Депутатлик гуруҳи: Мактабгача таълимнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари

23 Июнь, 15:11 • Депутатлик гуруҳи, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 223 марта кўрилди • Комментариев к записи Депутатлик гуруҳи: Мактабгача таълимнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари нет

Халқ депутатлари Миробод туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан Мактабгача таълим бўлими бошлиғининг туманда мактабгача таълим тизимини янада ривожлантиришга доир ишларнинг ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Депутатлик гуруҳи эшитуви мактабгача таълим соҳасидаги қонун ҳужжатларини ижро этиш бўйича фаолиятини таҳлил қилиш ва баҳолаш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси Давлат дастурини амалга оширишни мониторинг қилиш мақсадида ўтказилди.

Эшитувда партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши вакиллари, Халқ депутатлари Миробод туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, туман Мактабгача таълим бўлими мутасаддилари, партия фаоллар иштирок этишди.

Йиғилишда Миробод тумани мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга тайёрлаш сифати, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этилиши ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этилиши юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида туман Мактабгача таълим бўлими мудираси Дилфуза Расулмуҳаммедованинг ҳисоботи тингланди.

Депутатлик гуруҳи ташаббуси билан ташкил этилган эшитувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда таҳлил қилишга асосий эътибор қаратилди.

Шунингдек, мактабгача таълим тизими ёш авлод таълим-тарбиясида муҳим бўғин эканлигидан келиб чиқиб, партия депутатлик гуруҳи аъзолари эшитувга тайёргарлик кўриш доирасида ўз сайлов округларида тегишли иш олиб бордилар. Хусусан, жорий йилнинг II чораги мобайнида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Мактабгача таълим-кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳар Кенгашининг барча туман Кенгашлари миқёсида тузилган ишчи гуруҳлари иштирокида мактабгача таълим муассасалари ҳолати ва таълим сифати юзасидан ўрганишлар олиб борилган эди. Ишчи гуруҳининг маҳаллий Кенгаш депутатлари, туман Кенгашлари раислари ва партия фаолларидан иборат аъзолари томонидан мактабгача таълим муассасаларида болалар учун яратилган шарт-шароитлар, таълим-тарбия жараёнида мавжуд муаммоларни жамоатчилик ва депутатлик назорати тартибида ўрганишга эътибор қаратилди. Шунингдек, таълим муассасалардаги камчиликлар юзасидан мутасадди давлат органларига таклиф ва тавсиялар берилиб, партиянинг сайловолди дастуридаги устувор вазифаларни амалиётга татбиқ этилишига эришилди.

Мазкур лойиҳа доирасида партиянинг Миробод тумани Кенгашида ҳам самарали ишлар олиб борилди. Ишчи гуруҳ аъзолари саволнома асосида таълим муассасаларида мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаб, уларни бартараф этишга ҳаракат қилишди. Хусусан, Миробод туман Мактабгача таълим бўлими тасарруфида 26 та давлат мактабгача таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Туман Мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги МТМларда 37 ёшли болалар 8705 нафарни ташкил этади, қамраб олинган 37 ёшли болалар 6667 нафарни, қамраб олинмаган 3-7 ёшли болалар 1952 нафарни ташкил этиши маълум бўлди.

Эшитувда юқоридаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилиши муҳим вазифа этиб белгиланди.

Дилфуза Расулмуҳаммедова, Миробод туман Мактабгача таълим бўлими мудираси:

— Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги “Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 18 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг тизимидаги муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда туманда давлат-хусусий шерикчилиги асосида нодавлат МТМ тармоғини кенгайтириш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда. Бу эса келгусида ота-оналар ва болалар учун янада қулайлик ва кенг имкониятларни яратиб беради.

Айниқса, мактабгача таълим тизимида мактабга тайёрлаш сифатини яхшилаш мақсадида замонавий таълим дастурлари амалиётда қўлланмоқда. Хусусан, туманимиздаги 506-сонли боғчада “Замонавий услубчининг интеграцион ёндашуви” мавзусида семинарлар, интеграцион машғулотлар ўтказиб келинмоқда. Албатта, бундай амалий ишлар болаларга таълим-тарбия беришда, уларни ҳар томонлама интелектуал етук, баркамол авлод бўлиб улғайишларида муҳим ўринга эгадир.

Фарҳод Эшонқулов, халқ депутатлари Миробод тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Ўрганишлар хулосаси асосида туман Мактабгача таълим бўлимига депутатлик сўровини юборган эдик. Унга жавобан, мансабдор шахснинг ҳисоботини тинглар эканмиз, келтирилган маълумотларда туманда мавжуд мактабгача таълим муассасаларини ривожлантириш борасида тизимли равишда ишлар олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик. Шунингдек, бу борадаги ишларни янада жадаллашишида партия лойиҳаси ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлгани қувонарлидир.

Йиғилишда таъкидланишича, жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб, туман ҳудудида «TASHKENT pre-k SCHOOL» нодавлат мактабгача таълим муассасаси ўз фаолиятини бошлагани ота-оналар ва болаларнинг чексиз қувончига сабаб бўлди. Ҳозирда боғча маъмурияти 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган тарбияланувчиларнинг 55 нафарини ўз бағрига олган. Бу эса аҳоли учун яратилган яна бир қулайликнинг намунасидир. 1 июнь “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”да эса туман Мактабгача таълим бўлимида 2017-2018 йилнинг инвестиция дастури асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалда якунланиб, 164-сонли янги давлат мактабгача таълим муассасаси болажонлар ихтиёрига топширилди. Албатта, бундай имкониятлар эртамиз эгалари бўлган болаларнинг муносиб таълим-тарбия олишларида катта аҳамиятга эгадир.

Ҳисобот даврида туман Мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги муассасаларида тарбияланиб келаётган болаларга тўғри таълим-тарбия бериш, уларни ҳар томонлама интелектуал, баркамол ва етук инсонлар қилиб тарбиялаш, тизимда мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилашга қаратилган ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бундан кўриниб турибдики, бугун давлатимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор, уни ривожлантириш йўлидаги аниқ мақсад ва режаларнинг жойлардаги ижроси болалар камолоти ва халқ фаровонлиги йўлидаги эзгу амалларнинг намунасидир.

Депутатлар эшитув чоғида ушбу соҳада бир қатор фойдаланилмаган имкониятлар ва ишга солинмаган захиралар мавжудлигига эътиборни қаратдилар.

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ўрганишлар жараёнида олий маълумотли педагог кадрларга бўлган эҳтиёж 229 нафарни ташкил қилиши ҳамда 290, 345, 482, 489, 521-сонли МТМлар капитал таъмирга муҳтожлиги аниқланди. Ўрганишлар давомида депутатлар томонидан соҳа вакилларига муассасаларни малакали кадрлар билан таъминлаш борасидаги керакли тавсиялар берилди. Зотан, бундай саъй-ҳаракатларнинг замирида навқирон авлоднинг эртанги куни ва юрт келажаги турибти. Бу борада лойиҳанинг мақсад-вазифалари ҳали давомийдир.

Йиғилиш якунида ишчи гуруҳ аъзолари ва мутасадди ташкилотлар ўртасида ҳудуддаги мактабгача таълим муассасаларини янада ривожлантириш бўйича таклиф-мулоҳазалар билдирилди ва амалга ошириш лозим бўлган ишлар хусусида келишиб олинди.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Депутатлик гуруҳи: Мактабгача таълимнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари was last modified: Июнь 25th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »