Партиядошимиз – “Мард ўғлон” давлат мукофоти нишондори

30 Июнь, 17:45 • Наманган вилояти, Янгиликлар • 42 марта кўрилди • Комментариев к записи Партиядошимиз – “Мард ўғлон” давлат мукофоти нишондори нет

“Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида 1997-1998 йилда туғилган ўсмирлар ўртасида ўтказилган мамлакат биринчилигида Наманган вилояти вакиллари 19 та, шу жумладан, 5 та олтин медални қўлга киритдилар. Ўз вазн тоифасида ғолиб бўлганлар орасида Сарвар Муродуллаев ҳам бор”.

“Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида каратэ бўйича ўтказилган нуфузли халқаро турнир якунланди. Ушбу мусобақада Осиёнинг ўн етти мамлакатидан энг кучли каратэ усталари ғолиблик учун куч синашди. Халқаро турнирда 67 килограмм вазн тоифасида қатнашган ўзбек каратэчиси Сарвар Муродуллаев Индонезия, Хитой, Эрон ва Малайзия вакилларини мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди.”

“Мамлакатимиз каратэчилари Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида ўтган «Kamagata Cup» халқаро турнирида саккиз медални қўлга киритди. Мусобақанинг яккама-якка беллашувида Отабек Мамбетов, Азиз Ваққосжонов ва Сарвар Муродуллаев шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлса, қизлар ўртасида Мафтуна Тўрақулова ўз вазн тоифасида барча рақибаларини мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди.”

Наманган вилоятининг Чортоқ туманида туғилиб ўсган истеъдодли спортчининг ютуқлари ҳақидаги бундай хабарларни матбуот саҳифаларида тез-тез ўқиб туриш мумкин. Бугунги кунда у мамлакат терма жамоаси аъзоси, ана шундай нуфузли мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда. Бизни Сарвар бир неча йилдан бери Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси эканлиги ҳам ниҳоятда қувонтиради. У эришган ютуқлар барчамизни чексиз ғурурлантиради, албатта.

Айни пайтда Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг тўртинчи босқичида таҳсил олаётган Сарвар Муродиллаевнинг ҳаётида яқинда яна бир қувончли воқеа рўй берди. У Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 28 июндаги қарорига биноан “Мард ўғлон” Давлат мукофоти билан тақдирланди. У мазкур мукофотга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва иқтидори, ҳалол ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва юқори салоҳиятга эга, юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фидойи ва мард инсон бўлганлиги учун сазовор бўлди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Дилшод Болтабоев:

— Биз сафдошимизнинг юксак мукофотга муносиб кўрилганлигидан қувондик. Мен шахсан ўзим Сарварни бир неча йилдан бери яхши биламан. У “Ёш адолат”чилар қанотининг фаол аъзоларидан бири. Партия ташкилотларимиз ўтказадаиган турли тадбирларда қатнашади. Айниқса, ёшлар билан учрашувларга кўпроқ таклиф қиламиз. У ҳар сафар бундай учрашувларда бажонидил қатнашиб, йигит-қизларга ўзининг ўқиш ва спортдаги ютуқлари ҳақида сўзлаб беради. Уларни ҳам меҳнатда, ўқишда, жамоатчилик фаолиятида фаоллик кўрсатишга ундайди.

Шу ўринда кейинги пайтда Наманганда партиямиз сафига  ҳар жиҳатдан иқтидорли, нафақат вилоят, балки мамлакат миқёсида ҳам танилган кўплаб инсонлар анчагина қабул қилинганлигини таъкидлаш лозим. Улар орасида Ватанимиз байроғини турли спорт мусобақаларида, кўрик-танловлар, ижодий баҳсларда муваффақият қозонаётган ёшлар бор. Улардан бири Наманган давлат университети талабаси Кумуш Хўжаевадир.

— Мен Сарвар Муродуллаевни партиядаги биргаликдаги фаолият бўйича яхши танийман, — дейди у. — Кўп тадбирларда бирга қатнашамиз. Уни юксак мукофот билан чин дилдан қутлайман. Сафдошимизнинг ютуғи – бизнинг ютуғимиз. У ҳар бир партидошимизни ғурурлантирмай қўймайди.

“Мард ўғлон” Давлат мукофоти совриндори Сарвар Муродиллаев:

— Бугун ҳаётимдаги энг қувончли кунлардан бири. Давлатимиз раҳбарининг Фармонига кўра ана шу мукофот билан тақдирланганим албатта, мени янада кўпроқ изланишга, яхши ўқишга, спорт маҳоратимни оширишга даъват этади. Билдирилган ишончга муносиб бўлиш учун ҳамма имкониятни ишга соламан. Асосий мақсадим – Ўзбекистонимизнинг халқаро майдондаги обрўси ошишига муносиб ҳисса қўшиш. Бу билан партиядошларимни ҳам шод этишга эришган бўлардим.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши фаоли

Партиядошимиз – “Мард ўғлон” давлат мукофоти нишондори was last modified: Июнь 30th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »