Экспорт кўлами янада ошади

11 Июль, 12:59 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 90 марта кўрилди • Комментариев к записи Экспорт кўлами янада ошади нет

Мамлакатимизда сўнгги вақтларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали аҳоли даромадларини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. 2018 йилнинг ўзида мамлакатимиз биргина гилос экспорт қилувчи мамлакатлар рейтингида бир неча поғона кўратилиб, тўртинчи ўринга чиқиб олди. Хитой, Жанубий Корея каби давлатларда Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотлар истеъмол қилина бошлади. Бундай ижобий кўрсатгичларни янада кучайтириш қонунларни ҳам замонавийлаштиришни талаб этади.

Куни кеча оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш орқали кучга кирган янги таҳрирдаги «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда турли зарарли организмларнинг мамлакатимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, шунингдек, хорижга мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ривожлантириш йўлида муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.

Аввал ҳам мазкур соҳани тартибга солувчи алоҳида қонун бўлган, лекин у 1995 йилда қабул қилинган бўлиб, у бугунги кун талаблари, айниқса, илм-фан ютуқлари ва замонавий технологияларни амалга жорий этиш нуқтаи назаридан мазмунан эскирган эди.

Ушбу қонуннинг янги таҳрирда қабул қилинишига яна бир муҳим асос шунда эдики, ўсимликлар карантини соҳасидаги бошқарув тизимида ҳам жиддий ўзгаришлар юз берди. Мазкур соҳага давлатимиз раҳбарияти томонидан жиддий эътибор қаратилиб, махсус фармон ва иккита қарор қабул қилинди. Улар асосида, муқаддам Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимига кирувчи Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг ташкилий-ҳуқуқий мақоми янада кучайтирилиб, Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўтказилди.

Қонун асосида янги ташкил этилган инспекциянинг тизими, ҳуқуқ ва ваколатлари аниқ белгиланди. Бу йўналишдаги яна бир муҳим масала шундаки, аввалги қонунда ўсимликлар карантини давлат инспекторларнинг ҳуқуқлари кўрсатилган бўлса-да, мажбуриятлари аниқ белгиланмаган эди. Фуқароларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда янги қонуннинг 17-моддасида ўсимликлар карантини давлат инспекторларининг мажбуриятлари ҳам аниқ кўрсатилди.

Сўнгги вақтларда ташқи сиёсатимизда амалга оширилган ижобий ислоҳотлар натижасида Тожикистон, Қирғизистон каби чегарадош давлатлар билан ўзаро дўстлик алоқалари қайта тикланди, савдо-сотиқ ишлари кенг йўлга қўйилмоқда. Шу асосда, ўзаро қўшничилик алоқалари яхшиланган қўшни давлатлар билан 20 дан ортиқ чегара пунктлари ташкил этилди. Шу асосда Инспекцияга қўшимча 400 дан ортиқ штатлар ажратилди, ходимлар масъулияти оширилди. Мақсад хорижий мамлакатлардан кириб келаётган маҳсулотлар таркибида ўсимликлар карантини назорати остидаги зарарли организмларнинг йўқлигини аниқлаш, шу билан бирга мамлакатимиздан эскпорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тез ва қулай шароитларда хорижий мамлакатларга етказилишини таъминлашдан иборат.

Янги қонунда ўсимликлар карантини давлат инспекцияси масъул ходимларининг лавозимларини аниқ белгилаш, шунингдек, халқаро савдо алоқаларини ривожлантиришда ўсимликлар ва ўсимлик маҳсулотлари билан савдо алоқаларини йўлга қўйишда фитосанитар хавфсизликни таъминлаш, импорт ва экспорт билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари амал қилиши керак бўлган зарарли ўсимлик касалликлари, ҳашоратлар ва бегона ўтлар кириб келишининг олдини олиш бўйича аниқ нормалар киритилган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланадиган тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида қонуннинг 30-моддасига асосан, аввалги қонундаги ўсимликлар карантини давлат хизмати органларини юкни жўнатилиши кутилаётган кундан олдин ҳабар қилиш муддати 30 кундан 10 кунгача, экспорт қилинаётган маҳсулотни текширув кўригидан ўтказиш учун тақдим қилиш муддати 15 кундан 3 кунгача қисқартирилди.

Шунингдек, қонунда Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари алоҳида янги моддаларда мустаҳкамланди. Бунда, Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари ўсимликлар карантини соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган.

Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўсимликлар карантини бўйича давлат ва ҳудудий дастурларни амалга оширишда, мазкур соҳада чора-тадбирларни ташкил этилиши ва амалга оширилишида қатнашиб, фитосанитар хавфсизликни ва карантиндаги зарарли организмлардан ҳудудларни тозалигини маълум даражада таъминлашга кўмаклаш тартиби киритилмоқда.

Мамлакат хавфсизлигини таъминлашда ҳам ўсимликлар карантини хизмати муҳим рол ўйнайди. Чунки, биргина зарарли организмни уруғ, кўчат каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари орқали мамлакатга киритиб, бутун қишлоқ хўжалигини издан чиқариш мумкин. Бундай мудҳиш ҳолатлар хорижий мамлакатларда бир неча бор кузатилган. Шундай хавфларни олдини олиш учун ҳам қонунда инспекциянинг ваколатларини кучайтиришга жиддий эътибор қаратилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўсимликлар карантини масалаларини ҳал этишда қатнашиши ҳам тартибга солинди. Хусусан, уларнинг иштироки жамоатчилик назоратини амалга оширишида, карантиндаги зарарли организмларнинг тарқалиши тўғрисида аҳолини ўз вақтида огоҳлантирилишида намоён бўлади. Бу эса, зарарли организмларнинг ўчоқларини тарқалишига йўл қўймаслик ва йўқ қилиш бўйича зарурий ва тезкор қилиниши лозим бўлган чораларни ўз вақтида кўришга имконият яратади.

Бугунги кунда ахборот технологиялари кенг ривожланаётганлигини ҳисобга олиб, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида қонунга Ўсимликлар карантини соҳасидаги ахборотнинг очиқлиги номли янги боб киритилди, удаги моддаларда ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати томонидан амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ўсимликлар карантини соҳасидаги бошқа ахборот оммавий ахборот воситаларида ва Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши белгиланди.

Афсуски, ҳозирги кунга қадар ўсимликлар карантини тўғрисидаги норматив ҳужжатлар, фитосанитар хавфсизлик доирасидаги тадбирлар ва бошқа маълумотларнинг очиқлиги тўлиқ таъминланмаганлиги фуқароларга, жумладан тадбиркорларга ноқулайликлар олиб келар эди. Улар қайси маҳсулотларни эспорт қилиш мумкин ёки йўқ ва бунинг сабаблари ҳақидаги маълумотларни олгунча анча вақтларини йўқотар эдилар. Қонунга киритилган мазкур янгиликлар бу борадаги қийинчиликларни бартараф этади.

Умуман, янги таҳрирдаги «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги қонуннинг амалга самарали татбиқ этилиши мамлакат ҳудудини турли зарарли организмлардан ҳимоя қилишда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари эскпорти кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Шуҳрат ЯКУБОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Экспорт кўлами янада ошади was last modified: Июль 11th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »