Амалий мулоқотлар давом этмоқда

12 Июль, 14:34 • Депутатлик гуруҳи, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 20 марта кўрилди • Комментариев к записи Амалий мулоқотлар давом этмоқда нет

Депутатларнинг жойларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиши, фуқароларни қийнаётган муаммоларини тинглаб, уларга қонун доирасида ижобий ечим топиш, бугунги кунда анъанага айланди. Бу борада партиянинг Олмазор тумани Кенгаши депутатлари ҳам жонбозликни қўлдан бой беришмаяпти. Барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмизки, бугуннинг депутати халқ орасида одамларнинг дарду ташвиши, турмуш фаровонлиги йўлида тинимсиз ҳаракат қилишмоқда.

Маълумки, партиянинг “Адолат — қонун устуворлиги” лойиҳаси доирасида ҳафтанинг чоршанба кунларида туман Кенгашларида депутатлар билан биргаликда маҳаллаларда учрашувлар ўтказилиб келинмоқда. Бу жараёнда фуқаролардан тушаётган мурожаатлар, таклифлар атрофлича ўрганилиб, айримларини шу жойнинг ўзидаёқ ҳал этилаётгани қувонарлидир. Бу эса депутатлар кўмаги билан халқ манфаатларини таъминланишида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Хусусан, Олмазор тумани Кенгашидаги ишчи гуруҳ аъзолари
“Абу Бакр Шоший” ва “Ҳофиз Кўҳакий” маҳалла аҳли билан суҳбатда бўлишди. Унда фуқаролар Мирсаид Абдуллаев ҳамда Рихсибой Йўлдошевлар бугунги кунда ногиронлик аравачасини олишда муаммоларга дуч келаётганини билдиришди.

Туман Кенгаши депутати Луиза Ҳикматова шу оннинг ўзидаёқ ушбу фуқароларнинг ногиронлик ҳолатини ўрганиб чиқди. Уларга енгиллик яратиш мақсадида депутат тезкорлик билан масалани ижобий ҳал этиш учун ҳомийларни жалб қилди. Ўз навбатида сахий тадбиркорлар кўмагида депутат фуқароларни ногиронлик аравачаси билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатди. Албатта, фуқаролар ҳам депутатнинг бундай амалий кўмагидан кўнгиллари шод бўлди.

— Ногиронлигим сабаб неча йиллардан буён қийналар эдим. Депутат ёрдами билан ногиронлик аравачасига эга бўлдим, — дейди Мирсаид Абдуллаев. – Ҳозирда қулайликка эга бўлганим сабаб, соғлигимда бироз бўлсада тетикликни ҳис этмоқдаман. Саҳий тадбиркорларимиз, депутатларимиз орасида мана шундай инсонлар манфаатларини ўйлаб, ёрдам қўлини чўзувчилар кўпаяверсин.

Халқ билан мулоқот жойлардаги муаммоларни аниқлаш ва мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровларини йўллаш орқали уларга ечим топишда юқори самара кўрсатмоқда. Жумладан, Олмазор туман Кенгаши депутати Л.Ҳикматовага “Сағбон” МФЙ Абу Бакр Шоший кўчасидаги сим-ёғочлар авария ҳолатида эканлиги ва “Абу Бакр Шоший” кўчасининг 2-, 3- ва 4-тор кўчаларидаги бир қатор устунларнинг тунги ёритиш чироқларининг носозлиги тўғрисида фуқаролар томонидан мурожаат келиб тушди. Муаммога ўз вақтида ечим топиш мақсадида Олмазор туман алоқа тармоғи бўлими ҳамда Тошкент шаҳар “Электр тармоқлари корхонаси” АЖга депутатлик сўрови юборилди. Натижада “Сағбон” МФЙ Абу Бакр Шоший кўчасидаги симёғочларнинг айримлари алмаштирилди ва “Абу Бакр Шоший”  кўчасидаги тунги ёритиш чироқлари таъмирланди.

Шунингдек, депутат Олмазор тумани ҳудудидаги Сағбон кўчасидан Чорсу йўналишига қатновчи автотранспорт воситаларининг ҳолати билан танишиб чиқди. Ўрганиш жараёнида ҳудудда кўплаб йўл ҳаракати қоидалари бузилаётганлиги, автоҳалокатлар содир бўлаётганлиги маълум бўлди. Шунга кўра депутат Л.Ҳикматова одамларга қулайлик яратиш, ҳалокатларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига депутатлик сўровини юборди. Айни кунларда мутасадди ташкилот томонидан мазкур ҳудудда йўналиш бўйича тезкорликни камайтириш белгисини ўрнатилиши юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда. Уйлаймизки, тез орада мурожаат ўз ечимини топиб, аҳоли учун яна бир қулайлик яратилади.

Албатта, депутатлар томонидан халқ орасида улар билан ёнма-ён бўлиб, бажарилаётган ишлар аҳолининг турмуш фаровонлигини янада яхшилаш йўлида хизмат қилмоқда. Бунда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ҳам одамлар розилигига эришиш, уларнинг хоҳиш-истакларини рўёбга чиқариш борасида фаоллик билан ёндашсалар мақсадли бўлар эди. Шунингдек, партиянинг Олмазор тумани Кенгашидаги депутатларга эса, мана шундай масъулиятли йўлда эзгу амалларингиз кўпаяверсин, деймиз.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Амалий мулоқотлар давом этмоқда was last modified: Июль 12th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »