Ҳар бир кунимиз имтиҳон, ҳар бир кунимиз синов

8 Июнь, 14:49 • Адолат газетаси, Муҳим хабарлар, Янгиликлар • 98 марта кўрилди • 1 комментарий к записи Ҳар бир кунимиз имтиҳон, ҳар бир кунимиз синов

Ҳар бир кунимиз имтиҳон, ҳар бир кунимиз синов

Бугун жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, янгиланишларга мос равишда мансабдор шахслар, депутатлардан тортиб, оддий ишчи-ходимларнинг ҳам ўз фаолиятига бўлган муносабати ўзгармоқда, масъулияти ошиб бормоқда, қўйинг-ки, барча фуқароларнинг дунёқараши, онги ўзгармоқда. Бу, албатта, “Ҳамма нарса инсон манфаатлари учун” деган эзгу мақсад йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг амалий натижасидир.

Айниқса, ўтган икки йил мобайнида барча соҳаларда эришилаётган ютуқлар билан мақтаниш эмас, балки йўл қўйилган камчиликлардан тўғри хулоса чиқариш, ижро интизомини мустаҳкамлаш масаласига қатъий ёндашув ўз самарасини бермоқда. Айтишга арзигулик ютуқларимиз бор. Лекин амалга оширган ишларимиз билан бир қаторда амалга оширолмаган ишларимиз ҳам борлигини тан олишимиз керак.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги парламент аъзолари ва сиёсий партиялар вакиллари билан учрашувдаги маърузасида ҳамда ўтган йил декабрь ойида парламентга йўллаган Мурожаатномасида фаолиятимиздаги бир қатор камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Хўш, ўтган деярли бир йил мобайнида мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар ҳамда улардан сайланган депутатлар фаолияти қай даражада ўзгарди? Бугун сиёсий партиялар замоннинг шиддат билан ўзгараётган талабларига, электорат ва сайловчиларнинг истакларига нечоғлик жавоб бера олаяпти? Халқона ибора билан айтганда, ғалвирни сувдан кўтариб, ушбу саволларга жавоб ахтаришга, бизнингча, бир йил етарли бўлса керак.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаолиятида рўй берган ўзгаришлар ва айрим камчиликлар таҳлили сайловчиларни қизиқтириши табиий, албатта.

Президентимизнинг юқорида келтириб ўтилган маърузасида таъкидланган танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда “Адолат” СДП ўз фаолияти ва дастурий вазифаларини танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиб, аниқ мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, партиянинг Сайловолди дастурини амалга ошириш бўйича қабул қилинган 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури қайта ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ қилинди.

Маърузада билдирилган танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш, илм-фан, таълим-тарбия соҳаларига эътибор қаратиш ҳамда ёш олимлар билан учрашиш, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва ечиш бўйича партия томонидан амалий чоралар кўрилди. Жумладан, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликлари, Фанлар академияси билан ўзаро ҳамкорлик Меморандумлари имзоланиб, улар доирасида амалга ошириладиган вазифаларни бажариш учун ишчи гуруҳлари шакллантирилди ҳамда иш режалари тасдиқланиб, бир қатор тадбирлар амалга оширилди.

Натижа:

Соғлиқни сақлаш вазирилиги билан ҳамкорликда марказда ва ҳудудларда соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги ва “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган кенг кўламли тадбирлар ташкил этилди.

Бунинг самараси ўлароқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан яқин қариндошлар орасида баъзи органларни трансплантация қилиш тартиби ҳақида вақтинча тасдиқланиб, мазкур турдаги жарроҳлик амалиётига рухсат берилди.

Шунингдек, Фан ва технологиялар агентлиги билан ҳамкорликда марказдаги ва ҳудудлардаги 20 га яқин олий ўқув юртларида “Илмий ва инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбатлари бўлиб ўтди. Уларда партия экспертлари томонидан берилган таклифлар асосида илмий ва инновацион фаолиятни алоҳида қонунлар билан тартибга солиш илгари сурилиб, натижада “Инновацион фаолият тўғрисида” ва “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги фармони билан ушбу агентлик тугатилиб, янги таъсис этилган Инновацион ривожланиш вазирлиги билан мазкур йўналишда ҳамкорлик давом эттирилди.

Шунингдек, Фанлар академияси билан ҳамкорликда “Ёш олимлар ташаббусларини кўллаб-қувватлаш: муаммо ва таклифлар” мавзусида мамлакатимиз ёш олимлари билан учрашувлар ташкил қилинди. Мамлакатимиз ёш олимларини ўйлантираётган муаммолар таҳлил қилиниб, уларни ечиш бўйича академия билан қўшма чора-тадбирлар тасдиқланиб, бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, илм-фан соҳасига масъул бўлган ташкилотлар билан “Адолат” СДП ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали ёш олимларга амалий ёрдам кўрсатиш, уларнинг инновацион ғояларини амалиётга жорий этишда учраётган муаммо ва тўсиқларни аниқлаш, соҳага доир қонунчиликдаги бўшлиқларни ўрганиш бўйича 100 дан ортиқ таклифлар ишлаб чиқилди.

Камчилик:

Янги ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлиги олдига қўйилган вазифалар “Адолат” СДП дастурий мақсадлари билан муштарак бўлишига қарамасдан, ҳамон ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолаш тўғрисидаги партия таклифи вазирлик раҳбарияти томонидан четга сурилаётгани ажабланарли. Балки бу борада партияда ҳам қатъият етишмаётгандир?

Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан тузилган ҳамкорлик меморандумига мувофиқ “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқишга доир чора-тадбирлар белгиланганига қарамай, ўтган даврда ушбу, масала ортга суриб келинмоқда. Қолаверса, ҳамкорликдаги бошқа чора-тадбирларнинг ижросида ҳам ҳамон илгари силжишлар бўлмаётгани асосий камчиликларимиздан биридир.

Маълумки, ҳар қандай сиёсий партия давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларда кўпчилик депутатлик ўринларини қўлга киритиш учун курашади. Чунки сиёсий партиялар қанчалик кўп депутатлик ўринларига эга бўлса, дастурий мақсадларини рўёб чиқаришда шунчалик кўп имкониятга эга бўлади.

Шу боис Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловчиларга берилган ваъдаларни бажариш ва электорат манфаатларини ифода этишга доир долзарб масалаларни маҳаллий ижроия ҳокимияти ёки ҳукумат даражасига олиб чиқиш механизмининг асосий воситаси сифатида депутатлик гуруҳларининг фаолияти самарадорлигини оширишга устувор аҳамият қаратиб келмоқда.

Жумладан, давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги 134 та депутатлик гуруҳлари фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, асосий эътиборни аҳоли билан мулоқотга қаратиш мақсадида уларнинг иш режалари қайтадан кўриб чиқилди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг иш режасига мувофиқ ўтган бир йил давомида партиявий лойиҳалар ижросини таъминлашда депутатларни фаол иштирокини таъминлашга эътибор қаратилди. Яъни лойиҳалар доирасида маҳаллий Кенгаш депутатлари ва партия фаоллари билан ҳамкорликда жойлардаги муаммолар ўрганилди ва уларни бартараф этиш бўйича ҳудудий Кенгашлар сессиялари ва доимий комиссияларга масалалар киритилди.

Натижа:

Ўтган қарийб бир йил мобайнида партия депутатлик гуруҳлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларига 28 та, доимий комиссияларга 41 та масала киритилиб, 80 та мансабдор шахсларнинг эшитуви ўтказилди. Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлари томонидан ушбу даврда сайловчилардан келиб тушган мурожаатлар асосида 716 та депутатлик сўровлари чиқарилди.

Камчилик:

Кўрилган чора-тадбирларга қарамай ушбу даврда халқ депутатлари Фарғона вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳи сессияларга бирорта масала кирита олмаган бўлса, Андижон, Хоразм, Сирдарё, Жиззах, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари кенгашлари атиги биттадан масала киритгани ушбу ҳудудларда партия депутатларига ҳамон масъулият ва қатъият етишмаётганидан далолат беради.

Мамлакатимиз Президенти маърузаларидан келиб чиққан ҳолда аҳолининг қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол қатнашишини ва қонунларнинг асосий муаллифи фуқаролар бўлишини таъминлаш мақсадида Қонунчилик палатасига тақдим этилган ҳар бир қонун лойиҳаси “Адолат” партиясида “Фракция – марказ – вилоят – туман” тизими орқали жойларга етказилиши жорий этилди.

Бу тизим орқали қонун лойиҳаларини юқоридан пастга тушириб, ҳам маҳаллий Кенгашлар депутатларини, ҳам аҳолининг турли қатламларини Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар фаолияти, қонун ижодкорлиги, қабул қилинаётган янги қонун ҳужжатлари ҳақида хабардор қилиб бориш мақсад қилинган эди.

Камчилик:

Лекин шу кунга қадар юборилган қонун лойиҳаларига бирорта ҳудуддан жўяли таклифлар олинмаяпти. Бунга сабаб эса ҳудудларда соҳалар бўйича экспертлар гуруҳи ташкил этилмагани ва маҳаллий депутатларнинг фаоллиги етарли эмаслигидир.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш ҳамда партия депутатлик гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг ташаббускорлигини янада ошириш, ижобий натижаларга эришаётган депутатлик гуруҳлари тажрибасини оммалаштириш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари раҳбарлари ва вилоят кенгашлари раис ўринбосарлари учун Навоий вилоятида икки кунлик сайёр кўргазмали ўқув-семинари ўтказилди. Ушбу семинар доирасида Навоий вилоятидаги бир туманда намунавий сессия ташкил этилди. Шунингдек, ушбу республика семинарининг давоми сифатида барча ҳудудий ва маҳаллий кенгашларда ҳам ўқув-семинарлари ўтказилди. Лекин айрим ҳудудларда ҳамон ижобий кўрсаткичлар кўзга ташланмаяпти. Бунга баъзи депутатларнинг партия билан алоқани узиб қўйгани, сайловчилар олдидаги масъулиятини ҳис қилмаслиги сабаб бўлмоқда.

Бу ҳақда Президентимиз 2017 йил 12 июлдаги маърузасида алоҳида тўхталиб, фаол ишламаётган ва ўз вазифасини талаб даражасида бажармаётган, партия билан алоқани узиб қўйган маҳаллий Кенгаш депутатларини тегишли сиёсий партия таклифи асосида депутатликдан чақириб олиш бўйича қонунчиликка ўзгартиш киритиш таклифини илгари сурган эди. Шу асосда жорий йилнинг 18 апрелидан кучга кирган қонунга мувофиқ, эндиликда депутатлар нафақат сайловчиларнинг ишончини оқлаш ҳақида, балки уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган орган (сиёсий партия) олдидаги мажбуриятларини бажариш тўғрисида ҳам қайғуришлари зарур. Чунки энди унинг номзодини илгари сурган партия тақдимномасига биноан у депутатликдан чақириб олиниши мумкин. Бу Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Ўтган икки ой давомида партиянинг маҳаллий кенгашлари томонидан ҳали бирорта депутатни чақириб олиш ҳақида таклиф билдирилмагани ҳали бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар кўплигини англатади. Партия тизимида қатъий интизом бўлиши зарур. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан орқада қолишга ҳаққимиз йўқ. Биз ўз ғояларимизни ҳаётга татбиқ этиш борасида халқимизга берган ваъдаларимизни бажаришимиз шарт. Бу жараёнда ўтаётган ҳар бир кун биз учун имтиҳон ва синовдир.

Хулоса ўрнида айтганда, ҳали партиявий фаолиятда бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар бор. Энг муҳими, бугун ушбу камчиликларни хаспўшлаш эмас, балки уни очиқ тан олиш, холис баҳо бериш ва, албатта, уни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Кейинги мақоламизда партия лойиҳаларини амалиётга татбиқ этиш, кадрлар сиёсати, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш йўналишларидаги фаолиятини таҳлил қилиб, бу борада йўл қўйилаётган кимчиликлар ҳамда истиқболга мўлжалланган режаларидан ўқувчиларни хабардор этишни мақсад қилганмиз.

Абдукамол РАХМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Ҳар бир кунимиз имтиҳон, ҳар бир кунимиз синов was last modified: Июль 12th, 2018 by matbuot

Ҳар бир кунимиз имтиҳон, ҳар бир кунимиз синов учун битта шарҳ

  1. Жўраев Муҳаммаджон:

    Иш бор жойда камчиликлар бўлади, албатта. Хато ва камчиликларни тузатиш мумкин, лекин ҳеч бир ҳаракатсизликни тузатиб бўлмайди. Партиянинг жамият ривожи йўлида қилаётган саъй-ҳаракатларига улкан зафарлар ёр бўлсин!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »