Партия ташаббуси билан жиззахлик ёшлар Шаҳрисабз шаҳрига саёҳат қилишди

5 Июнь, 09:47 • Жиззах вилояти, Янгиликлар • 93 марта кўрилди • Комментариев к записи Партия ташаббуси билан жиззахлик ёшлар Шаҳрисабз шаҳрига саёҳат қилишди нет

Жиззах вилоятида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалар фарзандлари, ички ишлар профилактика ҳисобида турувчи вояга етмаган ўспиринлар ҳамда фаол ёшларни бой тарихимизга, қадимий обидалар ва маданий меросимизга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида Жиззах вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилояти Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой  Жамияти Жиззах вилоят ташкилоти ҳамкорлигида Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрига саёҳат уюштирилди.

“Ватан келажаги – ёшлар қўлида” шиори остида ташкил этилган саёҳатда энг аввало, давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йилнинг 7 февралида қабул қилинган “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг Жиззах вилоятидаги ижросини таъминлаш ҳамда ўсиб келаётган ёш авлодни аждодларимиз қолдирган маънавий-маданий меросимиз билан таништириш, уларнинг қалбида тарихимизга бўлган қизиқиш, ҳурмат ҳиссини оширишдан иборат бўлди.

Мазкур қарорга асосан, дастур доирасида етим болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, ногиронлиги бўлган шахслар учун уларнинг умумий сонидан камида 20 фоизи қамраб олиниши таъминланган ҳолда – хайрия маблағлари, шунингдек, ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети кўрсаткичларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан туристик экскурсиялар ўтказилиши кўрсатиб ўтилган. Шу мақсадда уюштирилган саёҳатда 102 нафар ўғил-қизлар қадимий ва ҳамиша навқирон бўлган Шаҳрисабзнинг муқаддас қадамжоларига ташриф буюришди.

Ориф Шукуров, партиянинг Жиззах вилояти Кенгаши раиси:

— Жаннатмакон юртимизда сайр қилиш, тарихий обидаларимизни зиёрат қилиш энг катта бахтдир. Саёҳатимизни вилоят ёшлари иштирокида ташкиллаштирганимизнинг боиси ҳам, уларга улуғ бобокалонларимизнинг маънавий меросини таништиришдир. Бугун юртимиз ёшлари аждодларга муносиб ворис бўлиб улғайишмоқда. Бу каби саёҳатларимиз ёшларда ўзларига бўлган ишонч ва шижоатни янада оширади.

Саёҳат давомида осмон қадар бўй чўзган обидаларнинг безаклари, асори-атиқалар ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Дарҳақиқат, Шаҳрисабз жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган тарихий шаҳарлардан биридир. Ушбу қадимий шаҳар азал-азалдан таърифи етти иқлимга донг таратган, илм-маърифат ва маданият ўчоғи бўлган қутлуғ маскан.

Зафар Султоналиев, 10-умумтаълим мактаби ўқувчиси, иштирокчи:

— Шаҳрисабзга бўлган саёҳатимиз, мен каби тенгдошларим ҳаётида ҳам унутилмас хотираларга бой бўлди. Тарихий ёдгорликларни кўриш билан бирга, улар ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўлдик. Саёҳат давомида нафақат тасаввурларимиз кенгайди, балки билим даражамиз ҳам янада бойиди десам, янглишмаган бўламан. Бунинг учун “Адолат” партиясига ҳамда ташкилотчиларга рахмат, деймиз.

Албатта, бундай тадбирлар нафақат ёшларда инсоний фазилатларни шакллантиради, уларни эл-юртга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда  ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Достон ЗОКИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Партия ташаббуси билан жиззахлик ёшлар Шаҳрисабз шаҳрига саёҳат қилишди was last modified: Июнь 5th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »