Устозлари улуғланган юрт

20 Июнь, 16:10 • Муносабат, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 194 марта кўрилди • Комментариев к записи Устозлари улуғланган юрт нет

Айни кунларда давлатимиз раҳбарининг “Халқ таълими тизимидаги педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилинмоқда. Унга кўра, ўқитувчиларнинг нуфузини янада ошириш ҳамда уларни ёшларга намуна ва ўрнак даражасига кўтариш мақсадида қатор чора-тадбирлар режаси кўрсатиб ўтилган.

Қарор лойиҳасида таълим вакилларига янада қулайлик яратиш мақсадида энг яхши фан ўқитувчиларини хорижга малака оширишга юбориш, педагогларни давлат мукофотларига тавсия этиш салмоғини ошириш, тармоқда мукофотлар сонини кўпайтириш, 1 йилда бир маротаба кенг қамровли бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, санаторий-соғломлаштириш муассасаларида дам олишлари кўламини кенгайтириш каби муҳим жиҳатларга эътибор қаратилган. Албатта, бу каби имкониятлар нафақат педагогларга енгиллик яратади балки, таълим тизимида катта ўзгаришлар бўлишига ҳам замин яратади.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз мустқалликка эришган илк йиллардан бошлаб, бугунги кунга қадар тизимда узлуксиз ислоҳотлар олиб борилмоқда. Мазкур қарор лойиҳаси ҳам анашу эзгу амалларнинг давомидир десам, муболаға бўлмайди. Таъбир жоиз бўлса, аниқ ишонч билан айтишим мумкинки, мамлакатимизда таълимнинг барча босқичларида ўқитиш сифатини, шарт-шароитни яхшилашга, эртанги кунимизнинг ишончи бўлган ёшларга қаратилаётган эътиборни, ҳеч бир давлатдан топиб бўлмайди. Чунки бугунги кунда юртимизда ўқитувчи-мураббийларга берилаётган имкониятлар, уларнинг эъзозланиши, машаққатли ва шарафли касбларидан қадр топишида давлатимиз ғамхўрлигининг ўрни беқиёс. Эндиликда хориждаги ҳамкасбларимиз Ўзбекистонга келиб, биз билан тажриба алмашишмоқда. Бу ҳам бўлса, уларнинг юртимизга, таълим соҳасидаги жараёнларга, ўқитувчиларнинг салоҳиятига бўлган қизиқишларидан даракдир.

Қарор лойиҳасининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларининг юқори синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақлари 24%га, бошланғич синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақлари эса 10%га оширилиши кўрсатиб ўтилган. Албатта, давлатимиз томонидан педагогларга берилаётган бундай эътибор ҳозирданоқ, халқ таълими вакилларининг чексиз қувончига, соҳасига бўлган меҳрни янада ошишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, ҳар бир ўқитувчининг зиммасига болаларни бундан-да ортиқ севишга, таълимнинг кейинги босқичига етук, билимдон кадрларни тайёрлаб беришга, ўз устида кўпроқ ишлашга, касбига фидойилик ва масъулият билан ёндашишг масъулиятини юклайди.

Таълим тизимида 30 йиллик тажрибага эга педагог раҳбар ҳамда депутат сифатида айтишим мумкинки, қуйи босқичларда ўқитишнинг сифат даражасини оширишга, унда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишга, ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатини улуғлаш, уларнинг “Устоз” деган мўътабар номларини кўкларга кўтариш борасида аниқ саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани таҳсинга лойиқдир.

Партиянинг сайловолди дастурида ҳам таълимга инновацион технологияларни олиб кириш, замонавий андозалар асосида ўқитишнинг янги кўринишларини жорий қилиш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш, инновацион фаоллигини ошириш, уларнинг фаолиятини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида қатор вазифалар белгилаб ўтилган. Кўриниб турибдики, қарор лойиҳаси ва сайловолди дастуримиздаги мақсадларнинг уйғунлашуви партиямиз электоратидаги педагог депутатларнинг зиммасига улкан режалар ва бу йўлда фидокорона меҳнат орқали аниқ натижаларга эришишни талаб қилади.

Шунингдек, қарор лойиҳасида таълим муассасаларининг ўқув-тарбия жараёнига шахсий ҳисса қўшаётган, ўз касбига содиқлик ва ташаббускорлик, юқори касб даражасини намоён этаётган, ўқувчилари ҳудудий, республика ва халқаро миқёсдаги турли фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган педагог кадрларга энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробаридан 20 баробаригача миқдорида бир марталик моддий рағбатлантириш тартиби жорий этилиши кўзда тутилган.

Албатта, қарор лойиҳасидаги ўқитувчи-педагогларга берилаётган бу каби қулайликлар, таълим тизимининг бугуни ва эртаси янада мустаҳкам бўлишида муносиб кўприк вазифасини ўтайди. Зеро, устозлари улуғланган юртнинг келажаги ҳам буюкдир.

Мавлуда БЕРДИҚУЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Халқ депутатлари Паркент тумани

Кенгаши депутати

Устозлари улуғланган юрт was last modified: Июнь 21st, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »