Давр билан ҳамнафас

20 Июнь, 18:52 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 134 марта кўрилди • Комментариев к записи Давр билан ҳамнафас нет

Ҳар бир замонда ҳар бир соҳанинг захматкашлари, жонкуярлари бўлади. Бундай одамлар ўзлари меҳр қўйган, жону дилини бахш этган касбининг барча қийинчиликларига чидаб, ҳузур-ҳаловатига кўникиб, ҳаётининг мазмунига сингдириб оладилар ва шу йўлда давом этаверадилар.

Журналист атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисаларга асло бефарқ қараб туролмайди. У одамлар дарду ташвишлари билан яшамас, ёнмас экан, унга бу касб увол, қалб ҳарорати, қалам кучи нурсиз ва ожиз…

Туманимиздан етишиб чиққан журналистлар ва ижодкорлар бугун нафақат вилоятимиз, балки, республикамиз миқёсидаги оммавий ахборот воситаларида меҳнат қилишмоқда. Улар сафида жумладан, Ўғилой Болтабоева, Муродбек Эсонбоев, Бахтиёр Мамажонов, Шаҳзода Акбарова кабилар бор. Улар матбуот соҳасидаги дастлабки қадамларини бизнинг таҳририятимизда қўйганликлари диққатга сазовордир.

«Янгиқўрғон ҳаёти» газетамиз ҳам ўзининг 87 йиллик тарихига эга, Ўтган давр мобайнида бу даргоҳда не-не устозлару эл севган ижодкорлар кўз нурини, қаламининг кучини газета ишига бахш этиб, туман тарихи саҳифаларига номларини муҳрлаб кетмади, дейсиз! Зуҳра Ёқубова, Мирзакарим Мирзааҳмедов, Жумабой Мусаев, Нуриддин Холматов, Юсуфжон Қирғизов сингари ўнлаб марҳум устозларимизнинг руҳий мадади биз, шогирдларга асқотиб, кучимизга куч қўшмоқда. Журналистликнинг «қаттиқ нони»ни еб, матбуотимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган бу табаррук инсонларнинг камтарона ҳаёти, босиб ўтган йўллари бизга ва келгуси авлодларга  мактаб бўлиб қолади.

Ҳа, журналист жамиятга, одамларнинг тафаккури ва дунёқарашига таъсир этувчи касб эгасидир. Зеро, журналистлар ўз ижоди воситасида оддий кишилар билан доимо сирлашадиган, жамият қозонида қайнайдиган одамлардир. Қолаверса, мустақил юртимизда рўй бераётган улкан бунёдкорлик ишлари, кенг қамровли ислоҳотлар, тинчлик ва ободлик нашидаси қаламкашдан чинакам Сўз кучи ва қудратини, маҳоратини ишга солиб, ҳар бир юртдошимизнинг онги, тасаввурига Ватан ҳиссини, Эрк нурини муҳрламоққа чорламоқда. Шундай экан, таҳририятимиз жамоаси, жамоатчи мухбирларимиз давр билан ҳамнафас қадам ташлаш иштиёқида ижод қилаётирлар.

Газетамиз ижодий ходимларининг аксарияти “Адолат” СДП аъзолари эканлиги ҳам эътиборга моликдир. Айниқса, партиядошларимиздан Дилором Йўлдошева ва Камола Жўрабоеваларнинг қаламига мансуб материалларни газетхонлар интиқиб кутадилар. Чунки улар энг долзарб мавзуларда ёзадилар. Ҳар бир воқеа ёки ҳодисани қизиқарли фактлар, ишончли мисоллар ёрдамида таҳлил қиладилар. Бу эса албатта, ўқувчининг эътиборини тортмай қўймайди. Шу туфайли газетамизнинг аҳоли ўртасидаги нуфузи тобора ошибю бормоқда, десам, асло муболаға бўлмайди. Айни пайтда унинг адади 4,4 минг нусхага яқинни ташкил этмоқда.

Мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш босқичма-босқич, изчил, тизимли ва тадрижий тарзда амалга оширилаётганлигини таъкидлаш жоиз. Айни пайтда ОАВ фао­лиятини қўллаб-қувватлаш ва уни ривожлантириш борасида мустаҳкам қонуний асос шакллантирилган. Улар орасида “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот олиш эркинлиги ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунлар бор. Цензурага йўл қўйилмаслиги,  журналистларнинг профессионал фаолиятини кафолатлаш ва ҳимоя қилиш ҳам белгиланган, Демак, биз журналистлар оммавий ахборот воситаларини халқаро андозалар даражасига кўтариш, уларнинг эркин ва мустақил фаолиятини таъминлаш учун мавжуд барча имкониятларни ишга солишимиз зарур. Бунинг учун ҳар биримиз ёритиладиган мавзунинг ўзига хос томонлари ва моҳиятини чуқур ўрганишни одат қилишимиз талаб этилади. Шунда газета саҳифалари, интернет, радио ва телевидениедаги ҳар бир материал кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига жалб эта олади. Ижодий жамоамиз мана шуни ҳис этган ҳолда меҳнат қилмоқда.

Дилбар АСҚАРОВА,

халқ депутатлари

Янгиқўрғон туман кенгашидаги

“Адолат” СДП гуруҳи раҳбари,

“Янгиқўрғон ҳаёти” газетаси муҳаррири

Давр билан ҳамнафас was last modified: Июнь 20th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »