Сув – оби-ҳаёт ва келажагимиз

5 Июнь, 17:16 • Депутатлик гуруҳи, Қашқадарё вилояти, Янгиликлар • 207 марта кўрилди • Комментариев к записи Сув – оби-ҳаёт ва келажагимиз нет

Жорий йилнинг 29 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида оби-ҳаёт тақчиллиги ҳар қадамда сезилаётган ҳозирги шароитда сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш, ғўзадан кафолатли ҳосил яратиш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама этилган эди. Шу мақсадда бугунимиз ва келажагимиз бўлган сувдан ҳар томонлама тежаб-тергаб фойдаланиш учун Қашқадарё вилоятидаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш ва муаммоларни ўз жойида бартараф этиш юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров бугун воҳанинг Нишон туманида бўлди. Вилоятдаги йирик Талимаржон сув омборининг 7-насос станцияси иш фаолияти билан яқиндан танишди.

— Вилоятда бу йил 514 минг гектар ер суғорилади, — деди Наримон Умаров. — Бунга йил бўйи 5-6 миллиард кубометр сув талаб қилинади. Қишлоқ хўжалиги экинлариннг вегетация даврида ана шу сувнинг атиги 0,8-1,5 миллиард кубометринигина Қашқадарё дарёси таъмин этади, эҳтиёждаги сувнинг асосий қисми Амударё ва Зарафшон дарёларидан келтирилади. Шу боис ушбу воҳанинг, айниқса, қишлоқ хўжалик экинларининг сув таъминотини яхшилаш ва уни вегетация ҳамда новегетация даврлари бўйича барқарорлаштириш мақсадида тўпланадиган оби-ҳаётнинг катта қисми Талимаржон сув омборида сақланади. Бу ерда сув иншоотлари жорий ва капитал таъмирланган. Эндиги вазифа вилоятдаги Талимаржон, Чимқўрғон, Пачкамар, Ҳисорак, Қамаши, Деҳқонобод каби сув манбаларидаги оби-ҳаётдан қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда тежаб-тергаб фойдаланишдир.

— Президентимиз видеоселектор йиғилишида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, оби-ҳаётни тўлиқ бошқариш ва тақсимотини амалга ошириш юзасидан аниқ топшириқлар бердилар, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров. — Айниқса, бу йилги ноқулай оби-ҳаво шаротида сувни тежайдиган технологиялардан жуда ўринли фойдаланиш талаб этилади, албатта. Қашқадарёда шу кеча-кундузда 20 минг километр ички суғориш тармоқлари мавжуд. Сув исрофгарчилигининг катта қисми ана шу жойларда содир бўлади. Ғўза майдонларини суғоришга тайёрлаш учун жўяклар олиниб, барча талаблар бажарилгандан сўнг талабнома асосида сув берилади бу йил. Агар белгиланган агротехник тадбирлар бажарилмаган тақдирда фермер хўжаликларига сув бериш тўхтатилади. Биз ҳозир Нишон тумани далаларида сув олиш тараддудини кўраётган фермер хўжаликлари пайкалларидаги суғориш тармоқларининг тозаланганлиги, гидротехник иншоотларни таъмирлангани ва ерларни суғоришга тайёрлиги ҳолатини мутахассислар иштирокида ўрганаяпмиз.

Дарҳақиқат, юртбошимиз алоҳида таъкидлаб ўтганларидек, қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим агротехник тадбирлар самарали ўтказилса, мавжуд экинлар ҳосилдорлиги кескин кўтарилади ҳамда жуда катта иқтисодий самарадорликка эришиш имконияти яратилади. Сув тақчил бўлган бу йилги шароитда воҳа фермерларига оби-ҳаёт навбатлаб берилиши ва суғоришни икки сменада ташкил этиш юзасидан аниқ чора тадбирлар белгилаб олинаётир. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров бошчилигида вилоятда қатъий ҳамда самарали депутатлик ва жамоатчилик назорати таъминланаяпти.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Сув – оби-ҳаёт ва келажагимиз was last modified: Июнь 5th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »