Адолатли жамият барпо этиш йўлида

4 Июнь, 18:30 • Депутатлик гуруҳи, Қашқадарё вилояти, Янгиликлар • 54 марта кўрилди • Комментариев к записи Адолатли жамият барпо этиш йўлида нет

Президентимиз ўтган йилнинг 13 июнь куни суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи, муаммолар, камчиликлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида бу борада атрофлича тўхталиб, айнан маънавий фазилатларнинг етишмаслиги туфайли айрим судьялар ўртасида қонунга зид ҳаракатлар содир этиш, нопоклик, таъмагирлик, одамларнинг ташвишларига эътиборсиз, лоқайд қараш, адолат мезонларига хилоф равишда қарорлар қабул қилиш ҳолатлари учраб келаётгани қаттиқ танқид қилинган эди.

Мана шу салбий ҳолатларнинг олдини олиш, судьяларнинг маънавиятини юксалтириш борасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан ҳам бирмунча хайрли ишлар қилинмоқда. Ўтган ҳафтада партия вилоят Кенгаши ва Қашқадарё вилоят фуқаролик ишлари суди томонидан фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро суди биносида уюштирилган “Суд ҳуқуқ ислоҳотлари-инсон манфаатларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам ва ишончли кафолати” мавзуидаги давра суҳбатида ҳам шулар хусусида сўз юритилди. Унда партия вилоят Кенгаши раиси Рўйиддин Раупов маъруза қилди.

— Жамиятда адолатни ўрнатиш учун давлатнинг кучи билан биргаликда сиёсий партияларнинг ҳам иштироки зарур, -деди Рўйиддин Раупов. — Биз партия фаолларининг жўшқин фаолиятисиз адолат тамойиллари инсонлар ҳаётига чуқур сингмайди. Шу маънода “Адолат” СДП бу соҳада ташаббускор бўлаётганлиги қувонарли ҳолдир.

Дарҳақиқат, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва янада либераллаштириш соҳасида “Адолат” СДП томонидан анчагина ишлар амалга оширилаяпти. Хусусан, партия бу борадаги саъи-ҳаракатларни асосий йўналиш деб қараб, суд мустақиллигига  эришиш, судларни инсон ҳуқуқларининг ҳимоячиларига айлантириш учун комплекс тадбирларни ҳал этиб келмоқда.

— Бугун инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг энг ишончли ҳимоячиси сифатида судларга жуда катта ваколатлар берилишида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг роли беқиёс, -деди давра суҳбатида вилоят фуқаролик ишлари бўйича суди раиси Олимжон Мейлиев. -Айниқса, “Судлар тўғрисида”ги Қонунни мукаммал яратилишида  ҳам сиёсий куч аъзолари хизмати катта бўлди. Айни пайтда ҳам партия фаоллари Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини кенг тарғиб этиб келишаётир. Судлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг мустаҳкам ва ишончли ҳимоячиси эканлиги ҳаётий мисоллар билан тушунтирилаяпти. Партия ташкилотлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган бу каби изчил ишлар мунтазам амалга ошириб келинаётгани натижасида юртдошларимизнинг нафақат ҳуқуқий, балки сиёсий маданияти ҳам тобора юксалиб бормоқда. Одамларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётгани, ҳар бир шахсда фаол фуқаролик позицияси ҳамда кечаётган ислоҳотларга даҳлдорлик туйғуси кучайиб бораётгани бунинг амалдаги  ифодасидир.

Шунингдек, давра суҳбатида сўзга чиққан фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро суди раиси  Музаффар Раупов, халқ депутатлари Касби туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Аббос Ҳасанов ва бошқалар ривожланган демократик давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, суд органларининг давлат бошқарувидаги роли ва аҳамиятини янада оширилишини таъминламасдан, уларнинг ваколатлари ва ҳар томонлама мустақиллигини кучайтирмасдан туриб, мамлакатни сиёсий иқтисодий янгилаш ва модернизация қилишда муваффақиятга эришиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Дарвоқе, шу куни партия фаоллари ва депутатлар фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро фуқаролик судига ажралиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган Шерали Жўраев ва Моҳира Рўзибоевалар билан ҳам дилдан суҳбат уюштирдилар. Ўтган йилнинг 12 июнида турмуш қурган бу иккала ёшларни арзларини эшитган партиядошларимиз уларнинг жиддий сабабларсиз бу қарорга келганликларини, ҳаётий тажриба камлиги туфайли ажралиш масаласига енгил қараётганликларини тушунтириб ўтдилар. Шу билан бирга бу ёш оилага ярашиб, бахтли ҳаёт кечириб кетишига уч ой муҳлат берилди. Депутат Аббос Ҳасанов эса ёш оила истиқомат қилаётган хонадонда бўлиб, ота-оналар билан суҳбат уюштириб, оилавий аҳволни мукаммал ўрганиб, Шерали Жўраев ва Моҳира Рўзибоева оиласини сақлаб қолишида ўз ҳиссани қўшишини айтиб ўтди.

Партиянинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида партиядошларимиз шу куни Ғалаба МФЙга ҳам ташриф буюриб, фуқаролар билан жонли мулоқотга киришдилар. Маҳаллада фуқароларнинг эътироф этишича, шу кеча-кундузда суюлтирилган газ баллонлари етишмаслиги ва таъминотда узилишлар бўлаётгани қийнаб келаётган экан. Партия фаоллари ва депутатлар бу муаммони жойида ўрганиб, тумандаги мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этишда муваффақ бўлдилар.

Жамиятда қонун устуворлигига эришиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва суд ҳокимияти нуфузини янада мустаҳкамлаш йўлида тинмай ташаббускорлик кўрсатиб келаётган вилоят партия фаолларининг аҳоли билан ўтказаётган бу каби жонли мулоқотларида иштирокчилар барча саволларига батафсил жавоб олмоқдалар.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

Адолатли жамият барпо этиш йўлида was last modified: Июнь 4th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »