Адолатли қайнона – оила устуни

26 Июль, 11:36 • Аёллар қаноти, Кўрик-танлов, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 129 марта кўрилди • Комментариев к записи Адолатли қайнона – оила устуни нет

Айни шу кунларда ҳудудий партия Кенгашларида партиямизнинг фаол ҳамда адолатли аёллари учун ташкил этилаётган “Адолатли қайнона” кўрик-танловлари ўта қизғин тус олмоқда. Бугун Фарғона шаҳар “Ибратли Бекам” ўқув марказида ҳам танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” етакчиси Шаҳноза Ғаниева тадбирни тантанали тарзда очиб берар экан, онахонларга омад тилади.

Дастлаб, май-июнь ойлари давомида вилоят бўйлаб ўтказилган маҳаллий ва шаҳар-туман босқичларида саккиз юзга яқин онахонларимиз ғолиблик сари ҳаракат қилдилар. Мазкур саралов босқичларида улар узоқ йиллик ҳаётий тажрибалари, ва ўз доноликларини турли шартлар орқали намоён этдилар.

“Адолатли қайнона” кўрик-танловининг вилоят босқичида ҳакамлар ҳайъати вазифасини бажараётган турли давлат ташкилотлари вакиллари онажонларимиздаги шиддат ва маҳоратни кўриб, уларга муносиб баҳо бериш бироз қийин кечганини эътироф этдилар.

Замирахон Жуманова, Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Фарғона шаҳар кенгаши мутахассиси, кўрик-танловнинг ҳакамлар ҳайъати раиси :

— Ўзбекистон “Адолат” СДП ўзининг дастурий вазифаларида хотин-қизларга тааллуқли қонунчиликни янада такомиллаштириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга доир кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш каби муҳим мақсадларни белгилаганлиги билан минглаб аёлларимизни ўз сафларига бирлаштирган. Бугунги кўрик-танлов ҳам партиянинг ушбу вазифалари ижросини таъминлашга хизмат қилади. Чунки жамоаси ва оиласида барчага намуна кўрсата оладиган кўплаб адолатли қайноналар танлов боис бирлашдилар.

Танловда қатнашаётган иштирокчиларнинг оила, маҳалла ва меҳнат фаолиятида эришган ютуқлари, уларнинг лидерлик ва нотиқлик қобилиятларига эгалиги, фарзандлар тарбиясида адолатлилик, оилада маданият ва маърифат ўрнатилганлиги, ривоят ва мақоллар билиши, сиёсий фаоллиги ва тарғиботчилиги беллашув шартларида намоён бўлди.

Тадбир сўнгида қайноналар ичида фаоллиги, зийраклиги, адолат ва оқиллик билан иш юритиши, сиёсий билимдонлиги билан устунлик кўрсатган Бағдод тумани иштирокчиси Нодира Сулейманова вилоят босқичи ғолиби деб топилди.

Нодира Сулейманова, танловнинг 1-ўрин соҳиби:

— Жамиятимизнинг асосий бўғини оилалар ҳисобланади. Ушбу бўғиннинг мустаҳкамлигини таъминлаш эса албатта, биз қайноналар қўлидадир. Бугун ёшларнинг ахил яшашларига тўсқинлик қилаётган айрим қайноналаримиз ўз инжиқликларини унутиб, адолатли аёллар қаторига қўшилсалар, оилада фарзандларига ибрат кўрсатиб, ҳуқуқий-сиёсий билим сари интилсалар,  нур устига аъло нур бўлади.

Иккинчи ўринга сазовор бўлган Қува туманидан ташриф буюрган онахон – Маҳбубахон Сайрамова ҳайъат аъзоларини ўзининг ижодий қобилияти ва қувноқлиги билан лол қолдирди.

Шунингдек, қайноналик бобида катта малакага эгалигини намойиш этган Тошлоқ туман вакили Турсуной Давронова оила мустаҳкамлиги асослари, қайнона-келин муносабатлари борасида рақибларидан қолишмай тортишди ва 3-ўринни эгаллашга мушарраф бўлди.

Тадбир сўнгида фаол иштирокчилар вилоят партия Кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар ва биринчи ўринни қўлга киритган Н.Сулейманова ушбу танловнинг Республика босқичига йўлланма олди.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

Адолатли қайнона – оила устуни was last modified: Июль 26th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »