Учқўрғонда сессияга масала киритилди

21 Июнь, 10:18 • Наманган вилояти, Сессия, Янгиликлар • 154 марта кўрилди • 1 комментарий к записи Учқўрғонда сессияга масала киритилди

Яқингача Ўзбекистон “Адолат” СДП Учқўрғон туман кенгаши Наманган вилояти партия ташкилотида қатор йўналишлар бўйича ўртамиёна кўрсаткичлар билан кифояланиб келарди. Бироқ кейинги пайтда бу ерда аста-секин ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. Масалан, партия аъзолари сафи кенгайиб, эндиликда 1800 кишини ташкил этмоқда. Шу йил бошидан бери яна 200 нафар маслакдошимизга партия билетлари топширилди. Натижада бадал тушумлари ҳам кўпая бошлади. Ўтган йил якунлари бўйича учқўрғонликлар бу соҳада вилоят бўйича биринчи бўлдилар.

Туман кенгаши фаолиятининг такомиллашувига қайсидир жиҳатдан бу ерда янги кадрлар иш бошлагани ҳам сабаб бўлди. Акрам Тошбоев раис ва Маҳмуда Шодмонова референт бўлганларидан кейин фаоллар ёрдамида аввал йўл қўйилган хатолар атрофлича таҳлил этилди. Уларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди ва амалга оширишга киришилди.

Маҳмуда Шодмонова, “Адолат” СДП Учқўрғон туман кенгашининг референтии:

— Яқингача партиямизнинг халқ депутатлари туман кенгашидаги фаолиятини ишимиздаги энг бўш бўғин дейиш мумкин эди. Чунки аввалги сайловда атиги бир номзодимиз депутатлик ўрнини эгаллаган эди. Шунинг учун бу масалада фаолларни жалб қилишга қарор қилдик. Вилоят кенгашидан ҳам ёрдам сўрадик. Раис ўринбосари Баҳодир Болтабоев бизга бириктирилди. Аста-секин бу борада ҳам вазият ўзгара бошлади.

Буни яқинда халқ депутатлари туман кенгаши сессияси кун тартибига “Умумтаълим мактабларида ижтимоий тенглик масалалари ҳолати” мавзуида масала киритилганлигидан ҳам билиш мумкин. Мазкур мавзуни ўрганишда партиямизнинг “Мактабда ижтимоий тенглик масалалри” лойиҳаси асос қилиб олинди. Ўрганишда халқ депутатлари туман кенгашидаги депутатимиз Насрулло Турсуновга фаолларимиз, вилоят кенгаши ходимлари ҳам камарбаста бўлдилар. Бизга апрель ойида парламент аъзолари билан биргаликда тумандаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни ўрганишда қатнашган Олий Малис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси вакили Шуҳрат Якубов ҳам ёрдамлашди.

Аниқланишича, тумандаги айрим мактабларда дарсликлар етишмайди. Ўқитувчилар учун услубий қўлланмаларнинг камлиги ҳам таълим-тарбия ишларини юқори даражада ташкил этишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Ёш педагогларнинг билим ва салоҳияти кўнгилдагидай эмаслиги эса олий таълим муассасаларининг фаолиятида камчиликлар борлигидан далолат бермоқда. Деярли барча фанлар бўйича кўргазмали воситалар ва мультимедиа ашёлари озлиги ҳам қийинчиликлар келтириб чиқармоқда.

Ижтимоий тенглик масалаларининг ҳолатини ўрганиш учун аҳоли истиқомат жойларида ижтимоий сўровлар ҳам ўтказилди. Унинг натижалари таҳлил этилганда айрим мактабларда синф жамғармаси, хоналарни жиҳозлаш, турли тадбирлар ташкил этиш учун ота-оналардан пул йиғиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланди. Баъзи ўқувчилар кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлгани учун бундай “йиғди-йиғдилар” ижтимоий тенгликка путур етказаётганини билдирдилар.

“Адолат” СДПдан халқ депутатлари туман кенгаши депутати Насрулло Турсунов ўз маърузасида мактабда ижтимоий тенглик масаласини ҳаққоний ва батафсил ёритиб бергани сессия қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Улар ҳам мавзу юзасидан жуда кўп фойдали фикр-мулоҳазалар билдирдилар. Уларнинг барчаси ҳисобга олинди ва сессия қарорида мутасадди ташкилотлар раҳбарлари учун долзарб вазифалар сифатида белгилаб берилди. Энди партиядашларимиз сессия қарорининг бажарилишини ҳам назоратга олиб, йил якунига кўра унинг ижроси бўйича ахборот тайёрлашга келишиб олдилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Учқўрғонда сессияга масала киритилди was last modified: Июнь 21st, 2018 by matbuot

Учқўрғонда сессияга масала киритилди учун битта шарҳ

  1. Ильяс:

    Яхши масала киритилибди

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »