Маҳаллий Кенгашларда: имкониятлар ишга солинса…

7 Июнь, 14:34 • Қашқадарё вилояти, Сессия, Янгиликлар • 35 марта кўрилди • Комментариев к записи Маҳаллий Кенгашларда: имкониятлар ишга солинса… нет

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенат аъзолари, вилоят ташкилотлари раҳбарлари, туман ҳокимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Анжуманда вилоят қишлоқ хўжалигида сувдан  оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш, ғўзада кафолатли ҳосил яратишнинг қўшимча чоралари тўғрисидаги масала муҳокама этилди.

Кун тартибидаги долзарб масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров  маъруза қилди.

— Муҳтарам Президентимиз раислигида жорий йил 29 май куни ўтказилган йиғилишда бошқа муҳим масалалар қатори қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш, ғўзадан кафолатли ҳосил яратиш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама этилган эди,- деди Наримон Умаров. -Бу борада жойларда қатъий ҳамда самарали депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш бўйича ҳам муҳим вазифалар юртбошимиз томонидан белгилаб берилди. Шунингдек, бугун анжуманда кўриб чиқилаётган масалани ҳам маҳаллий Кенгаш сессияларида муҳокама қилиш топшириғи берилган эди.

Тадбирда Наримон Умаров туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда тегишли ташкилот раҳбарларига қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби вазифаларни самарали ўтказиш мақсадида мамлакатимизда 1 июндан 1 июлгача “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” эълон қилинганлигини уқтириб, галдаги ишларни Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг юртимиз фермерларига Мурожаати асосида ташкил этиш юзасидан зарур кўрсатмалар берди.

Таъкидландики, вилоятдаги ҳар бир қишлоқ хўжалиги корхонаси, шу жумладан фермерлар кесимида, биринчи навбатда муҳим экин турларига етказиладиган сув миқдори ҳақида 90 кунга режалаштирилган жадвалларни ишлаб чиқиш, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш аҳволи ва ушбу жадвални халқ депутатлари туман Кенгашларига тақдим этиш лозим. Навбатлаб суғориш тизимида сув етиб бориши қийин бўлган фермер хўжаликлари ва ер майдонларини аниқлаб, ушбу пайкалларни биринчи навбатда суғоришни йўлга қўйиш ҳар томонлама фойдадан холи эмаслиги эътироф этилди.

— Бу йилги сув тақчиллиги сезилаётган ҳозирги шароитда ҳар беш гектар экин майдонига биттадан сувчининг рўйхатини шакллантириш ва уларнинг қанча майдондаги экинни суғорганлиги ҳамда қанча иш ҳақи олганлиги тўғрисида доимий мониторинг юритилишини таъминлаш керак, -деди Наримон Умаров. — Қишлоқ хўжалик экинларини асосан тунда суғоришни ташкил этиш ҳам муҳимдир. Бундан ташқари, ҳар бир фермер хўжалигининг даҳанаси бўйича сув ҳисоб-китобини йўлга қўйиш мақсадида дафтарлар ташкил этиш керак. 10 июнгача барча туманларда суғориш ишларини сифатли ташкил этиш бўйича кўргазмали амалий семинар ўтказиб, ҳар бир фермер хўжалигининг июнь-август ойларига сувга бўлган талабини электрон шаклда тайёрлаш зарур.

Сессияда долзарб масала юзасидан сўзга чиққанлар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, жамоат ташкилотлари, хусусан, “Маҳалла”, “Нуроний”, Касаба уюшмалари, Ёшлар Иттифоқи Кенгашлари вакиллари билан биргаликда машаққатли меҳнат ва катта харажат эвазига етиштириладиган ҳосилни тўла сақлаб қолиш мақсадида фермер хўжаликлари раҳбарлари ва ишчилари, сувчи ва механизаторлар, барча қишлоқ хўжалиги ходимлари ва мутасаддилари орасида сувдан оқилона фойдаланиш, оби-ҳаёт танқислигининг оқибатларини юмшатиш, ғўзада кафолатли ҳосил яратишнинг чоралари борасидаги тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш лозимлиги юзасидан мутасаддиларга аниқ тавсия ва топшириқлар берилди.

Анжуманда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

Маҳаллий Кенгашларда: имкониятлар ишга солинса… was last modified: Июнь 11th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »