Фармон фуқароларга қулайлик яратади

11 Июль, 11:34 • Давра суҳбати, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 85 марта кўрилди • Комментариев к записи Фармон фуқароларга қулайлик яратади нет

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан саналади. Шунга кўра фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда адвокатура муҳим ўрин тутади.

Адвокатура – ҳуқуқий институт бўлиб, у адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар ҳамда хусусий адвокатлик амалиёти билан шуғулланувчи айрим шахсларнинг мустақил, кўнгилли, касбий бирлашмаларини ўз ичига олади. Олий юридик маълумотга эга ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган Ўзбекистон Республикаси фуқароси мамлакатда адвокат сифатида фаолият юритиши мумкин. Адвокатлик фаолияти дейилганда қонунда белгиланган тартибда адвокатлик мақомини олган шахслар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ, эркинлик ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида уларга кўрсатиладиган ҳуқуқий ёрдам тушунилади.

Бугунги кунимизда “Адвокатура тўғрисида”ги, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги, “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунлар билан соҳада туб ўзгаришлар амалга оширилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бу ўз ўзидан партиядошларимизни қонунчилигимизга киритилаётган ўзгартишларни кенг жамоатчиликка етказиш, қонун ҳимояси ва фуқароларнинг қонун билан белгиланган ҳуқуқларидан фойдаланишларини таъминлашга эътибор қаратишга бошламоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан Термиз шаҳридаги Абдулла Авлоний МФЙда Президентимизнинг “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун моҳиятига бағишланган давра суҳбати ҳам айни шу мақсадга қаратилди. Унда партиянинг вилоят Кенгаши вакиллари, депутатлар ва ҳуқуқшунослар ҳамда маҳалла фуқаролари иштирок этдилар.

Давра суҳбатини партиянинг вилоят Кенгаши раисининг мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Ф.Орифхонов очди ва олиб борди. Тадбирда маърузачилар томонидан кейинги йилларда адвокатуранинг мавқеи юксалиб, қонунчилигимизда ўрни мустаҳкамланиб бораётгани, қонун ҳимоясига бўлган эътибор, давлат идоралари ҳамда суд институтлари фаолиятининг бугунги кун талаблари асосида ташкил этилаётгани хусусида гапириб ўтдилар. Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчларини тергов жараёнида ҳимоялашнинг янгича механизмлари амалиётга тадбиқ этилаётгани тўғрисида тушунчалар бериб ўтишди.

Дилмурод Пардаев, “Сурхон баркамол имкон” адвокатлар ҳайъати адвокати:

— Фармонда бугунги кун адвокатурасининг ҳолати кўрсатилиб ундаги муаммолар бирма бир келтирилган. Бизга маълум эдики, авваллари юқори тергов органлари томонидан адвокатларнинг иш олиб боришига маълум даражада тўсқинлик қилиш ҳолатлари учрар, турли ташкилотларга йўллаган сўровларини ташкилот мутасаддилари томонидан эътиборсиз қолдириш ҳолатлари учрар эди. Адвокатнинг мавқеи маълум даражада паст эди. Мазкур тузилманинг юридик хизматлар бозорида рақобатнинг ривожланмагани адвокатуранинг эркинлиги, мустақиллигига путур етказилаётгани соҳани замон талабларига мос тарзда шакллантириш заруратини юзага келтирган эди. Фармонда кўрсатилганидек, тўсқинликлар бартараф этилиб, бир қатор қулайликлар яратилгани мамлакатимизда адвокатура институтининг кенг кўламда шаклланишига замин яратади.

Давра суҳбати давомида иштирокчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Маъмура ЭРГАШЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилояти Кенгаши ижрочи котиби

Фармон фуқароларга қулайлик яратади was last modified: Июль 11th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »