Қайнона адолатли бўлса оилада аҳиллик бўлади

3 Июль, 17:30 • Андижон вилояти, Кўрик-танлов, Янгиликлар • 34 марта кўрилди • Комментариев к записи Қайнона адолатли бўлса оилада аҳиллик бўлади нет

Оила муқаддас. Унинг мустаҳкамлиги кўп жиҳатдан қайнонага боғлиқ. Чунки фарзандлар тарбияси, оила аъзоларининг бир бирларига бўлган муносабатларини тўғри шакллантиришда унинг ўрни катта. Қайси бир  оилада қайнона адолатли бўлса, ана шу оилада тинчлик, аҳиллик ва қут-барака бўлади. Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий Кенгаши томонидан анъанавий равишда ўтказилаётган “Адолатли қайнона” кўрик танловида ҳам айни шу мақсад кўзда тутилган. Кўрик танлов Низомида кўрсатиб ўтилганидек, маҳаллаларда истиқомат қилувчи аёлларнинг ташаббускорлиги, ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан дунёқарашини мустаҳкамлаш, оила ва жамият, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ бой миллий анъаналарни оммалаштириш долзарб вазифалардан. Ўз навбатида миллий оилавий тарбияда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш ва унинг оилада уйғунлашувини таъминлаш, оилада баркамол авлодни тарбиялашнинг энг самарали усулларини намуна қилиб кўрсатиш ва бу борада ибратли  аёл (қайноналар)ни ёшларга кўрсатиш оилаларни мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этади.

Юқоридагиларни ўзида ифода этган кўрик танловнинг Андижон шаҳар босқичи ўзига хос байрамга айланди. Тадбирда БПТлар билан бирга маҳалла фаоллари, фаол хотин-қизлар, жойлардаги бошланғич хотин-қизлар қўмиталари ва ҳамкор ташкилотлар иштирок этдилар. Уларни бу даврага бир мақсад-оиланинг муқаддаслиги, аёлга бўлган ҳурмат ва қайнона–келин муносабатлари бошлаб келди. Шу сабаб иштирокчиларнинг ҳар бир чиқиши даврадагиларни бефарқ қолдирмади.

6 нафар иштирокчи белгиланган шартларни бажариш баробарида ўзларининг зукколиги, оиладаги ўрни, оқила ва лобарлигини кўрсатди. Айниқса, Ўрикзор МФЙ вакили Бахтиёрхон Маҳкамованинг оқилалиги, Меҳнат МФЙда яшовчи 4 келиннинг онаси Зарифахон Умарованинг муомала маданияти, фарзандларига меҳрибонлиги, Шодлик МФЙдаги “Энг ибратли оила” қайнонаси Дилфузахон Шокированинг фарзанд тарбияси борасида билдирган фикрлари, китобхонлиги алоҳида эътироф этилди.

— Бугунги тадбир биз оналар учун яна бир ибрат мактаби бўлди, -дейди Бўстон МФЙда яшовчи Қимматхон Йўлдошева,- Чунки ҳаёт сирли бир мактаб. Уни қанча ўргансак оз. Айниқса, оила масаласида биз қайноналар зиммасига катта масъулият юклатилади. Келин ҳам фарзанд. Қачонки унга ўз фарзандимиздек қарасак оилага бўлган меҳри ортади, бизни ҳам ўз онасидек кўради. Фақат уларни бу даражага етказгунга қадар сабр қилишимиз, ўз кўмагимизни аямаслигимиз лозим.

Ҳакамлар томонидан ҳар бир иштирокчи юқори баҳоланди. Чинданда адолатли қайнона оиланинг чироғи, фарзандлар суянчи эканлиги таъкидланди. Уларнинг сиёсий билимлари, партиямизга бўлган муносабати ижобий баҳоланди.

Кўрик танлов якунига кўра Обод МФЙда яшовчи 3 нафар келиннинг қайнонаси Замирахон Мўйдинова “Энг адолатли қайнона” деб топилди. Навбатдаги босқичда у Андижон шаҳрилик қайноналар номидан иштирок этади.

Малохатхон МУСАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилояти кенгаши раиси ўринбосари

Қайнона адолатли бўлса оилада аҳиллик бўлади was last modified: Июль 3rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »