Ишончга муносиб жавоб бериш бурчимиз

6 Июль, 15:24 • Андижон вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 22 марта кўрилди • Комментариев к записи Ишончга муносиб жавоб бериш бурчимиз нет

Мустақиллик йилларида республикамизда биз ёшларга бўлган эътибор ҳар қачонгидан ортди. Ўқиш, изланиш ва ҳунар ўрганишимиз учун барча шаройитлар яратилди. Бунинг натижасида тенгдошларимиз орасида ихтирочилар, тадбиркорлар, спортчилар, олим ва ижодкорлар сони ортиб бормоқда. Дунёнинг энг ривожланган давлатларида ҳам Ўзбекистон ёшларининг қўлга киритаётган ютуқлари алоҳида эътироф этиляптики, бу давлатимиз томонидан яратилган имкониятлар самарасидир.

Шу ўринда андижонлик спортчиларни қўлга киритаётган ютуқларини сўзимнинг исботи дея айтиш мумкин. Спортнинг қатор турлари бўйича вилоятимизда шундай мактаб яратилдики, бу халқаро майдонлардаги мусобақаларда ўз ифодасини топмоқда. Эндиликда андижонлик спортчи ёшлар биргина бокс билан чекланмай спортнинг бошқа турларида ҳам ўз кучини кўрсатиб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритмоқда.

2017 йилда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати негизида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг тузилиши ёшлар билан ишлашда янги тизим ва ёндашувларни юзага келтирди. Янги ташкилот олдига истиқлол фарзандларини ҳар соҳада олдинга бошлаш, жамиятнинг энг фаол кишилари сафига қўшишдек масъулиятли вазифа юклатилганди. Тан олиб айтиш керак орадан ўтган бир йил давомида билдирилган ишонч тўла оқланмади.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселекторда айни йўналишда олиб борилаётган фаолият чуқур таҳлил этилгани бежиз эмас. Эришилган ютуқларга қарамай Юртбошимизнинг бугунги ёшлар фаолиятидан кўнгли тўлмаётгани, Ёшлар иттифоқи фаолиятини янада жонлантириш борасида билдирган фикрлари зиммамиздаги масъулиятни оширди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизга кўмаклашиш, бунинг учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиб бериш ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бирига айланди. Хусусан, 30 июнь куни мамлакатимизда илк бор кенг кўламда нишонланган “Ёшлар куни” байрам тантаналарида бизга бўлган эътибор ва ғамхўрликлар ўз ифодасини топди. Байрам олдидан давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган яна бир муҳим ҳужжат – “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисидаги фармон ҳамда Президентимизнинг чуқур маъно-мазмунга эга бўлган, Ўзбекистон ёшларига йўллаган байрам табриги мамлакатимизда олиб борилаётган ёшлар сиёсатига оид тадбирлар бугун янги қиёфа касб этаётганлигидан далолатдир.

Бироқ юқоридагиларга қарамай фаолиятимизда ташаббус, олдинга интилиш ва даврга мос дадиллик етишмаётгани бор гап. Бошимизни бир қилиб, келажак сари бошловчи янги тизим манзилли ва тизимли ишлашга, муаммоларимизни ҳал этишга етарлича эътибор қарата олмаётганлиги ҳақиқат. Бу биргина Ёшлар иттифоқи фаолларининг ҳатоси эмас. Бунда ҳар биримизни, жумладан сиёсий тизимдаги ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишдек масъулиятни ўз зиммасига олган “Ёш адолатчилар” қаноти аъзоларининг ҳам ҳатоси. Негаки тенгдошларимизни олдинга бошлашда дадиллик етишмаяпти. Ўтказилаётган тадбирлар оддий дабдабабозликка айланиб қолаётгани, маҳалла ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан мустаҳкам алоқа ўрната олмаганимиздан кўз юмиш қийин. Буларнинг барчаси зиммамиздаги масъулиятни ошириш баробарида камчиликларни бартараф этишга бошлайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, андижонлик йигит-қизлар бир қарорга келдик: ишончга муносиб жавоб бериш бурчимиз. Шижоат ва яна шижоат ҳар биримизнинг қалб амримизга айланади. Тадбиркорлик билан келажак сари, деган ғоя бизни янги марраларга бошлайди.

Равшанбек ХОДЖАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилоят кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли

Ишончга муносиб жавоб бериш бурчимиз was last modified: Июль 7th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »