Оилани мустаҳкамлаш йўлида

27 Июнь, 11:13 • Наманган вилояти, Янгиликлар • 182 марта кўрилди • Комментариев к записи Оилани мустаҳкамлаш йўлида нет

Мамлакатимизда жамиятнинг бошланғич ва муҳим бўғини ҳисобланган оиладаги ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки  барқарор ҳамда фаровон давлат тизимини барпо этиш ҳам кўп жиҳатдан шу масалага боғлиқлиги барчага аён.

Халқимизнинг миллий ва маънавий қадриятларидан келиб чиққан ҳолда оила институтини ривожлантириш, бу соҳада йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган бўшлиқни тўлдириш ҳамда муаммолар ечими юзасидан изчил иш олиб борилаётганлиги фикримиз далилидир.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мазкур ҳужжат асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ягона тизим сифатида ташкил этилгани, жойларда унинг вилоят бошқармалари, шаҳар, туман бўлимлари фаолияти йўлга қўйилгани диққатга сазовордир.

Эндиги асосий вазифа эса давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, парламент, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини Ўзбекистон оилаларини мустаҳкамлаш ягона ғояси атрофида бирлаштириш, фақат соғлом оила соғлом жамият устуни бўлиши тўғрисидаги тушунчани аҳоли онгига сингдиришдан иборатдир.

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Тўрақўрғон туман бўлими директори, халқ депутатлари туман кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Муқаддас Ахматова:

— Юқорида тилга олинган Фармон билан “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳузурида  оила психологияси, оила маънавияти, ёшларни турмушга тайёрлаш, соғлом ҳамда мустаҳкам оила барпо этиш, мухтасар  қилиб айтганда, оила соҳасидаги давлат сиёсатининг асослари бўйича мунтазам равишда билим, малака ва тажрибаларини ошириб борадиган ўқув курслари ташкил этиш кўзда тутилганди. Бу борада ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 20-26 июнь кунлари Наманган шаҳрида “Оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш”   мавзусидаги махсус ўқув курси ҳам шу борадаги эътиборга молик тадбирлардан биридир.

Ўқув курсини ташкил этишдан мақсад Фарғона водийсида оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштириш бўйича «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Наманган, Андижон, Фарғона вилоятлари туман ва шаҳар бўлимлари раҳбарларининг касбий билим, қобилият ва кўникмаларини оширишдан иборат бўлди. Шунингдек, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни ҳамда оила институтини мустаҳкамлаш, оиланинг репродуктив саломатлиги, демографик ривожланиши, фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатлар, шунингдек, замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда «Оила жамият ва давлат ҳимоясида» конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш каби бир қатор вазифалар ҳам диққат марказида бўлди.

Пойтахтдан келган олимлар ва мутахассислар раҳбарлигида  замонавий оилани ривожлантириш муаммолари, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятларни ўрганиш борасида махсус машғулотлар ташкил этилди.

Оила-никоҳ муносабатлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва халқаро тажрибани ўрганиш, оила институтини ривожлантириш ва унинг замонавий шаклини жорий этиш  бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Ўқув курси тингловчилари “Оиладаги низолар: омил, сабаб, ифодаланиш формалари, турлари, асоратлари ва олдини олиш йўллари”, “Ўсмирлик даврида психологик ва ижтимоий ўзгаришлар. Ўсмирларнинг репродуктив саломатлиги”, “Суицид ва уни олдини олиш йўллари. Оиланинг этнопсихологик ва этноҳудудий хусусиятлари” каби мавзулар ва муаммолар борасида маърузалар тингладилар.

Гуруҳларга бўлинган ҳолда ўтказилган баҳс-мунозаралар,   муаммоларни  аниқлаш  ва ечимларини топишга қаратилган машғулотлар ҳам қизиқарли кечди.

 Ўқув  курсини битирган иштирокчиларга  сертификатлар  топширилди.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши фаоли

 

 

Оилани мустаҳкамлаш йўлида was last modified: Июнь 27th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »