Китобхонликка эътибор қай даражада?

12 Июль, 15:33 • Муносабат, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 166 марта кўрилди • Комментариев к записи Китобхонликка эътибор қай даражада? нет

Китоб ўқиган кишининг онги, шуури, фикрлаш доираси, нутқи, маданияти, тушунчаси анча юқори бўлади. Қолаверса, китоб-одамнинг дўсти. У одамни даволайди. Тушкин кайфиятга тушиб қолгани қўймайди. Ғамгин пайтларингизда ҳикматларга тўла китобни ўқиб, савияси баланд бадиий асарни варақлаганингизда барча ташвишларингизни унутасиз. Хулоса қилиб айтганда, китобга ошно кишидан ёмонлик чиқмайди. Шеър ёдлаш ва доимий ўқиш инсон хотирасини мустаҳкамлайди. Шу нуқтаи назардан келиб чиқадиган бўлсак, айниқса ёшлар, келажагимиз эгалари қалбида китобхонлик ҳиссини шакллантириш, уларда китобга бўлган меҳр-муҳаббат туйғусини ўйғотиш бугунги долзарб вазифаларимиздан биридир.

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси депутатлик гуруҳи аъзолари ва халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг “Ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси” аъзолари ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутооласи  ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги Ахборот — ресурс марказлари фаолияти ва уларнинг замонавий адабиётлар билан таъминланиш даражасини ўрганиб чиқди.

Ўрганиш натижалари умумлаштирилиб халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг “Ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси” йиғилишида кўриб чиқилди ва халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг навбатдаги 25-сессияси кун тартибида муҳокама этилди.

Хўш, Самарқанд шаҳридаги 8 та Олий, 39 та ўрта махсус ўқув юртлари, 12 та умумий ўрта таълим даргоҳларида фаолият кўрсатаётган ахборот-ресурс марказлари фаолияти қай аҳволда?

Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатаётган ахборот-ресурс марказларининг иш фаолияти ва уларни замонавий адабиётлар билан таъминлаш даражасини ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики шаҳардаги кўпгина ахборот-ресурс марказларида аҳоли кенг қатламларининг айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялаш китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу йўналишда тегишли ҳуқуқий-меъёрий базани мустаҳкамлаш, ташкилий-амалий ишларни замон талаблари асосида олиб бориш, бу масалага кенг жамоатчилик диққат-эътиборни жалб этиш бўйича бирмунча ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Самарқанд давлат университети ахборот-ресурс маркази ўрганилганда марказда бугунги кунда 13 минг 104 нафар фойдаланувчи мавжудлиги, мазкур марказга охирги 6 ойда 9 миллион 654 дона китоб ва адабиётлар университет маблағи ҳисобидан харид қилингани, фойдаланувчилар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10% га кўпайганини таҳлилий мълумотлардан кўриш мумкин.

Амалга оширилаётган амалий ишлар билан бирқаторда соҳага етарлича эътибор қаратилмаётган, камчиликларга йўл қўйилган ҳолатлар ҳам мавжудлиги ўрганишлар жараёнида кўзга ташланди.

Жумладан, ахборот-ресурс марказлари ташкил этилган Самарқанд шаҳридаги 5, 8, 11, 13, 14, 18, 20, 45, 52, 63, 64 ва 73 мактаблари  10 мингта фойдаланувчини қамраб олган, жами 37076 дона китоб фондига эга. Мавжуд мактаблардаги ахборот-ресурс марказларида 10 нафар номутахассис, 6 нафари ўрта махсус маълумотли ходимлар фаолият юритиб келмоқда.

 Ишчи гуруҳи аъзолари шаҳардаги 8-мактабда жойлашган ахборот-ресурс марказига икки кун кетма-кет боришган бўлсада, ахборот марказида бирорта маъсул ходимни топиш имкони бўлмади. Ахборот-ресурс маркази ёпиқ ҳолатда. 45-мактаб ахборот-ресурс марказида яратилган шароитлар талабга жавоб бермайди. Синф етишмаслиги сабабли ахборот-ресурс маркази мактаб ертўласига кўчирилган. Интернет тармоғига уланмаган. Фойдаланувчилар ҳолати ўрганилганда мазкур мактабнинг юқори синф
(9-10 синфлар) ўқувчиларидан бирортаси йил давомида ахборот-ресурс маркази китоб фондидан фойдаланмаганлиги аниқланди. Мавжуд жиҳозлар  ҳам эскирган, таъмирга муҳтож. Бу каби ҳолатларни, 63 ва 64 мактабларда ҳам кузатиш мумкин. Ўрганилган ахборот-ресурс марказларида бирорта ҳам китоб тақдимотлари ўтказилмагани ёинки ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар ташкил этилмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Шу каби ҳолатларни эътиборга олган ҳолда, маънавий ҳаётимизни юксалтиришда улкан аҳамиятга эга бўлган муҳим вазифаларни комплекс ҳал қилиш, китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, китоб ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш, аҳолига  етказиш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг қарори қабул қилинди.

Қарорда Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари Б.Элмурадовга бир ой муддатда Самарқанд шаҳридаги ахборот-кутубхона муассасалари биноларини капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими раҳбари Х.Хожиқуловга 5 кун муддатда 8, 45, 63, 64 умумтаълим мактаб директорларига ахборот-ресурс марказларини фаолиятини самарали ташкил этмаганлиги учун интизомий жазо чораларини кўриш, шаҳар халқ таълими бўлими тизимидаги ахборот-ресурс марказлари фаолиятини қайтадан кўриб чиқиш, аниқланган камчиликлар бўйича таъсирчан чоралар белгилаш, шаҳар халқ таълими бўлими тизимидаги ахборот-ресурс марказлари кадрларни билим, кўникма салоҳиятини ўрганиш, заруратга қараб ёш, интилувчан, замон билан ҳамнафас яшайдиган мутахассислар билан алмаштириш вазифалари юклатилди.

Абдуҳалим МЕЙЛИЕВ,

Халқ депутатлари

Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Китобхонликка эътибор қай даражада? was last modified: Июль 12th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »