Инсон манфаатларининг ишончли кафолати

5 Июнь, 11:29 • Тадбир, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 70 марта кўрилди • Комментариев к записи Инсон манфаатларининг ишончли кафолати нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши мажлислар залида Ўзбекистон Судьялар Ассоциацияси Фарғона ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда “Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари – инсон манфаатларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам ва ишончли кафолати” мавзусида кенгайтирилган давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Судьялар Ассоциацияси Фарғона ҳудудий бўлинмаси аъзолари, Риштон тумани маъмурий суди раиси Зухра Эрматова, партиянинг вилоят, туман-шаҳар партия Кенгашлари ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги  партия депутатлари, “Аёллар қаноти” туман-шаҳар Кенгашлари етакчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Қайд этилганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси жамиятимизда қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни изчиллик билан давом эттириш, фуқароларнинг судга мурожаат қилиш ҳамда суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқларини янада кенгайтиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Мунира Хайдарова, Олтиариқ туман партия Кенгаши раиси:

— Бугунги тадбир биз қонун тарғиботчилари учун жуда фойдали бўлди. Жумладан, мен биргина саволим орқали миллий қонунчилигимизда мустаҳкам ўрин эгаллаган «Хабеас корпус» институти туб замирида ётган тамойиллар, дастлабки тергов босқичида суд назоратини кучайтириш ва мазкур соҳада суд фаолиятини либераллаштириш хусусида Ўзбекистон Судьялар Ассоциацияси Фарғона ҳудудий бўлинмаси вакилларидан керакли маълумотларни олдим.

Тадбирда маърузачилар томонидан таъкидланганидек, истиқлол йилларидан буён юртимизда суд-ҳуқук тизимини ислоҳ қилиш, жиноий жазони либераллаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, суд қарорлари ижросини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Нодирбек Каримов, Фарғона туман партия Кенгаши раиси:

— Жорий йилнинг 1 апрель кунидан эътиборан янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс ва Иқтисодий процессуал кодекси амалга киритилгани жамиятимиз ҳаётида тарихий воқеа бўлди. Дунёнинг тараққий этган давлатларининг илғор тажрибасини чуқур ўрганиш, ислоҳотлар жараёнида тўпланган бой тажрибамиз асосида ишлаб чиқлган ушбу ҳужжатлар ҳеч шубҳасиз, одил судлов самарадорлигини янада ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янги, замонавий механизмлар орқали кафолатли ҳимоя қилиш, судлар фаолияти шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашда ўта муҳим ўрин тутади. Бугунги мулоқотда ушбу кодекслар амалиётидан кўзланган асосий мақсад атрофлича очиб берилди.

Хулоса қилиб айтганда, бугун мазкур тизимда жорий этилаётган инсонпарвар ислоҳотлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқи ва эркинликларини одил суд орқали муҳофаза қилиш имкониятини янада кучайтиришга ва қўшимча кафолатлар белгиланишига, суд мустақиллиги ҳамда суд ҳокимиятининг таъсирчанлигини оширишга хизмат қилиши аниқ.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Инсон манфаатларининг ишончли кафолати was last modified: Июнь 5th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »