Юксак истеъмол маданияти сари

2 Июнь, 13:15 • Наманган вилояти, Тадбир, Янгиликлар • 44 марта кўрилди • Комментариев к записи Юксак истеъмол маданияти сари нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Наманган вилоят Кенгаши ўз фаолиятида нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу, мамлакатимизда кучли фуқаролик жамияти барпо этиш учун кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган ҳозирги шароитда муҳим аҳамият касб этади. Яқинда ўтказилган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш” мавзусидаги давра суҳбати ҳам шу йўлдаги яна бир қадам бўлди. Мазкур тадбир Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Наманган вилоят ҳудудий бирлашмаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда партиямиз фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, Наманган давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари қатнашдилар.

Давра суҳбатини “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев қисқача кириш сўзи билан очди ва олиб борди. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари бўйича Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши томонидан олиб борилаётган ишлар” – партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Болтабоевнинг маърузаси ана шу мавзуга бағишланди. У вилоятдаги шаҳар ва туманлар партия кенгашлари томонидан йўлга қўйилган  “Адолат” қабулхоналари” фаолиятига атрофлича тўхталди. Фуқаролар мурожаатларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига доир масалалар ҳам борлиги алоҳида қайд этилди. Ана шу соҳадаги ўзаро ҳамкорлик ҳар икки томонга фойда келтираётгани таъкидланди.

Давра суҳбатини Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Наманган вилоят ҳудудий бирлашмаси раисининг ўринбосари Анвар Жўраев давом эттирди. У энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини бажариш юзасидан олиб борилаётган ишларга тўхталди. Бирлашма шаҳар ва туманлардаги бўлимлари фаолиятидан қатор мисоллар ҳам келтирилди.

Масалан, шу йил 20 февралида Мингбулоқ тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига фуқаро Э.Иззатуллаевадан мурожаат қилган. У хонадонига мажбурий ижро бюроси ходими келиб электр таъминоти бўлимидан 3 000 000 сўм қарздорлик мавжудлигини айтиб, тўлашни талаб этганлигини билдирган. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрсида”ги қонунлари асосида туман электр таъминоти корхонаси мутахассислари билан биргаликда ўрганиш ўтказилган. Натижада техник хато туфайли  Э.Иззатуллаевнинг мобил телофонига қарз борлиги ҳақида хабарнома жўнатилган. Шундай қилиб, хато тўғриланган ва истеъмолчи ҳақлиги исботланган.

Учқўрғон тумани “Соҳил” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Козим Турдиалиев 2018 йил 8 апрель куни туман марказидаги буюм бозоридан 180 000 сўмга “Nokia” русумли телефон харид қилган. Орадан икки кун ўтгач,  телефон аппарати  ишламай қолган. Истеъмолчи телефонни  дўконга қайтариб олиб келган ва сотувчидан бошқа телефонга алмаштириб беришини сўраган. Аммо унинг талаби бажарилмаган. Фақат истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари аралашгандан кейингина адолат қарор топган. Яъни дўкон ходимлари айбларини тан олиб, истеъмолчига сотилган носоз телефонни янгисига алмаштириб беришган.

Албатта, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бироқ юртдошларимиз орасида ўзининг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини яхши билмайдиганлар ҳам оз эмас. Бу эса аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кенг миқёсда олиб бориш зарурлигини тақозо этмоқда. Бунда сиёсий партияларнинг имкониятларидан фойдаланиш ҳам яхши самара келтириши таъкидланди. Айниқса, жойларда фуқаролар йиғинларининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш катта аҳамиятга эга. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қошида “Ёш истеъмолчи” тўгаракларини ташкил этиш, мактаб ўқув дастурларига истеъмолчи ҳуқуқи дарсларини киритиш ҳам яхши самара бериши мумкин.

Шундан сўнг “Адолат” СДП Косонсой ва Чортоқ туман кенгашларининг раислари Муроджон Жалилов ва Ҳабиба Мирабдуллаева, НамДУ катта ўқитувчиси Шокиржон Банноев, Ўзбекистон пенсионерлар уюшмаси Наманган шаҳар бўлимининг раҳбари Турғунпўлат Рўзибоев ҳам кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазарини билдирдилар. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мухтасар жавоблар ҳам олдилар.

Пировардида “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ва Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Наманган вилоят ҳудудий бирлашмаси ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Юксак истеъмол маданияти сари was last modified: Июнь 2nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »