“Адолатли қайнона”лар маҳоратини синовдан ўтказишди

11 Июль, 12:41 • Аёллар қаноти, Кўрик-танлов, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 158 марта кўрилди • Комментариев к записи “Адолатли қайнона”лар маҳоратини синовдан ўтказишди нет

Шу кунларда Республикамизнинг барча ҳудудларида бир неча йиллардан бери халқимиз томонидан илқ кутиб олинаётган, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан ташкил этилган “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгашининг ташаббуси билан Олмалиқ шаҳар ва Оҳангарон туманларида ҳам “Адолатли қайнона” кўрик-танлови туман ҳамда шаҳар босқичлари бўлиб ўтди.

Мазкур кўрик-танловдан кўзланган мақсад ижтимоий адолат принципларига таянган ҳолда оила ва жамият, маҳалла муносабатлари билан боғлиқ анъаналар, сермазмун миллий қадриятларнинг илдизларини, аждодларимиз меросини ўрганиш. Оилавий тарбияда адолат ҳамда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш, оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш йўли билан оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлашдан иборат.

Шунингдек, маҳаллаларда истиқомат қилаётган ва бошқаларга ҳар томонлама ўрнак бўла оладиган адолатли қайноналарни аниқлаш ва рағбатлантириш. Бундай аёлларнинг тажрибасини ибрат сифатида кенг тарғиб қилиш.

Бу каби кўрик-танловларда иштирок этиб келаётган фаол жамоатчи аёлларимиз бугунги кунда “Аёллар қаноти” Кенгашининг юзи бўлиб,  партия тизимида жамиятимизда аёллар фаоллигини ошириш борасида амалга ошириб келинаётган чора-тадбирларда ўз зукколиклари, ташаббуслари билан фаол иштирок этишмоқда.

Таништирув, савол-жавоблар, эркин мавзу каби шартлар асосида бўлиб ўтган мазкур кўрик-танловда ҳам Олмалиқ шаҳар ва Оҳангарон туманлари маҳаллаларининг ташаббускор қайноналари оила ва маҳаллалардаги долзарб мавзуларга бағишланган чиқишлари билан томошабинлар олқишига сазовар бўлишди. Ҳар бир иштирокчиларнинг шартлар бўйича чиқишлари 5 баллик тизим бўйича ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди.

Зубайда Қодирқулова, Олмалиқ шаҳар Оилавий поликлиникаси бўлим мудираси, танлов ғолиби:

– Маҳалламиздаги қўшни аёллар билан биргаликда ушбу мусобақада қатнашишни дилимизга тугиб қўйган эдик. Мана, ниятимизга ҳам етдик. Танловда  биринчи ўринга лойиқ деб топилдим, бундан бениҳоя хурсандман. Жамиятимизда яшайдиганлар орасида ҳар хил аёлларни кўрамиз. Яхшиямки улар қаторида қайнамаган қайноналаримиз ҳам кўп. “Адолат” СДП партияси ташаббуси билан ўткизиб келинаётган бу каби  кўрик-танловлар юртимиздаги барча қайноналарни севинтириши шубҳасиз. Чунки биз бу орқали ўзимизни қайноналик маҳоратимизни синовдан ўтказдик, бир-биримиз билан тажрибалар алмашдик.

Қизғин баҳс ва мунозаралар тарзида кечган кўрик-танлов натижаларига кўра  Олмалиқ шаҳар Оилавий поликлиникаси бўлим мудираси Зубайда Қодирқулова, ва Оҳангарон тумани “Сусам” МФЙ вакили Мавлуда Эргашевалар биринчиликни қўлга киритиб кўрик-танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритишди.

Танловда ўз зукколиги, билимдонлиги ва чаққонлиги билан яхши натижага эришган қайноналарга партия томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Дилрабо ТОЛИБОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби

“Адолатли қайнона”лар маҳоратини синовдан ўтказишди was last modified: Июль 11th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »