Ўзбекистон-ШҲТ: тинчлик ва тараққиёт йўлидаги самарали ҳамкорлик

12 Июнь, 10:13 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 109 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзбекистон-ШҲТ: тинчлик ва тараққиёт йўлидаги самарали ҳамкорлик нет

Маълумки, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замоннинг долзарб муаммоларини ҳал қилишда, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашда катта ҳисса қўшиб келаётган нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади. 1996-1997 йиллари «Шанхай бешлиги» номи билан ташкил этилган ҳамда 2001 йили Ўзбекистоннинг аъзо бўлиб киришидан сўнг «Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти» номини олган мазкур ташкилотнинг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, таълим, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳалардаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат. Бундан ташқари, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва сепаратизм каби “учта ёвузлик”ка қарши биргаликда курашиш ҳам ташкилотнинг асосий вазифалари сирасига киради.

Ўтган 17 йил ичида у нуфузли давлатларарo тузилма сифатида халқарo майдoнда ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлди. Халқарo ва минтақавий вазиятда жиддий ўзгаришлар рўй бeраётган бир шарoитда ШҲТ ўзини кўп тoмoнлама ҳамкoрликнинг самарали мeханизми сифатида намoён этмоқда. Қисқа давр ичида Ташкилoт салмoқли шартнoма-ҳуқуқий базага эга бўлди; институциoнал жиҳатдан шаклланди; тузилмавий органлари ташкил қилиниб, уларнинг барқарoр фаoлияти йўлга қўйилди.

Ўтган давр мoбайнида ШҲТга аъзo давлатлар ўртасида ўзарo ишoнч ва аҳил қўшничилик мунoсабатларини мустаҳкамлаш, икки ва кўп тoмoнлама асoсда савдo-иқтисoдий, ижтимoий-сиёсий, илмий-тeхникавий, маданий-гуманитар сoҳаларда самарали ҳамкoрликни ривoжлантириш, минтақада тинчлик ва oсoйишталикни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва барқарoрликни таъминлаш йўлида салмoқли ишлар амалга oширилди.

ШҲТга аъзо давлатлар сони ҳам кенгайиб, у эндиликда “олтилик”дан “саккиз”ликка айланди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ташкилотнинг ҳозирги “саккизлик”ка ўтишида, яъни Ҳиндистон ва Покистоннинг ШХТга аъзо-давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги тегишли меморандумлар ташкилотнинг 2016 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган саммит мобайнида имзоланган эди.

ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг куни-кеча Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги cаммити якунлари ушбу ташкилот замонавий халқаро муносабатлардан мустаҳкам ўрин олганлигини яққол намоён этди. Хитой Халқ Республикаси раислигида ўтган мазкур саммитда ШҲТ аъзо давлатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, терроризм, диний экстремизм, наркотик моддалар ва қурол-яроғ контрабандасига қарши биргаликда курашиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Саммит ишида мамлакатимиз  раҳбари Ш.М.Мирзиёев ҳам иштирок этиб, ўз нутқида бир қатор муҳим масалаларни ҳамда ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада кўпайтиришни таъминлаш учун экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш тартибларини соддалаштириш, давлат-хусусий шериклик асосида агросаноат кластерларини янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб бериш мақсадида “яшил коридорлар” тармоғини кенгайтириш, ШҲТга аъзо давлатларнинг транспорт-транзит имкониятларидан самарали фойдаланиш, юқори технологиялар, рақамли иқтисодиёт, муқобил энергетика ва замонавий медицина соҳаларида инновацион дастурларни ҳамкорликда амалга ошириш масалаларига Президентимиз нутқида алоҳида эътибор қаратилди.

“Жорий йил бошидан Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар, унинг кузатувчилари ва шериклари билан савдоси ҳажми ўттиз фоиздан зиёд ошди. Лекин бу мавжуд имкониятларимизнинг чеки эмас. Бизнинг фикримизча, товар айирбошлашни янада ўстириш учун экспорт-импорт тартиб-таомилларини соддалаштириш керак”, деб таъкидлади Президентимиз.

“Шунингдек, биз давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида агросаноат кластерларини шакллантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришда “яшил йўлаклар” тармоғини кенгайтириш тарафдоримиз”, — дея алоҳида таъкидлаб ўтди мамлакатимиз раҳбари.

Умуман, Циндао саммити жуда самарали якунланди: жами 17 та расмий ҳужжат  қабул қилинди. Жумладан, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномани амалга ошириш бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси, шунингдек, ШХТга аъзо давлатларнинг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш бўйича 2019-2021 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик Дастурининг тасдиқланиши  мазкур саммитнинг амалий аҳамиятини янада оширди.

Ушбу ҳужжатлар орасида айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифга кўра қабул қилинган ШҲТга аъзо-давлатлар раҳбарларининг ёшларга Қўшма мурожаатида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар Дастурининг ҳам борлиги мамлакатимизнинг ёшлар масалаларига нечоғлик катта эътибор қаратаётганлигидан далолат беради.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз раҳбари сўнгги икки йилдан буён жаҳон ҳамжамияти эътиборини ўсиб келаётган ёш авлоднинг турли бузғунчи ғоялар ва радикал гуруҳларга қўшилиб кетиши олдини олишнинг аниқ чораларини қўллашга, асосий эътиборни маърифатга, ёшларнинг маънавий ва ахлоқий тарбиясига қаратиш, уларда билим ва ўз устида ишлашга интилишни шакллантиришга қаратиб келмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, айнан ўсиб келаётган ёш авлод турли бузғунчи, экстремистик ва деструктив кучларнинг “осонгина ўлжа”сига айланиб қолаётганлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, уларнинг замонавий таълим-тарбия олиши, комил инсон бўлиб вояга етишида давлатлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммити доирасида қатор давлатларнинг раҳбарлари билан ҳам учрашди. Жумладан, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан бўлган учрашувларда Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатлар билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш масалалари муҳокама этилди. Мазкур учрашувлар давомида давлатларимиз ўртасида кузатилаётган ижобий ўзгариш ва мулоқотларни келгусида янада чуқурлаштириш, ишга солинмаган имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш лозимки, ўтган даврда ШҲТ ўзини самарали механизм сифатида намоён этиб, сиёсат ва хавфсизликдан иқтисодий ва ижтимоий ҳамкорликкача бўлган кенг қамровли масалаларни ўз ичига олган минтақавий муаммоларнинг бутун бир мажмуини ҳал этишга қодир халқаро форум сифатида жаҳон сиёсат саҳнасидан мустаҳкам ўрин эгаллади. ШҲТнинг обрўси йилдан-йилга ошиб, мазкур ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги самарали ва сермаҳсул ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида бир қатор муҳим қадамлар қўйилди. Циндао шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган ташаббуслар, ўтказилган олий даражадаги учрашувлар ва имзоланган ҳужжатлар, шубҳасиз, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга,  иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлашга ҳамда Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг

Халқари ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси

Ўзбекистон-ШҲТ: тинчлик ва тараққиёт йўлидаги самарали ҳамкорлик was last modified: Июнь 12th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »