Таълим ва тарбия уйғунлиги йўлида улкан ислоҳот

18 Июнь, 15:10 • Муносабат, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 63 марта кўрилди • Комментариев к записи Таълим ва тарбия уйғунлиги йўлида улкан ислоҳот нет

Мактабгача таълим соҳаси узлуксиз таълим тизимининг бирламчи бўғини ҳисобланиб, у ҳар томонлама соғлом ва баркамол бола шахсини тарбиялаш ва мактабга тайёрлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида ёндашиб, бу тизимни чуқур таҳлил қилиб, шу пайтгача назардан четда бўлган энг кичик жиҳатларигача эътибор қаратмоқдалар.

Мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларини давлат томонидан бошқаришнинг самарали тизимини яратиш ҳамда унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, малакали педагог-кадрларни тайёрлаш масалаларини амалга ошириш мақсадида,  сўнгги йилда қабул қилинган қатъий чора-тадбирлар натижасида Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг жойлардаги ҳудудий бўлинмалари ташкил қилинганлиги бежиз эмас, албатта. Шу ўринда муҳтарам юртбошимизнинг қуйидаги фикрларини келтириш жоиздир: “Болалар тарбияси жараёнига ўз ишини пухта биладиган, малакали ва ҳар бир болага индивидуал ёндаша оладиган педагог-кадрларни жалб қилган ҳолда, уларни гўдаклигидан онги ва тафаккурини тўғри шакллантириб бормасак, келажакда юксак савия, билим ва маънавиятга эга бўлган баркамол авлодни тарбиялаш қийин бўлади”.

Дарҳақиқат, бугунги кунда халқнинг бой интелектуал мероси ва умумбашарий қадриятлар, замонавий маданият, иқтисодиёт, фан-техника ва технологияларнинг ютуқлари асосида кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизимини шакллантириш Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти эканлигига амин бўлдик ва бу Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади ва ҳаракатлантирувчи кучи эканлигини барчамиз ҳис қилиб турибмиз.

Бугунги кунда мактабгача таълим тизимида олий маълумотли педагог кадрлар, жумладан, тарбиячи, дефектолог, психолог, мусиқа раҳбарларига эҳтиёж жуда юқори. Йиллар давомида ушбу соҳага умуман эътибор қаратилмаганлигини вилоятимиздаги биргина Нуробод тумани мисолида келтиришимиз мумкин. Ушбу туманда мактабгача ёшдаги болалар 12 мингдан зиёд бўлишига қарамай бор-йўғи 5 та мактабгача таълим муассасаси фаолият олиб бориб, унда 555 нафар болалар тарбияланмоқда, холос. Мавжуд мактабгача таълим муассасаларининг педагог кадрлар билан таъминланиши, моддий-техника базаси, тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳам ҳаминқадар.

Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш, болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида ўтган қисқа вақт мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги фармон ва қарорлари, шунингдек, “Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган Дастури ҳамда республикада мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” асосида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилмоқда.

Муҳтарам юртбошимиз томонидан 2018 йил 5 июнда имзолаган “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса айни муддао бўлди десак янглишмаймиз. Чунки давлат мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагог кадрларнинг аксарияти ўрта махсус маълумотга эга бўлиб, бу болаларни мактаб таълимига талаб даражасида тайёрлаш имконини бермайди. Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасаларидаги таълим жараёнининг сифати ва самарадорлигини баҳолаш замон талабларига жавоб бермайди.

Ушбу қабул қилинган қарор эса айни пайтда ўрта махсус маълумотли тарбиячилар учун катта имконият эшигини очди. Чунки қарорга асосан  2018-2019 ўқув йилидан бошлаб алоҳида таълим йўналишлари бўйича ўқиш муддати камида уч йил бўлган бакалавриат ҳамда камида бир йил бўлган магистратура жорий этилди. Бу эса энди нафақат шаҳар марказларида, вилоятимизнинг чекка-чекка туманларида ҳам болажонларимизга олий маълумотли, чуқур билимга эга бўлган тарбиячилар таълим-тарбия беришига имкон беради.

Феруза МАХМУДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд шаҳар Кенгаши фаоли

Таълим ва тарбия уйғунлиги йўлида улкан ислоҳот was last modified: Июнь 18th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »