Партиядошларимиз – кичкинтойлар ҳузурида

9 Июнь, 15:02 • Наманган вилояти, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 123 марта кўрилди • Комментариев к записи Партиядошларимиз – кичкинтойлар ҳузурида нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят ташкилотлари бутун Ислом олами учун муқаддас ҳисобланган  Рамазон ойини азалий анъана ва қадриятларимиз руҳида ҳар томонлама муносиб ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни изчил амалга оширмоқдалар. Бу борадаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 11 майдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилмоқда. Уларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган эзгу ғоялар, динимиз арконларини эъзозлаш, ҳозирги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига яхшилик қилишга, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Яқинда ана шундай тадбирлардан бири “Саховат – беназир қадрият” лойиҳаси доирасида Косонсой туманида бўлиб ўтди. Бир гуруҳ партиядошларимиз Чиндовул қишлоғидаги 30-мактабгача таълим муассасасига ташриф буюрдилар. Тадбирда вилоят кенгашининг раиси Исроил Жўраев ҳам иштирок этди.

30-мактабгача таълим муассасаси мудираси Нозима Исмоилова:

— Мана шундай улуғ айём кунларида  “Адолат” социал-демократик партияси вакилларини кичкинтойларимиз ҳузурида кўриб турганимиздан ниҳоятда хурсандмиз. Бу, мамлакатимизда ҳар томонлома етук ёш авлодни тарбиялаш бўйича олиб борилаётган ишлар кенг қулоч ёйганлигидан далолат беради. Тарбиячиларимиз меҳмонларга топширган совға-саломлари учун катта миннатдорчилик билдиришди. Болалар эса байрамга атаб шеър ва қўшиқлар айтиб беришди.

“Чўнгбош” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган мазкур муассасада 102 нафар ўғил-қиз тарбияланади. Тўғри, унинг биноси анчагина эски, бундан қарийб тўқсон йил аввал қурилган. Шуни ҳисобга олиб, уни келгуси йили бутунлай қайта қуриш режалаштирилмоқда. Аммо педагогик жамоа болаларга замонавий таълим-тарбия бериш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Бу йилдан бошлаб кичкинтойларга хорижий тиллар ҳам ўргатила бошланди.

Меҳмонлар иштирок этган  тадбирда инглиз ва рус тилларида ҳам шеър ва қўшиқлар янгради. Бу эса, педагоглар Дилдора Мақсудова ва Дилноза Бобохонова олиб бораётган сабоқлар натижасидир. Уларнинг бири болаларга Шекспир тилини, иккинчиси эса Пушкин каломини ўргатиб келмоқдалар. Бундан ота-оналар ҳам бениҳоя хурсанд. Чунки ким ўз фарзандини юқори даражада ривожланган интеллектуал инсон бўлиб етишишини хоҳламайди, дейсиз.

Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, муассаса тарбиячилари ўзларининг билим даражаларини оширишга алоҳида аҳамият берадилар. Ўтган йили Райҳона Юнусова Наманган давлат университетининг махсус сиртқи бўлимига ўқишга кирди, яқинда биринчи босқични битиради. Гуллола Умарова, Юлдузой Қаюмова, Нафиса Қорахонова ва Шаҳноза Каримова эса бу йил олий ўқув юртида сиртдан таҳсил олиш учун ҳужжат топширадилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП” Косонсой туман кенгашининг раиси Муроджон Жалилов:

— Биз мактабгача таълим муассасаси педагоглари билан ҳаммамиз учун эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи ҳисобланган муборак Рамазон ойининг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ҳақида батафсил суҳбатлашдик. Мулоқот жараёнида жамиятда ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашнинг аҳамияти катталиги яна бир бор таъкидланди. Айниқса, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, унинг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғояларини кенг тарғиб этиш, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш лозимлиги ҳам қайд этилди.

Худди шундай тадбирлар вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам ўтказилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Партиядошларимиз – кичкинтойлар ҳузурида was last modified: Июнь 9th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »