Андижонлик “Ёш адолатчилар” изланишда

29 Июнь, 18:42 • Андижон вилояти, Янгиликлар • 29 марта кўрилди • Комментариев к записи Андижонлик “Ёш адолатчилар” изланишда нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгаши томонидан берилган маълумотлар андижонлик “Ёш адолатчилар” орасида изланувчан ёшлар кўпчиликни ташкил этишлигини кўрсатади.  Айниқса тадбиркорлик йўлидан бораётган замон билан ҳамнафас йигит-қизларнинг дадил қадамлари ҳавас қиларли.

Ана шундай ёшларни бирлаштирган Андижон шаҳридаги “Арк Андижон ҳамкор” масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини 2012 йилда  бошлаган. Автомобилларга бутловчи буюмлар ишлаб чиқарувчи мазкур корхона томонидан эълон қилинган бўш иш ўринларига қизиқувчилар кўпайди. Танлов асосида замонавий технологиялар билан ишлай оладиган, ташаббускор ва янгиликка интилувчан 25 нафар йигит-қиз ишга қабул қилинди. “Устоз-шогирд” мактабида тажрибали мутахассислар кўмагида касб сирлари ўргатилди. Натижада улар тайёрлаётган маҳсулотларга  талаб ортиб борди.

— Юқори сифат биз учун қанчалик муҳим бўлса, ишчиларнинг касбий маҳоратини ошириб бориш шунчалик зарур,-дейди МЧЖ раҳбари Олимжон Маматов.- Ишчилар ҳар уч ойда синовдан ўтказилади. Яна уларнинг олдига янги лойиҳалар устида ишлаш шарт қилиб қўйилган. Бу  ишлаб чиқариш суратининг ўсиши ва маҳсулот турининг кўпайишига олиб келмоқда.

Айни вақтда корхонада йигирма беш нафар йигит-қиз меҳнат қилмоқда. Яқинда уларнинг сафига 5 нафар коллеж битирувчилари қўшилди. “Ёш ихтирочилар” марказида мутахассислар томонидан янги лойихалар ўрганиб борилади. Муносиб топилган ишланмалар амалиётга тадбиқ этиляпти.

Корхонада маҳаллийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам эътиборли. 2018 йил бошида бу ерда тайёрланаётган автомобилларнинг бутловчи буюмлари сони 20 тага етганди. Проезидентимиз томонидан соҳага бўлган эътибор жамоани янги лойиҳалар устида ишлашга ундади. Натижада яна 15 турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш таклифи билан чиқдилар. Мустақиллик байрами арафасида буюртмачилар талаби асосида ана шу резина ва пластмасса буюмлари тайёрлаш йўлга қўйилади.

Изланишлар ўз самарасини бермоқда. Амалдаги йилнинг ўтган даврида 1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилди. Бу аввалги йиллардагига нисбатан уч баробар кўп демакдир. Бунда Баҳодиржон Салимов, Раҳимжон Турсунов ва Арофатхон Мамарасулова каби партиядошларимизнинг ҳиссаси катта.

Ёшлар бор жойда ҳаракат ва олдинга интилиш бўлади. Буни иқтидорли йигит-қизлар меҳнат қилаётган “Арк Андижон ҳамкор” МЧЖ мисолида аниқ кўриш мумкин.

Рустамжон ЭШОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилоят Кенгаши фаоли

Андижонлик “Ёш адолатчилар” изланишда was last modified: Июнь 29th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »