидилдан меҳнат қилиб келишмоқда. Суҳбат чоғида тарбиячилар депутатга бинони таъмирлаш борасидаги таклифларини билдиришди.

Тумандаги 28-сонли МТМ ходимлари билан бўлган мулоқотда депутат Л.Кошелапова тарбиячиларнинг машғулотларга тайёргарлик ҳужжатларининг юритилишига, ошпазлар томонидан таомларни тайёрланиш ҳолатига, тарбияланувчилар учун яратилган шароитларга алоҳида эътибор қаратди. Жараёнда ошхона жиҳозларининг яроқсизлиги, талаб даражасида эмаслиги, қўл ювиш хоналарини қайта таъмирлаш лозимлиги маълум бўлди. Шунингдек, муассасанинг тиббиёт хонаси кўздан кечирилганда дори-дармон воситаларининг етишмаслиги, муддати ўтган дорилар мавжудлиги, тиббий жиҳозларга эҳтиёж борлиги аниқланди. Бу холат эса, болаларга биринчи ёрдам кўрсатиш жоиз бўлганда қатор муаммоларни келтириб чиқариши  табиий. Бизнинг бош мақсадимиз соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, вояга етказиш экан, у ҳолда тиббиёт хонасидаги муддати ўтган дорилар кимга керак? Яроқсиз дориларни пештахтада сақлаш кимга наф келтиради? Болаларгами ёки ҳамширага? Тегишли мутасаддилар буни назорат қилмайдими? Ахир, бугунги кунда давлатимиз томонидан мактабгача таълим муассасаларини дори-дармон воситалари билан тўлиқ таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар барчамизга маълум бўлган  бир пайтда, бу ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин.

Депутат тумандаги 9-сонли МТМга ташриф буюрар экан, муассаса ҳовлисидаги ободонлаштириш ишларини кўриб, ишчи-ходимларга тасаннолар айтди. Мазкур боғча биноси қуввати бўйича 150 ўринга мулжалланган бўлсада, ҳозирда 183 нафар болалар қамраб олинган. Бугунги кунда муассасада 3 та олий, 8 та ўрта махсус маълумотга эга тарбиячилар болаларга таълим-тарбия бериб келишмоқда. Ўрганишлар давомида  иссиқлик таъминоти бўйича индивидуал қозонхонага эгалиги, қишки мавсумда томдан чакки ўтиш ҳолатлари кузатилиши маълум бўлди.

Дурдона Асқарова, 9-сонли МТМ мудираси:

— Депутат Людмила Кошелапова ҳамда “Адолат” партияси вакилларининг муассасамизга ташрифи, бизни беҳад қувонтирди. Албатта, депутатнинг амалий ҳаракатлари билан муассасамизга гуруҳлар ва тиббиёт хонаси учун янги жиҳозлар билан таъминланишига эришсак, болалар ва тарбиячилар учун янада яхши шароитлар яратилган бўлар эди.

Шунингдек, депутат мазкур муассаса тарбияланувчиларининг машғулотлар жараёнини кузатар экан, болаларнинг билимга чанқоқлигига гувоҳ бўлди.

Людмила Кошелапованинг ўрганишлари тумандаги 7-сонли мактабгача таълим муассасасида давом этди. Депутат ушбу масканда кадрларнинг салоҳиятига, озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиш ҳолатига, ичимлик суви таъминотига, ҳудуд бўйича болаларни қамраб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Айниқса, ҳозирда муассаса тиббиёт хонасига эга эмаслиги, тиббий жиҳозлар ва воситалар етишмаслиги ҳамда зарур пайтда болалар учун биринчи ёрдам кўрсатишга етарли шароитлар йўқлиги ачинарлидир.

Депутат Л.Кошелапованинг тумандаги мактабгача таълим муассасаларидаги ўрганишларидан кўриниб турибдики, инглиз, рус тиллари, гимнастика, рақс тўгараклари фаолитиянинг йўлга қўйилганлиги, тарбиячилар томонидан машғулотларни талаб даражасида ўтказилиши қувонарлидир. Шунингдек, муассасалардаги мавжуд муаммолар депутат кўмаги билан ижобий ҳал этилса, нур устига аъло нур бўлар эди. Албатта, яхши ва янги ўзгаришлар, тез кунларда амалга оширилишига умид қиламиз.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Зангиота туманида депутатлик назорати: муддати ўтган дорилар кимга керак? was last modified: Май 28th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »