Экстремизмга қарши курашишнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда

18 Июнь, 16:32 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 204 марта кўрилди • Комментариев к записи Экстремизмга қарши курашишнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида мамлакатимизнинг бугунги тараққиёт босқичида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун лойиҳалари депутатлар томонидан кенг муҳокама қилинди. Улар орасида бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти миқёсида долзарб аҳамиятга эга бўлган, кўплаб иллатларнинг авж олишига туртки бўлаётган   экстремизмга қарши курашишни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи қонун лойиҳаси ҳам бўлиб, мазкур ҳужжат депутатлар томонидан қабул қилиниб, маъқуллаш учун Сенатга юборилди.

Таъкидлаш жоиз, 2017 йилнинг 9 июнь куни Қозоғистон Республикасининг Остона шахрида бўлиб ўтган ШҲТ аъзо давлат раҳбарларининг навбатдаги саммитида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги Конвенцияси қабул қилинган эди.

Мазкур Конвенциянинг ижросини таъминлашга қаратилган Президент фармойиши асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Давлат хавфзсизлик хизмати томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда қонунчилик палатасига киритилди. Уни такомиллаштириш мақсадида лойиҳага масъул бўлган қуйи палатанинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, қонун ташаббускорлари ва масъул вазирлик ва идораларнинг вакиллари иштирокида тузилган Қўмита ишчи гуруҳининг бир нечта йиғилишлари ўтказилди ва уларда қонун лойиҳаси бўйича сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар муҳокама қилиниб лойиҳа маромига етказилди. Бундан ташқари қонун лойиҳаси юзасидан кенг жамоатчилик фикрини олиш мақсадида унинг матни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилди. Депутатларимиз томонидан биринчи ўқиш жараёнида билдирилган фикр ва мулоҳазалар ишчи гуруҳи томонидан муҳокама қилинди.

Хусусан, қонун лойиҳасининг таркибий тузилмаси қайтадан кўриб чиқилди. Яъни тақдим этилган лойида асосий урғу экстремизмга қарши курашиш бўйича мутасадди ташкилотларни белгилаш, уларнинг бу соҳадаги ваколатларини аниқлашга қаратилган эди. Бизнинг фикримизча, қонун лойиҳасининг асосий мақсади экстремизмга қарши курашиш масаласи иккинчи даражали бўлиб қолган эди.

Маълумки дунёда экстремизм таҳдидлари айниқса, сўнгги йилларда кучайиб бораётгани уларга қарши асосан куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаётганидан далолат беради. Бу борада кўп ҳолларда таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар билан эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинмоқда.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб ҳамда бой чет эл тажрибаси чуқур таҳлил қилиниши натижасида қонун лойиҳасида аввалом бор экстремизмни олдини олиш, уни профилактика қилиш масалаларига эътибор қаратилди ва иккинчи боб экстремизмга қарши курашиш бўйича ваколатли шахсларни белгилаш эмас, балки экстремизмга қарши курашиш чора-тадбирларига бағишланди.

Шунингдек, экстремизмнинг олдини олишга доир чора-тадбирлар белгиланган нормалар тамомила қайтадан кўриб чиқилди ва асосий урғу экстремизмга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда экстремизмга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш лозимлигига қаратилди.

Қонун билан нодавлат нотижорат ташкилотлари, махаллий хокимиятлар, ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролар экстремизмга қарши курашишга доир тадбирларда ўз ваколатлари доирасида ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этишлари белгиланмоқда.

Қуйи палата депутатлари томонидан қабул қилинган мазкур қонун шубҳасиз яқин келажакда мамлакатимизда шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини янада таъминлашга, конституциявий тузумни ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг тинчлиги, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлашга ҳамда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда экстремизмга нисбатан муросасизликни шакллантиришга хизмат қилади. Яна бир муҳим жиҳат, мазкур қонун экстремизм соҳасида қонунбузилишларни ўз вақтида олдини олиш, аниқлаш ва чек қўйишга, уларнинг оқибатларини бартараф қилишга, шунингдек жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга, шунингдек, умумэътироф этилган халқаро нормалар ва стандартларни амалга оширишга кўмаклашади.

Умиджон СУЛАЙМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Экстремизмга қарши курашишнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда was last modified: Июнь 18th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »