ШҲТ доирасида инновацион ҳамкорлик ривожланади

14 Июнь, 19:05 • Марказий аппарат, Муносабат, Муҳим хабарлар, Янгиликлар • 27 марта кўрилди • 1 комментарий к записи ШҲТ доирасида инновацион ҳамкорлик ривожланади

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлатлари билан гуманитар ва ижтимоий соҳаларда ўзаро муносабатларни кенгайтириш, ШҲТнинг савдо ва инвестиция фаолияти учун қулай муҳит яратиш борасидаги ҳаракатлари, минтақа мамлакатлари иқтисодини барқарор ривожлантириш ва мазкур мамлакатларда истиқомат қилаётган халқларнинг фаровонлигини янада ошириш мақсадидаги трансчегаравий, транспорт-коммуникация, инфратузилмавий ва ижтимоий лойиҳаларни ривожлантиришга доир ғоялар илгари сурилган.

Жорий йилнинг 9-10 июнь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Циндао шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги мажлиси ҳам партиямизнинг дастурий мақсадларига мослиги билан биз учун яна бир карра аҳамиятли бўлди.

Ушбу халқаро саммит илк бор “саккизлик” форматида бўлиб ўтгани ҳамда минтақавий ва халқаро аҳамиятига молик бир қатор долзарб масалаларни қамраб олгани билан тарихга муҳрланди.

Саммит доирасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида сўзлаган нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган долзарб таклиф ва ташаббуслар ҳозирда халқаро ҳамжамият ва экспертларнинг диққат марказида бўлиб турибди.

Жумладан, давлатимиз раҳбари ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режасининг истиқболлари хусусида тўхталар экан, ташкилот аҳолиси бирданига бир ярим миллиардга кўпайгани ҳамда унинг иқтисодий ва интеллектуал салоҳияти сезиларли даражада кенгайганини, Ҳиндистон ва Покистондек давлатларнинг ШҲТ фаолиятида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этиши кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун мутлақо янги имкониятлар яратишини эътироф этди.

Ш.Мирзиёев Марказий Осиё барқарорлиги ва тараққиётини таъминлаш ШҲТнинг асосий мақсадларига эришиш, унинг олдида турган вазифаларни ҳал этишда муҳим омил эканига эътибор қаратди.

Шу ўринда бизнинг партиямиз ҳам яқин қўшни давлатлар билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат юритаётган давлат сиёсатини маъқуллайди. Биз минтақамиздаги барча муҳим сиёсий, иқтисодий ва экологик муаммоларни ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, конструктив мулоқот ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида ҳал этиш тарафдоримиз.

Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, сўнгги йилларда яқин қўшниларимиз билан минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит шаклланди, қисқа вақт ичида минтақадаги ўткир муаммолар, жумладан, чегара, савдо, транспорт ва сувдан фойдаланиш масалаларини амалий ҳал қилиш йўлида анча катта марраларни босиб ўтилди.

Шу билан бирга, Афғонистонда тинчликка эришиш, унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти бўлиб қолаётгани қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев ШҲТ доирасида кўплаб натижаларга эришилганини эътироф этган ҳолда ташкилот доирасидаги шерикликни янада ривожлантириш учун ҳали ишга солинмаган улкан имкониятлар мавжудлигини қайд этди ва саммит иштирокчилари эътиборини бешта йўналиш бўйича долзарб масалаларга қаратди.

Жумладан, Президентмиз инновация дастурлари ва лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга даъват этгани биз учун аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбари ШҲТ доирасидаги шериклик юқори технологиялар, рақамли иқтисодиёт, муқобил энергетика ва замонавий тиббиётни ривожлантириши ва кенг жорий этишга қаратилиши лозимлигини таъкидлаб, ҳар йили ташкилотга аъзо мамлакатлар ҳукуматлари ва ишбилармон доиралари иштирокида Ахборот технологиялари ва инновацион ривожланиш форумини ўтказиш таклифини билдирди.

Дарҳақиқат, қайси бир давлат энг самарали инновациявий механизмга ва инновацияларни амалга оширишнинг ривожланган инфратузилмасига эга бўлса, айнан, жаҳон бозоридаги рақобат курашида муваффақиятга эришади. Ҳозирги кундаги илмий-техник тараққиётнинг бир қисми сифатида эътироф этиладиган илмий-техник инновациялар иқтисодиётни жонлантирувчи ва унинг рақобатдошлигини сақлаб қолувчи куч ҳисобланади.

Жаҳон тажрибаси барча соҳаларда сифатли ўсишни таъминловчи янгиликларни узлуксиз тарзда амалиётга кенг жорий этиш жамият ва иқтисодий ривожланишнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланганлигини кўрсатмоқда. Бугунги кунда ривожланишнинг инновацион моделлари ҳамда ақлли технологияларни амалиётга киритаётган мамлакатлар энг муваффақиятли ва барқарор ҳисобланадилар. Бундай мамлакатларнинг барқарор тараққиёти, жаҳон бозорларида рақобатбардошлиги табиий ресурсларни экспорт қилиш ва жисмоний меҳнатдан фойдаланишга эмас, балки инновацион ғоялар ва ишланмаларга асосланади.

Ўз иқтисодиётини модернизация қилган давлатлар қаторида биргина  Хитой тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, улар, энг аввало, инновацион ғоялар ва ечимлар, энг мукаммал техника ва технологиялардан фойдаланмоқда. Бунга биз жорий йилнинг 26-27 май кунлари ШҲТга аъзо давлатлар сиёсий партияларининг форуми доирасида Хитой Халқ Республикасига қилган сафаримиз давомида юқори технологияларга асосланган бир қатор йирик корхоналар фаолияти билан танишиш асносида бевосита гувоҳ бўлдик.

Мамлакатимизда ҳам юқори ўсиш суръатларини, макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ва иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини оширишда инновацион фаолиятнинг ўзига хос ўрни бор. Шундан келиб чиқиб, инновацион лойиҳалар ва технологияларни амалга татбиқ этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ва “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида ушбу йўналишда бир қатор устувор вазифалар белгиланиб, ушбу соҳада ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди.

Шу билан бирга, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг номи Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасига ўзгартирилгани ҳам бежиз эмас.

Таъкидлаш жоизки, “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўз Сайловолди дастурида модернизацияга асосланган янги иқтисодиёт ва янги технологиялар инсонга ва ижтимоий соҳага инвестиция киритиш вазифасини илгари суради. Партия мамлакат келажаги – инновацион иқтисодиётда, деб ҳисоблайди.

Бу соҳада биз, энг аввало, инновацион фаолиятнинг қонунчилик асосларини шакллантириш ва такомиллаштириш, уни рағбатлантириш механизмларига, инновацион соҳада интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва хўжалик айланмасига киритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келаяпмиз.

Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда партиямиз ташаббуси билан кўп йиллик тажриба ва тадқиқотлар натижасида ишлаб чиқилган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳозирда кенг муҳокама қилинмоқда. Ушбу қонун лойиҳаларини тезроқ такомилига етказиб, унинг қабул қилинишига эришиш бугунги кунда депутатлик корпусимизнинг олдида турган энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, биз учун ҳамиша давлатимиз ва жамиятимизда инновацион тараққиётни таъминлаш масаласи устуворлик касб этган ва шундай бўлиб қолади. Чунки биз интеллектуал қадриятлар, инновацион ғоялар, инновацион ечимлар ҳукмронлик қилаётган, жадал ривожланаётган бугунги дунёда давлат тараққиёти фақат янги фикр, янги ғоя, инновациялар, фан ва техниканинг янги ютуқлари ҳамда инсон капиталига таянамиз.

Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг инновация дастурлари ва лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга оид таклифи амалиётга татбиқ этилса ШҲТга аъзо давлатларнинг иқтисодий тараққиётига ҳамда минтақа халқларининг фаровонлигига хизмат қилиши шубҳасиз.

Наримон УМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

партия фракцияси раҳбари

ШҲТ доирасида инновацион ҳамкорлик ривожланади was last modified: Июнь 14th, 2018 by matbuot

ШҲТ доирасида инновацион ҳамкорлик ривожланади учун битта шарҳ

  1. Жўраев Муҳаммаджон:

    Албатта, илм-фан ривожисиз ҳеч қандай инновация бўлмайди, инновацияларсиз эса тараққиёт бўлмайди. Мамлакатимизда илм-фан, инновацион фаолиятни ривожлантириш борасида «Адолат» СДП бир мунча сезиларли ишларни амалга оширяпти. Унинг ҳуқуқий базасини такомиллаштиришда жонбозлик кўрсатяпти! Ана шундай эзгу ишларда «Адолат» СДПга куч-ғайрат тилайман!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »