Партия ташаббуси – амалда

2 Июнь, 15:34 • Наманган вилояти, Тадбир, Янгиликлар • 47 марта кўрилди • Комментариев к записи Партия ташаббуси – амалда нет

“Бор меҳримиз сенга, болажон” – ана шу шиор остида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Марказий аппарати ташаббуси билан ташкил этилган тадбир мамлакатимизнинг бошқа минтақалари каби Наманган вилоятида ҳам уюшқоқлик билан ўтди. Маълумки, мазкур беғараз донорлик акцияси  1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланганди.

 Тадбирни бошлашдан олдин партия вилоят кенгашида қисқача йиғилиш бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож инсонлар, хусусан, болаларга ёрдам кўрсатиш ҳар бир кишининг виждоний бурчи эканлигини таъкидлади. Айниқса, тиббиёт муассаларида даволанаётган ўғил-қизлар учун етарли миқдорда қон заҳирасини яратиш катта аҳамиятга эга эканлиги ҳаммага аён. Шунинг учун партия фаоллари, депутатлар, туман ва шаҳар кенгашлари ходимлари кичкинтой беморларга ёрдам кўрсатишни ўзларининг шарафли бурчлари деб ҳисоблашлари лозим.

  Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши иш юритувчиси Акбар Мансуров:

 — Халқимизда “Танаси бошқа дард билмас”, деган гап бор. Лекин бир марта хасталикка дучор бўлган инсон беморнинг ҳолатини яхши тушунадиган бўлиб қолади. Шунинг учун биз “адолатчи”лар ушбу акцияда фаол қатнашишга қарор қилдик. Бу билан ёш авлоднинг саломатлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшамиз, деб ўйлаймиз.

Чиндан ҳам акция партиядошларимизнинг юқори даражадаги фаоллиги билан ўтди. Соат миллари  эрталабки саккизни кўрсатмай турибоқ вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази ҳовлисига ўнлаб кўнгилли қон топширувчилар тўпланишди.

Дарвоқе, кўнгиллиларни тиббиёт марказида ишловчи сафдошларимиз кутиб олишди. Улар орасида шифохонанинг бўлим мудири, халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени нишондори  Иброҳимжон Абдуллаев ҳам бор эди. У қисқа суҳбат асносида шифохона жамоаси ёш авлод саломатлигини мустаҳкамлаш соҳасида олиб бораётган ишлар, бунга шу ердаги БПТ аъзолари қўшаётган салмоқли ҳисса ҳақида гапириб ҳам берди. Партиядошларимиз меҳмонларни марказнинг гемаатология бўлимига кузатиб қўйишди.

Орадан кўп ўтмай ўзларининг инсоний бурчларини бажариб, партия ташаббусига “лаббай” деб жавоб берган инсонлар бирин-кетин чиқиб келишди. Уларга “Адолат” СДП вилоят Кенгаши номидан самимий миннатдорчилик изҳор этилди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Партия ташаббуси – амалда was last modified: Июнь 4th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »