Кўрик-танлов: Қашқадарёлик “Адолатли қайнона”лар беллашди

23 Июль, 17:41 • Аёллар қаноти, Кўрик-танлов, Қашқадарё вилояти, Янгиликлар • 234 марта кўрилди • Комментариев к записи Кўрик-танлов: Қашқадарёлик “Адолатли қайнона”лар беллашди нет

Шаҳрисабз туманидаги Мираки шаҳарчаси маданият уйи мажлислар залида Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ўтказиб келинаётган “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг Қашқадарё вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Мақсуда Мустафоева, партиянинг вилоят Кенгаши раиси Рўйиддин Раупов ва бошқалар барча соҳада хотин-қизларнинг роли ортиб бораётгани, аёл тадбиркор, аёл-ишбилармон, фармацевтика соҳасида шифобахш дармондориларни ихтиро қилаётган, эртапишар буғдой навларини яратаётган, жамиятимиз ривожи учун муҳим инновацион лойиҳаларни тақдим этаётганларнинг аксариятини ҳам аёлларимиз ташкил этаётганлигини тўлқинланиб гапирдилар.

— Шунинг учун ҳам Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан кейинги йилларда хотин-қизларимизнинг етакчилик фазилатларини ошириш ва улар орасидаги истеъдод эгаларини кашф этиш мақсадида бир қатор тадбирлар, кўрик-танловлар ташкил этилаяпти,- деди Рўйиддин Раупов.- Бугун Шаҳрисабздаги ушбу муҳташам кошонада бўлиб ўтаётган “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг вилоят босқичи ҳам сиёсий кучнинг аёлларга кўрсатаётган чексиз ғамхўрлиги ифодасидир.

Танловда вилоятнинг барча туманларидан ташриф буюрган қайноналар зўр кўтаринкилик билан беллашдилар.

Ҳар бир саҳнага чиққан аёл ўзининг оиласи ва маҳалласи, қолаверса, меҳнат фаолиятида эришган ютуқларини намойиш эта олди. Шунингдек, қайноналар ўзларининг лидерлик ва нотиқлик қобилиятлари, яшаб турган маҳалласи тарихи, ўзига хос турмуш тарзи, урф-одатлари, фарзандлар тарбиясида адолат ҳамда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириб, уларни оилада уйғунлашувини таъминлаганликларини саҳна кўринишларида ифода этиб беришди. Айниқса, қайноналар томонидан мавзуга оид ривоят, мақол таъсирли тарзда ўқилгани барчада катта таассурот қолдирди.

Танловда Шаҳрисабз туманидан қатнашган Шохида Мансурова ўзи истиқомат қилаётган маҳалласидаги ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва тарғибот-ташвиқот ишларидаги фаоллигини аниқ ҳаётий мисоллар орқали кўрсата олган бўлса, Китоб туманидан иштирок этган қайнона Махфират Халилова эса оила тўғрисидаги миллий қонунчиликдан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаолиятидан яхши хабардорлиги, бадиий, расмий чиқишларга доимо тайёр эканлигини жуда чиройли кўринишларда ифода эта олди.

Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра, Яккабоғ туманидан танловда иштирок этган қайнона Дилфуза Суюнова биринчи, шаҳрисабзлик Шохида Мансурова эса иккинчи ўринни эгаллади. Китоблик Махфират Халиловага эса учинчи ўрин насиб этди.

Кўрик танловда ғолиб деб топилган яккабоғлик Дилфуза Суюновага вилоят Кенгаши ва ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари ҳамда “Адолатли қайнона” дипломи топширилди.

Энди у кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этади.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

 

Кўрик-танлов: Қашқадарёлик “Адолатли қайнона”лар беллашди was last modified: Июль 23rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »