Истеъмолчи ҳуқуқлари ҳимояси йўлида

6 Июнь, 16:14 • Бухоро вилояти, Депутатлик гуруҳи, Янгиликлар • 99 марта кўрилди • Комментариев к записи Истеъмолчи ҳуқуқлари ҳимояси йўлида нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши ташаббуси билан партия вилоят Кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутати Ориф Эгамов, Бухоро шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари, Бухоро шаҳридаги “Кўксарой” МФЙ раиси Ҳурмат Ҳодиева ва фаоллари иштирокида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш” мавзусида МФЙда ўрганишлар олиб борилди.

Ўрганишлар давомида “Кўксарой” МФЙ аҳли электр энергияси, ҳудуддаги маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, савдо дўконлари фаолиятини ижобий баҳолашди. Ишчи гуруҳ фаолияти жараёнида билдирилган ижобий натижа ўз тасдиғини топди. Аммо… танганинг иккинчи томони ҳам бор. Истеъмолчини фақатгина электр энергияси ёки беминнат хизмат қилаётган савдо дўконлари фаолияти қониқтириб қолармикин… Албатта, йўқ. Кун фақатгина шулар билан давом этмайди-да! “Кўксарой” МФЙ ўзлари истиқомат қилаётган ҳудуддаги “Талча” ХУЖМ (хусусий уй-жой мулк) ширкати фаолиятини қаттиқ танқид остига олишди. “Йилиги 300 мингдан тортиб 700 ва ҳатто 800 минггача тўлаймиз-у, аммо нега ертўла талабга жавоб бермайди, иссиқлик энергиясида узилишлар кузатилади, уй томлари эса умумман ачинарли аҳволда”, — деб бот-бот такрорлашди. Шунингдек, ичимлик сувининг ҳам “бир аҳволда” эканлигини таъкидлашди. Ўрганишлардан аниқландики, ушбу “Талча” ХУЖМ (хусусий уй-жой мулк) ширкати собиқ раиси Аҳад Норов фаолиятига эътиборсизлик билан ёндашган. Истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари эса бузилган.

 “Кўксарой” кўчаси 51-уй, 41-хонадонда истиқомат қилувчи Азза Бараева истеъмолчи сифатида ҳуқуқлари ҳимоясиз қолганлигини айтиб, ертўланинг талабга жавоб бермаслиги сабаб хонадон деворлари таъмирталаб аҳволга келиб қолганини таъкидлади.

Ўрганишлар натижасида ишчи гуруҳ томонидан ширкатнинг янги раҳбари Собир Қурбоновга керакли тавсиялар берилди. Бухоро шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ҳуқуқий ҳимоя сектори мутахассиси Ашраф Носиров “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидан келиб чиққан ҳолда унинг аниқ вазифаларини тушунтириб ўтди. Аҳад Норовга эса қонунан тегишли тартибда чора кўрилиши айтиб ўтилди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Истеъмолчи ҳуқуқлари ҳимояси йўлида was last modified: Июнь 6th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »