Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси – педагоглар муҳокамасида

29 Июнь, 20:17 • Наманган вилояти, Янгиликлар • 162 марта кўрилди • Комментариев к записи Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси – педагоглар муҳокамасида нет

Маълумки, шу кунларда мамлакатимизда кенг жамоатчилик вакиллари мутасадди вазирлик ва идоралар мутахассислари ва экспертларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини муҳокама қилмоқдалар. Мазкур жараёнда партиядошларимиз ҳам фаол қатнашмоқдалар. Яқинда “Адолат” СДП вилоят кенгаши томонидан Наманган давлат университети қошидаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказида ташкил этилган тадбир ана шу мавзуга бағишланди.

Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилояти Кенгаши раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Дилшод Болтабоев кириш сўзи билан очиб берди. У кейинги йилларда бошқа соҳалар қатори таълим йўналишида ҳам қатор жиддий ўзгаришлар амалга оширилганлигини таъкидлади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 100 га яқин қарор ва фармонлари қабул қилиниб, изчиллик билан амалиётга татбиқ этилаётгани ҳам фикримиз далилидир. Жумладан, ёш авлодга таълим-тарбия беришни янада такомиллаштириш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг жойлардаги бўлинмалари ташкил этилди. Айни пайтда тизимни малакали кадрлар билан таъминлаш, бунда давлат ва хусусий шерикликни йўлга қўйиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, 11 йиллик мажбурий мактаб таълими жорий этилди, ўрта махсус касб-ҳунар таълими эса мақбуллаштирилди. Университет ва институтларга қабул квоталари кўпайтирилмоқда, хориждаги нуфузли олий таълим муассасалари дипломларини нострификациялаш тизими соддалаштирилди, талаб юқори бўлган қатор соҳалар бўйича олий ўқув юртларида сиртқи бўлимлар ташкил этилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова:

— Касбим педагог бўлгани учун ушбу қонун лойиҳаси билан яқиндан танишиб чиқдим. Унинг диққатга сазовор жойлари жуда кўп. Келгусида шу асосда иш олиб борилса, таълим соҳаси албатта, тараққий этади. Бу эса мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади. Айниқса, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасига 36 та янги модда киритилганлиги эътиборга моликдир. Бир қатор янги нормалар — катта ёшдагилар таълими, махсус таълим, инклюзив таълим, давлат-хусусий шериклик, таълим соҳасидаги давлат назорати, таълим муассасаларининг ўзини ўзи баҳолаши, таълим соҳасида экспериментал ва инновацион фаолият лойиҳадан жой олганлиги эса унинг бугунги кун талабига мослигини билдиради. Шу ўринда қонуннинг амалдаги таҳририга киритилган ўттиздан ортиқ ўзгаришлар ҳам унинг янада мукаммаллик касб этишига кўмаклашади.

Шу билан бирга тадбирда сўзга чиққан марказнинг амалий математика кафедраси мудири Қамьарали Жзраев, педагогика ва психология кафедраси мудири Саодат Қозоқбоева, ўқитувчи Самияхон Неъматова ва бошқалар қонуннинг бир қатор моддаларини янада мукаммаллаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини изҳор этдилар. Уларнинг ҳаммаси ёзиб олинди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига юбориладиган бўлди.

Акбаржон МАНСУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши

иш юритувчиси

 

Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси – педагоглар муҳокамасида was last modified: Июнь 29th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »