Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида янги қонун лойиҳалари муҳокама этилди

14 Июнь, 10:15 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 78 марта кўрилди • Комментариев к записи Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида янги қонун лойиҳалари муҳокама этилди нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг бир қатор янги қонун лойиҳалари муҳокама этилди. Хусусан, «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги; «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги; «Медиация тўғрисида»ги; «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги; «Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги; «Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 1877 ва 331-моддаларига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги; «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги; «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги; «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги; «Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликдаги ҳарбий ўқувларни ўтказиш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2007 йил 27 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги; Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида» Қонунига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақида»ги; «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги; «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги қонунлар лойиҳалари ва бошқа бир қатор лойиҳалар шулар жумласига киради.

Шу ўринда мазкур қонун лойиҳаларининг айримларига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман:

  1. «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси экстремистик фаолиятнинг олдини олишга қаратилган бўлиб, унинг қабул қилиниши шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, давлатимизнинг конституциявий тузумини ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқаролар тинчлигини, миллатлараро ҳамда конфессиялараро тотувликни сақлаш, экстремизм соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш, шунингдек жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш имконини беради.
  2. «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани тадбиркорлик субъектларини институционал ривожлантириш орқали такомиллаштиришга қаратилган.
  3. «Медиация тўғрисида»ги қонун лойиҳаси мамлакатимизда низоларни мустақил шахслар – медиаторлар иштирокида ҳал этишнинг муқобил усулларини ривожлантириш, судлар зиммасидаги юкни камайтириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган. Низоларни ҳал этишда медиация институтини қўллаш вақтни тежаш ҳамда фуқаролар, ташкилотларнинг, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг суд харажатларини қисқартириш имконини беради, низоларнинг судга қадар ҳал этилишини амалга оширишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратади.
  4. «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланилган ҳолда киритилган бўлиб, унда чилим ва электрон сигареталарни чекиш мумкин бўлмаган жамоат жойлари таркиби аниқлаштирилмоқда ҳамда чилим ва электрон сигареталарни чекишни реклама қилишни чеклаш ва тарғибот қилишни таъқиқилашга оид нормалар киритилмоқда. Шу билан бирга қонун лойиҳасида, жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга масъул шахслар ва уларнинг мажбуриятлари белгиланмоқда. Албатта, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекиш кенг тарқалишининг олдини олишга; чекмайдиган фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга; тамаки тутунидан заҳарланишни бартараф қилишга; чилим ва электрон сигареталарни чекилиши натижасида келиб чиқадиган касалликларнинг, шунингдек гуруҳ бўлиб чекиш оқибатида юқиш хавфи бўлган юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга хизмат қилади.
  5. “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхатларга мувофиқ алоҳида тоифадаги I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, жумладан, эркакларга – иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда; аёлларга – иш стажи камида 20 йил бўлган умумий белгиланган пенсия ёшини 5 йилга қисқартирган ҳолда имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия тайинлаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасида пенсиядан ортиқча тўланган суммаларни ундириш масаласига аниқлик киритилмоқда.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида янги қонун лойиҳалари муҳокама этилди was last modified: Июнь 14th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »