Жамоатчилик иштироки кенгаймоқда

29 Май, 10:13 • Фарғона вилояти, Янгиликлар • 131 марта кўрилди • Комментариев к записи Жамоатчилик иштироки кенгаймоқда нет

Фарғона шаҳрида вилоят партия Кенгаши ва Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Фарғона ҳудудий бирлашмаси билан ҳамкорликда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди. Мазкур давра суҳбатида партия ва ҳудудий бирлашма ходимлари, шаҳар ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгаши депутатлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда сотувчи, харидор ва харид муносабатларида адолатлилик мезони, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий ҳимояси, бу йўналишда жамоатчилик назорати, аҳолининг истеъмол маданиятини юксалтириш каби масалалар иштирокчиларнинг эътибор марказида бўлди.

Тадбирда маърузачилар томонидан қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Хусусан, ушбу масалада Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўзининг дастурий вазифасида белгилаб қўйилган аҳолининг турли қатламлари ҳуқуқи, эркинликлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадларини рўёбга чиқаришда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик ишларини тизимли йўлга қўймоқда. Жумладан, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси билан олиб борилаётган ижтимоий шериклик ҳудудий Кенгашларда ҳам самарали давом этмоқда.

Ғайратжон Маматқулов, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Фарғона ҳудудий бирлашмаси ахборот ва матбуот сектори раҳбари:

— Бугунги мулоқотда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги қонунлар, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, уларнинг ижроси ва бунда жамоатчилик назоратининг ўрни катта аҳамиятга эга эканлигини очиб беришга алоҳида эътибор қаратдик.

Мулоқот давомида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишда қуйи бўғинларда, маҳаллаларда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни белгилаш ва  жамоатчилик иштирокини янада кенгайтириш юзасидан кичик гуруҳларда амалий машғулот ҳам ўтказилди.

Машғулотлар натижасида иштирокчилардан янгидан-янги таклифлар олинди. Масалан, харидор ва сотувчи ўртасида эътирознома мурожаат турини шакллантириш, давлат ташкилотларининг истеъмолчилари учун ҳар бир ташкилотда истеъмолчи ўқувини жорий этиш, истеъмол маданияти юқори бўлган ва турли соҳаларда намунали истеъмолчи сифатида юртдошларига ўрнак кўрсатаётган мижозларга рағбат ёки имкониятлар тақдим этиш таклифлари ҳам билдирилди.

Ҳамкорликда ташкил этилган ушбу давра суҳбати иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди ва уларнинг истеъмолчи сифатида талаб ва таклифларини ўртоқлашишларига имкон яратди.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Жамоатчилик иштироки кенгаймоқда was last modified: Май 29th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »