Бухорода “Адолатли қайнона” аниқланди

5 Июль, 16:56 • Бухоро вилояти, Кўрик-танлов, Янгиликлар • 62 марта кўрилди • 1 комментарий к записи Бухорода “Адолатли қайнона” аниқланди

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан партиянинг “Адолатли қайнона” кўрик танлови вилоят босқичи ўтказилди. Унда партия ходимлари билан бирга туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган иштирокчилар, жойлардаги хотин-қизлар қўмита раислари, фаол партиядошлар иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикасининг “Оила” Кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармон ва Қарорлари ва Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Устави, партиянинг “Аёллар қаноти” фаолиятининг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури асосида ишлаб чиқилган ушбу кўрик-танловда иштирок этган партиямизнинг фаол ва ташаббускор қайноналари оила, маҳалла ва меҳнат фаолиятида эришган ютуқлари, лидерлик ва нотиқлик қобилиятлари, оилавий қадриятлар, фарзандлар тарбиясига бўлган эътибор борасида тўхталиб ўтишди.

Ушбу кўрик танловни ўтказишдан мақсад ижтимоий адолат принципларига таянган ҳолда оила ва жамият, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ анъаналар, сермазмун миллий қадриятларнинг илдизларини, аждодларимиз меросини ўрганиш ва оммалаштириш, оилавий тарбияда адолат ҳамда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш ва унинг оилада уйғунлашувини таъминлаш экан, туман ва шаҳар Кенгашида ғолибликни қўлга киритган қайноналар 3 та шарт, яъни “Ўзини ва оиласини таништириш”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Оила кодекси”дан, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолиятидан хабардорлиги” бўйича ўзаро беллашишди.

Иштирокчиларнинг барчаси шартларни аъло даражада бажаришга ҳаракат қилишди. Айниқса, Когон тумани Кенгашидан иштирок этган Шарофат Рўзиева оилада қайнонанинг ўрни ва ролини ажойиб саҳна кўриниши орқали ифода этган бўлса, Шофиркон туманининг “Кўришкент” МФЙсидан иштирок этган Назифа ая Эрматова эса келин ва қайнона муносабатлари, оилани қадрлаш, ота ва онанинг эъзозлаш тўғрисидаги куй ва қўшиқлар ижроси билан томошабинлар олқишига сазовор бўлишди.

Ҳайъат аъзолари адолат мезонига таянган ҳолда барча иштирокчиларни баҳолашди.

Ўзининг ташаббускорлиги, сиёсий саводхонлиги, зийраклилиги, ҳар бир шартни бажаришда доим илдамлилиги билан алоҳида эътиборга эга бўлган партиянинг Ғиждувон туман Кенгашидан иштирок этган  тумандаги “Зарангари” МФЙ фаоли Норбиби Мардонова биринчи ўринга лойиқ деб топилди ҳамда республика босқичига йўлланма олди.

— Ушбу кўрик танловда иштирок этиб, ўзимнинг ҳаётдаги фаолиятимни янада кенгайтирдим. Шартларни бажариш жараёнида сиёсий фаоллигим ошди, ўзаро фикр алмашдик, тушунчаларимиз кенгайди, — дейди Ғиждувонлик Норбиби Мардонова.

Иккинчи даражали диплом билан Бухоро туман Кенгаши қатнашувчиси “ Наврўз” МФЙ фаоли Гулмира Рашидова, учинчи даражали диплом билан эса Когон шаҳар Кенгашидан қатнашган, “Улуғбек” МФЙ фаоли Лайло Муродова ҳамда Жондор туманидан иштирок этган “Навгади” МФЙ фаоли Моҳира Ҳамидовалар тақдирланишди.

Барча кўрик-танлов қатнашувчиларига партиянинг диплом ва ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Бухорода “Адолатли қайнона” аниқланди was last modified: Июль 5th, 2018 by matbuot

Бухорода “Адолатли қайнона” аниқланди учун битта шарҳ

  1. Моҳира Ҳамидова:

    Бўлиб ўтган танлов менга жуда катта тажриба бўлди,десам адашмаган бўламан. Учта шарт доирасида ўзаро куч синашганимиз бизни янада фаол қилди. Айниқса, тажриба алмашганларимиз, фикр ва мулоҳазалар билдирганларимиз турли туманлардан келган қайноналарни яқинлаштирди. Партия томонидан шундай қизиқарли тадбирлар сони кўпайсин.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »