Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси мустаҳкамланмоқда

12 Июнь, 16:59 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 24 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси мустаҳкамланмоқда нет

Бугунги кунда нафақат мамлакатимиздаги, балки дунёнинг бошқа давлатларидаги халқаро шарҳловчилар ва экспертлар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон жуда фаол ва изчил ташқи сиёсат олиб бораётганини қайд этмоқдалар. Албатта, бу фикрларга қўшилмасликнинг иложи йўқ. Чунки мамлакатимиз ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама халқаро тадбирларда қатнашиб, халқимизнинг тинч ва бунёдкорлик ҳаёти барқарор бўлиши, минтақада ва дунёда тинчлик мустаҳкамланишига, ўзаро фойдали ижтимоий-иқтисодий алоқалар янада кенгайишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Бунга ўтган ҳафтада Хитой Халқ Республикасининг Циндао шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг ўн саккизинчи мажлисини ҳам мисол келтириш мумкин. Мазкур саммитда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Дарвоқе, Хитойдаги анжуманда ШҲТ аъзолари илк бор кенгайган таркибда тўпландилар. Яъни бу сафар ташкилотнинг энг йирик тадбирига Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Покистон Президенти Мамнун Ҳусайн ҳам қатнашдилар. Ҳар икки давлат ўтган йили Остонада Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоларига айлангандилар.

Матбуот хабарларидан яхши маълумки, Циндаода ташкилотга аъзо мамлакатлар раҳбарлари аввал тор доирада, кейин кузатувчи мақомидаги давлатлар вакиллари билан биргаликда кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказдилар. Учрашувларда ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш, сиёсат, хавфсизлик, савдо, иқтисодиёт, юқори технологиялар ва инновациялар, инвестиция, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Пировардида қабул қилинган  Циндао декларацияси ва бошқа ҳужжатларда терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш, узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорликни янада ривожлантириш каби масалалар қамраб олинган.

Ўзбекистоннинг саммитдаги иштироки ҳақида гап кетар экан, унда Президент Шавкат Мирзиёев сўзлаган нутққа алоҳида тўхталиш лозим. Давлатимиз раҳбари Хитойнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги даврида самарали ишлар амалга оширилганини қайд этди. Кўркам Циндао шаҳрида ўтаётган ушбу саммит “Шанхай саккизлиги” раҳбарларининг илк учрашуви сифатида тарихда қолади. Бу чуқур маънога эга, чунки айнан “8” рақами хитой халқида омад ва тараққиётни англатади. Ташкилотимиз қисқа даврда бир ярим миллиард одамга кўпайди, унинг иқтисодий ва интеллектуал салоҳияти салмоқли даражада кенгайди», деди Шавкат Мирзиёев. У ШҲТга аъзо давлатлар эгаллаган улкан минтақада савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт ва логистика имкониятларини ошириш, маданий-гуманитар муносабатларни мустаҳкамлаш, ёшларни экстремизм ғояларидан ҳимоялаш ва бошқа долзарб масалалар бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев саммит доирасида бир қатор давлат раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар ҳам ўтказгани диққатга сазовордир. Масалан, Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн билан учрашувда икки мамлакат ўртасидаги савдо, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Циндаода Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан ҳам учрашди. Самимий руҳда ўтган суҳбат жараёнида давлатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқалар тобора кенгайиб бораётганлиги қайд этилди. Кейинги бир йилда ўзаро 70 та делегация ташрифи амалга оширилгани, 21 марта ҳудудлараро учрашувлар ўтказилгани ҳам шундан далолат беради. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 40 фоиздан зиёд ўсганлиги эътиборга моликдир.

Жорий йилнинг кузида Ўзбекистонга олий даражадаги ташриф кутилмоқда. Шунингдек, Тошкентда илк бор Ўзбекистон ва Россия ҳудудлараро форумини ўтказиш режалаштирилган. Учрашувда ушбу муҳим тадбирларни амалий мазмун билан бойитиш, бунинг учун вазирлик, компания ва ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни фаол давом эттиришга келишиб олинди. Мулоқот чоғида томонларни қизиқтирувчи қатор халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Кўплаб сиёсатчилар ва экспертлар Шавкат Мирзиёев ШҲТ фаолиятини такомиллаштириш, савдо ва транспорт алоқаларини ривожлантириш, хавфсизликни мустаҳкамлашга доир муҳим ташаббусларни илгари сурганлигига эътибор қаратдилар.“Жорий йил бошидан Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар, унинг кузатувчилари ва шериклари билан савдоси ҳажми ўттиз фоиздан зиёдга ошди. Лекин бу мавжуд имкониятларимизнинг чеки эмас. Бизнинг фикримизча, товар айирбошлашни янада ўстириш учун экспорт-импорт тартиб-таомилларини соддалаштириш керак. Шунингдек, биз давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида агросаноат кластерларини шакллантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришда “яшил йўлаклар” тармоғини кенгайтириш тарафдоримиз”, деди давлатимиз раҳбари.

ШҲТ маконининг транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарурлиги, бу борада “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида минтақалараро транспорт лойиҳаларини амалга ошириш долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди. Мамлакатимиз Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой, Мозори Шариф – Ҳирот темир йўлларини қуриш, шунингдек, Марказий Осиё – Форс кўрфази, Шимол – Жануб ва Шарқ – Ғарб трансминтақавий йўлакларни ривожлантириш тарафдори экани қайд этилди.

Қисқаси, Циндао саммити ШҲТ давлатлари ўртасидаги давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини янада юқори босқичга кўтаришда муҳим босқич бўлди. Бу эзгу ишларга мамлакатимиз ҳам муносиб ҳисса қўшди. Белгиланган режалар ва лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши туфайли халқимизнинг турмуш фаровонлиги кўтарилиши, иқтисодиётимиз янада юксалиши шубҳасиздир.

Исроил ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши раиси

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси мустаҳкамланмоқда was last modified: Июнь 12th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »