Аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлашнинг самарали йўллари

30 Июнь, 09:56 • Муносабат, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 138 марта кўрилди • Комментариев к записи Аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлашнинг самарали йўллари нет

Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ҳамда фармацевтика тармоғида тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 20 июндаги “Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисда”ги Фармони тизимни тартибга солишда ва халққа хизмат кўрсатишда катта аҳамиятга эгадир.

Маълумки, аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимининг энг муҳим вазифаларидан биридир. Бироқ, олиб борилаётган ислоҳотларда аҳолига тиббий ёрдам сифатини оширишга қаратилган бўлсада, соҳада ҳанузгача муайян муаммолар борлиги сир эмас. Хусусан, дори воситаларини ишлаб чиқаришда ва четдан кириб келадиганларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимида мураккаблик мавжуд эди. Бу эса мамлакатимизга самарасиз дори воситаларини олиб кирилишига сабаб бўлаётган эди. Шунингдек, ушбу ҳолат соҳа вакилларига ҳам қийинчилик туғдираётган эди. Мазкур Фармонда белгиланган мақсад-вазифалар тизимда мавжуд муаммоларни бартараф этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади деб, ўйлайман.

Эндиликда мазкур Фармонга асосан жорий йилнинг 1 августидан илгари татбиқ қилинган ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ҳамда тиббий буюмларни чекланган нархларда сотиш талаби бекор қилиниши белгилаб берилди. Айниқса, Фармонда юқори тартибга солувчи талабларга эга давлатларда жорий этилган дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларини тан олиш тартиби жорий қилиниши кўрсатиб берилди. Бундан кўзланган мақсад эса халқимиз саломатлигини янада яхшилаш ва бу йўлда барча зарур шарт-шароитларни яратишдир.

Фармонга кўра, давлат рўйхатидан ўтказиш натижалари республикамизда тан олинадиган дори воситаларини юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларнинг тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган тақдирда амалга оширилиши қайд этилган. Бундан кўриниб турибдики, фармон нафақат аҳолига сифатли дори маҳсулотларини етказиш, балки уларнинг  моддий ва маънавий ҳуқуқларини ҳимоя қилиши билан ҳам эътиборлидир. Таъкидлаш жоизки, Фармонда белгиланган вазифалар партия Сайловолди дастури билан ҳамоҳанглиги қувонарлидир.

Бу борада партиямиз ҳам аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш мақсадида сезиларли даражада саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда. Хусусан, соғлиқни сақлашнинг давлат секторини мустаҳкамлаш, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида лойиҳалар доирасида болаларни тиббий хизматлар ва керакли дори воситалар билан таъминлаш юзасидан  амалий ишлар олиб бормоқда. Ўрганишлар мобайнида жойларда дорихоналар хизматини тўғри ташкил қилиш,  уларда дори воситаларини ноқонуний айланишини ва калбакилаштиришни олдини олиш бўйича депутатлар ва ишчи гуруҳлар иштирокида назорат ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, партия Сайловолди дастуримизда сифатсиз дори воситалари сотилишига қарши курашиш, давлат дорихона муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини яратиш ва дори-дармонлар нархини пасайтириш омили сифатида улар учун чекланган рентабеллик даражасини ўрнатиш тизимда амалга ошириш лозим бўлган муҳим мақсадлардан биридир дея, таъкидлаб ўтилган.

Албатта, мазкур Фармон ва дастуримиздаги мақсадлар бирлиги фуқароларга дори воситалари ва тиббий буюмларни сифатлисини ҳарид қилишларида қулайлик яратиш борасида зиммамизга улкан масъулият юклаши билан бирга, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида астойдил меҳнат қилишга ундайди.

Муҳаммадқодир БОЛТАБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

ижрочи котиби

Аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлашнинг самарали йўллари was last modified: Июнь 30th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »