“Адолат қабулхоналари” фуқароларнинг партияга бўлган ишончини оширмоқда

7 Июль, 18:06 • Адолат қабулхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, Янгиликлар • 24 марта кўрилди • Комментариев к записи “Адолат қабулхоналари” фуқароларнинг партияга бўлган ишончини оширмоқда нет

Муҳтарам Президентимиз томонидан адолатлилик ҳар бир ишда бош мезонимиз бўлиши ва халқимиз манфаатлари йўлида қўлимиздан келган барча имкониятларни ишга солмоғимиз, халқ билан мулоқот қилиб одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш бизнинг инсоний бурчимизга айланиши зарурлиги айтилганди.

Буни чин қалбдан ҳис қилган ҳолда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳар бир депутати ва партия ходимлари фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда уларга ижобий ечим топишни энг асосий муҳим вазифа сифатида белгилаб олишди.

 Айниқса, партиянинг Адолат қабулхоналарига қилинган мурожаатларни эътиборга олиш, уларни вақтида ҳал этиш, фуқаролар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда уларнинг ечимига кўмаклашишга ҳаракат қилиш партиядошларнинг олдида турган юксак масъулиятдир.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тўрткўл туман Кенгаши ҳам ўз масъулиятини астойдил ҳис этган ҳолда Адолат қабулхонасига келиб  тушган ҳар бир мурожаатни ҳал этишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Ўткан ҳафтада партия Тўрткўл туман кенгашидаги “Адолат қабулхонаси”га Тўрткўл тумани “Ўзбекистон” ОФЙда рўйхатда турувчи Даврон Давлетов ва Манзура Палвановалар томонидан мурожаат қилинди. Мурожаатда кўрсатилишича Д.Давлетов ва М.Палвановалар 8 йилдан буён ҳозирги вақтда икки фарзанди билан уйсиз-жойсиз ижарада сарсон-саргардон бўлиб юрганликлари, Д.Давлетовнинг паспорти йўқолганлиги ва паспортини янгидан тиклаб беришини, М.Палванованинг паспорти эскириб қолганлиги ва янги паспорт олишда ёрдам беришларини, 5 ойлик фарзандининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасининг йўқлиги ва ҳозирги пайтда фарзандининг касаллиги, ўзларининг уй-жойлари йўқлиги, ҳозирги пайтда оила жуда ночор аҳволга тушиб қолганлиги, хатто еб ишишга ҳеч қандай харажатлари йўқлиги баён қилинган.

Мурожаат келиб тушган кундан эътиборан “Адолат” СДП Тўрткўл туман кенгаши раиси У. Хусайний бошчилигида  Н. Ниязимбетов Қ. Абдуллаевлар аъзолигида ишчи гуруҳ тузилиб аризада кўрсатилган мавжуд муаммоларни ўрганиб чиқиши учун мурожаатчиларнинг вақтинча ижарада кун кўриш учун яшаб ўтирган эски ҳеч қандай уй жиҳозлари бўлмаган таъмирталаб биносига ташриф буюрилиб мурожаатда қайд қилинган барча муаммоларнинг мавжудлиги тасдиқланди.

Ишчи гуруҳ ушбу холат бўйича туман ҳокимига маълумот етказди. Маълумотга асосланган ҳолда туман ҳокими чора кўриш учун туман ҳокими ўринбосари Р. Шомуратовга ҳомийларни жалб қилган ҳолда ижара тўловини 6 ойгача ҳомийлар ҳисобидан амалга оширишни, озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича кўрсатма берган.

Мурожаатда муаммо сифатида ўрин олган 5 ойлик фарзандининг туғилганлик гувоҳномаси йўқлиги масаласини ижобий ҳал қилиш учун “Адолат” СДП Тўрткўл туман Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан Тўрткўл туман ФХДЁ бўлими мудираси Ш.Исмаиловага депутатлик сўрови жўнатилди.

Тўрткўл туман ҳокими хотин-қизлар ишлари бўйича ўринбосари Х.Ибадуллаева номига ариза ёзишда М.Палвановага амалий-консультатив ёрдам берилди.

Бундан ташқари ушбу муаммонинг тегишли ташкилотлар орқали тезда ечим топишига қадар “Адолат” СДП Тўрткўл туман Кенгаши раиси У.Хусайний ўз маблағлари ҳисобидан бу оилага озиқ-овқатлардан ташқари телевизор, холодильник, газ ускунаси, қазон-товоқ каби ошхона жиҳозлари етказиб берилди.

Шунингдек, шу куннинг ўзида Д.Давлетовнинг 2 нафар фарзанди тез ёрдам хизмати орқали шифокор кўригидан ўтказилди.

Партиямиз томонидан ўтказилаётган бундай сайёр қабуллар жойларда меҳрталаб фуқароларимизнинг оғирини енгил этишга хизмат қилмоқда. Сайёр қабуллар натижасида давлат дастурлари, қонунлар ва Президентимиз қарор, фармонлари бажарилиши устидан таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилишига ҳам эришилмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати

“Адолат қабулхоналари” фуқароларнинг партияга бўлган ишончини оширмоқда was last modified: Июль 7th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »