Вилоят Кенгашида матбуотчилар билан учрашув

26 Июнь, 19:30 • Наманган вилояти, Тадбир, Янгиликлар • 48 марта кўрилди • Комментариев к записи Вилоят Кенгашида матбуотчилар билан учрашув нет

Мамлакатимизда кенг нишонланадиган касб байрами – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши томонидан республика ва маҳаллий ОАВ ходимлари учун матбуот конференцияси ташкил этилиб, унда соҳа вакиллари, партия фаоллари, маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳам қатнашдилар.

Тадбирни қисқача кириш сўзи билан очган “Адолат” СДП вилоят Кенгаши матбуот хизмати котиби Нурбек Абдуллаев дастлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги фикрларини тилга олди:  “Кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлган оммавий ахборот воситалари ҳақида сўз юритганда биз аввало доимо янгилик излаб, янгиликка интилиб, ҳаётнинг қайноқ нуқталарига кириб борадиган, холислик ва ҳаққонийлик, Ватан ва халқ манфаатларини биринчи ўринга қўядиган олийжаноб ва масъулиятли касб эгаларини тасаввур қиламиз”.

Чиндан ҳам бугунги кунда оммавий ахборот воситалари мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётини ёритишда, хусусан, сиёсий партиялар олиб бораётган ишларнинг моҳиятини  кенг оммага етказишда муҳим роль ўйнамоқда. Наманганлик “Адолат”чиларнинг фаолияти ҳам газета-журналлар саҳифаларида, радио-телевидениеда, интернет нашрларида, қатор ижтимоий тармоқларда кенг ёритилмоқда.

“Адолат” СДП вилоят  Кенгашининг раиси Исроил Жўраев:

— Мазкур учрашувни ташкил этишдан мақсад  журналистларга партия ташкилотларимиз фаолияти ҳақида  маълумот бериш, ўтган давр мобайнида қилинган ишларни сарҳисоб этиш ва келгусидаги режалар юзасидан маслаҳатлашиб олиш, шунингдек қаламкашлардан ўз фаолиятимиз ҳақида фикр-мулоҳазаларни эшитиш эди. Бу айниқса келгуси йили ўтказиладиган парламент ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказиладиган сайловлар арафасида алоҳида аҳамиятга эга.

Матбуот конференцияси қатнашчилари эътиборига тақдим этилган ахборотда вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари, қолаверса, бошланғия партия ташкилотлари фаолияти ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Тадбирда кейинги бир йил давомида, шунингдек Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2017 йил 12 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам сиёсий партиялар олдига қўйилаётган вазифаларни такомиллаштириш, масъулиятни янада ошириш  топширилганлиги қайд этилди.

Шунингдек,  “Адолат” СДПнинг амалий ҳаракатлар Дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган партиявий лойиҳалар доирасидаги амалий ишлар самараси ҳам юқори бўлаётганлиги таъкидланди. Бу борада замонавий, таъсирчан иш усули ва услублари жорий этилаётганлиги диққатга сазовордир. Натижада партиянинг нуфузи ошиб, бошланғич ташкилотлар фаолияти самарадорлиги ошиб бормоқда. Бугунги кунда вилоят бўйича “Адолат” СДП аъзолари сони 20 минг кишидан ортганлиги ҳам ушбу фикрнинг исботидир.

Тадбир давомида журналистлар ўзларининг партия фаолиятига доир саволларига батафсил жавоблар олдилар. “Халқ сўзи” газетасининг Наманган вилояти бўйича мухбири Қудратилла Нажмиддинов, “Янгиқўрғон ҳаёти” туман газетасининг муҳаррири Дилбар Асқарова, “Ёшлар овози” газетасининг вилоят бўйича мухбири Саидолим Абдураҳмонов, “Тараққиёт мезони” газетасининг бош муҳаррири Исроил Юсупов ва бошқалар партия фаолияти, матбуот билан ҳамкорлик масалаларига доир ўз фикрларини баён этдилар.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Наманган вилояти бўйича фотомухбири Ҳотам Мамадалиев:

— Мен “Адолат” партияси фаолиятини қарийб ўн йилдан буён мунтазам кузатиб келаман. Вақти-вақти билан турли тадбирларда ҳам иштирок этаман. Шунинг учун кейинги пайтда жуда кўп ижобий ўзгаришлар юз бераётганини гувоҳи бўлиб турибман. Вилоят Кенгашида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган. Бунга нафақат маҳаллий нашрлар, балки марказий матбуот ҳам жалб этилганлиги диққатга сазовордир. Мазкур ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши келажакда янада кўпроқ самара беради  деб ўйлайман.

Тадбир пировардида қатор оммавий ахборот воситалари таҳририятларига Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашининг ташаккурномалари тақдим этилди. Партия фаолиятини мунтазам  ёритилишига катта ҳисса қўшган бир гуруҳ журналистлар эса эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Вилоят Кенгашида матбуотчилар билан учрашув was last modified: Июнь 26th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »