Илм аҳлининг ижтимоий ҳимояси кафолатланди

25 Июнь, 14:22 • Давра суҳбати, Қашқадарё вилояти, Янгиликлар • 57 марта кўрилди • Комментариев к записи Илм аҳлининг ижтимоий ҳимояси кафолатланди нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан Қарши давлат университетида “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда партия фаоллари, Қарши давлат университети профессор ўқитувчилари , Ёшлар Иттифоқи аъзолари, ҳамкор идоралар вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Кун тартибидаги долзарб мавзу юзасидан фалсафа фанлари доктори, ҚДУ профессори, партия фаоли Санжар Чориев маъруза қилди.

— Қонун лойиҳасини синчиклаб ўқиб чиқдим, -деди Санжар Чориев. -8 боб, 40 моддадан иборат ушбу лойиҳа кенг жамоатчилик  муҳокамасига қўйилаётгани бежиз эмас. “Фан тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасида илмий фаолиятни  давлат томонидан тартибга солиш принциплари ва қўллаб-қувватлаш шакллари аниқ-тиниқ белгилаб берилган. Шу билан биргаликда илмий ғоялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилувчи янги моддалар билан ҳам чуқурлаштирилган. Илмий тадқиқот муассасаларининг вазифалари ва функциялари, уларни самарали бошқариш, молиялаштириш, моддий техника таъминоти ва имтиёзлар, халқаро ҳамкорлик ва чет эл инвестицияларини жалб этиш, илмий кадрларга қўйилган замонавий талаблар, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси, фан, таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга оид қоидалар назарда тутилган. Менинг таклифим, бундан буён инновацион ғоя ва технологиялар ишлаб чиқаришга кенг қўлланиши керак. Қайсики давлатда фан ривожланса, ишлаб чиқариш суръати юқори бўлса, ўша юртда фаровонлик таъминланади.

— Янги қонунда яна бир эътиборли жиҳат шуки, илмий ва технологик  фаолият соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш тамойиллари, механизмлари кўрсатиб ўтилган, -деди Қарши давлат университети ўқитувчиси, партия фаоли Инобат Ражабова. — Менга қонуннинг яна бир маъқул бўлган томони, илм аҳлининг ижтимоий ҳимояси кафолатланганидир. Энди қонун кучга кирса, фан доктори ва докторлик даражасига эга бўлган давлат идораларининг ходими маоши солиқларни ҳисобга олмаган ҳолда, энг кам иш ҳақининг икки бараваридан уч бараваригача оширилади. Бундан ташқари ҳужжатда, давлат илмий ходимлари ва олий ўқув юртлари илмий ходимларининг 5 йил узлуксиз иш тажрибасига эга бўлган имтиёзли уй-жой билан таъминланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.

Шунингдек, давра суҳбатида Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси Рўйиддин Раупов сўзга чиқиб, ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва жамоатчилик муҳокамасига  қўйилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг ҳиссаси катта эканлигини  алоҳида қайд этиб ўтди.

Тадбирда университет олимлари билан биргаликда партиянинг Қарши шаҳар Кенгаши раиси Гулноза Раджабова, фаоллар Камол Одилов, Ражаб Жўраев, Бахтиёр Турдиевлар ҳам ўз маърузалари билан иштирок этиб, мамлакатимиз, халқимиз келажаги тараққиёти айнан шу инновацион ғоялар ва технологиялар, фан ривожи билан чамбарчас боғлиқ эканлигини эътироф этдилар. Қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан фикр мулоҳазаларини, таклифларини билдириб ўтдилар.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, шу ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга хизмат қилувчи бу каби қонунларни қабул қилишда самарали натижаларга эришилмоқда. Давра суҳбатида “Фан тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш ва изчил рўёбга чиқариш, олиб бораётган ислоҳотларимизни янада чуқурлаштиришда фаол иштирок этиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Камолиддин МУҲИДДИНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши

раиси ўринбосари

Илм аҳлининг ижтимоий ҳимояси кафолатланди was last modified: Июнь 25th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »