Тўйларни меъёрида ўтказишга ҳар биримиз масъулмиз

13 Июнь, 10:47 • Муносабат, Хоразм вилояти, Янгиликлар • 15 марта кўрилди • Комментариев к записи Тўйларни меъёрида ўтказишга ҳар биримиз масъулмиз нет

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев тўйларни тартибга келтириш, уларни ихчамлаштириш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик, миллий анъаналарни асраган ҳолда тарбиявий таъсир кучини ошириш вазифасини энг долзарб вазифа қилиб белгилаб берди.

Ҳаммамизга маълумки, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-ҳаражатлар минглаб оилаларни моддий аҳволини ёмонлашувига, уларнинг қарз ва ғам-ташвиш ботқоғига ботишига, энг асосийси маънавий муҳитнинг бузилишига олиб келмоқда. Шунинг учун ҳам маҳалламизда қўпни кўрган нуроний отахон ва онахонлар бош бўлиб, тўйларни ихчам, камчиқим, оддий тарзда ўтказиш бўйича ишлар бошланиб кетди.

Маҳалланинг обрў-эътиборли кишилари, имом-хатиблар, кенг жамоатчилик иштирокида тўйларни ихчамлаштириш бўйича қилинадиган ишларни режалаштириб олишди. Халқимизда маслаҳатли тўй тарқамас деган мақол безиж айтилмаган. Тўй қилмоқчи бўлган одам нуронийлар билан маслаҳатлашса, уларнинг фикрини билса, ортиқча даҳмаза-ю, харажатларга хожат қолмайдиган бўлар эди.

Маҳалламизда тўйларни ихчамлаштириш бўйича ўтказилаётган тарғибот тадбирлари жуда катта самара бермоқда. Ҳар бир кўчанинг кўчабошилари, уйбошилар, фаоллар, аёллар билан ишлаш мутахассислари томонидан олиб борилаётган ташвиқотлар, ота-оналар ва ёшлар билан ўтказилаётган суҳбатлар яхши натижа бермоқда. Куёв ва келин фақат бир-бирига дахлдор ахлоқий меъёрлардан хабардор бўлиши, улар миллатимиз давомчилари сифатида миллий қадрятларни сақлашга масъул эканликлари тушинтириб борилмоқда.

Мамлакатимизда долзарб мавзуга айланган тўй-хашамларни ихчамлаштириш масаласи бизнинг маҳаллада ҳам самарали бошлаб юборилди. Жумладан, фаолларимиз ҳар бир оилага кириб чинаккам оилавий бахт дабдабали тўй қилиш, қизнинг қанча сеп билан келиши ёки ўғилларнинг бой-бадавлат оилага куёв бўлиши билан эмас, аксинча келиннинг оила деб аталмиш гўшага файз кирита олиши, ўзидан соғлом фарзанд дунёга келтириши, йигитларнинг эса масъулияти, оталик бурчи экани тўғрисида тушинтириш ишлари олиб борилмоқда.

Тўғри, бу ҳаракатларимизни биров яхши, биров эса ёмон кутиб олмоқда. Минг одамлик тўй қилишга қурби етадиган  оила боши ҳам ажабланади, ҳам эътироз билдиради. Унга тушинтирмоқчи бўлсангиз эшитишни истамайди. Аммо катта тўй қилишга қурби етмаган оилалар давлатимизнинг бу дастуридан жуда мамнун эканини билдиришмоқда. “Президентимизга раҳмат, тани-жони соғ бўлсин” деб дуо қилишмоқда.

Бир пайтлар маъракаларни тартибга солишда ҳам бир оз қийинчиликлар бўлган эди. Мана ҳозир ҳаммаси изга тушиб кетди.

Шунингдек, келин олиб келиш маросимларида тўй эгалари томонидан автотранспорт воситаларининг меъёрдан кўплиги йўлнинг тирбандлигига ҳамда йўл транспорт ходисаларининг содир бўлишига сабаб бўлар эди. Бу муаммоларни олдини олиш мақсадида маҳалламизда ҳар пайшанба кунини “Жиноятчиликнинг олдини олиш куни” деб белгиланди. Шу куни Йўл патрол хизмати ходимлари билан ҳамкорликда маҳалла гузарида фуқаролар билан давра суҳбатлар ташкил этилиб, тушинтириш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда маҳалла фуқаролар йиғинимиз томонидан тўй эгаларига келин олиб келиш маросимига фақат иккита машинага хайдаш учун рухсатнома берилиши йўлга қўйилди. Олиб борилаётган ишлар натижасида маҳалла ҳудудидаги тўйлар жараёнида жорий йилда биронта ҳам йўл транспорт ходисаси содир қилинмади.

Мухтасар айтганда, Президентимизнинг тўйлар, оилавий тантаналар, турли маросимларни ўтказишда дабдабабозликка барҳам бериш, тўй маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик, маҳалламизнинг тинч ва осойишта ҳар бир кунини кўз қарочиғидай асраш тўғрисидаги фармони фаолиятимизда дастуриламал бўлди.

Тохир ЖУМАНИЁЗОВ

Урганч шаҳар “Навбаҳор” МФЙ раиси,

партия фаоли

Тўйларни меъёрида ўтказишга ҳар биримиз масъулмиз was last modified: Июнь 14th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »