Мен ҳам “Мард ўғлон”га лойиқ кўрилдим

10 Июль, 11:24 • Бухоро вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 23 марта кўрилди • Комментариев к записи Мен ҳам “Мард ўғлон”га лойиқ кўрилдим нет

Президентимиз томонидан биз ёшларга қаратиб келинаётган эътибор ҳар биримизни янада фаол, ташаббускор ҳамда Ватан равнақи йўлида астойдил меҳнат қиладиган инсон бўлиб улғайишимизда хизмат қилмоқда. Маълумки, жорий йилнинг 26 июнь санасида Президентимиз томонидан “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги қарор имзоланди. Қарорга мувофиқ, иқтидорли йигитларнинг фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифлари киритилган. Шунингдек, ушбу мукофот билан тақдирланганларга “Ёшлар куни” арафасида ўтказиладиган тантаналарда совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилиши айтиб ўтилган. Айни ушбу кунда менга ҳам бу юксак мукофот насиб этди.

Ёғоч ўймакорлик санъатини ривожлантириш, уни бутун дунёга намойиш этиш, ушбу ноёб ҳунар сирларини келгуси авлодга етказиш болаликдан орзуйим эди. Мен ўз орзуйимга эришдим. Ўз санъатим билан 2010 йил июль ойида Малайзиянинг Сабаҳ шаҳрида бўлиб ўтган кўргазмада, шунингдек, 2010 йилнинг декабрь ойида Миллий ҳунармандчилик бўйича Милан шаҳрида (Италия) ташкил этилган кўргазмаларда иштирок этдим, 2013 йилда бўлиб ўтган “Энг яхши ҳунарманд” кўрик танловида Республика босқичида қатнашиб, фахрли биринчи ўринни эгалладим, 2016 йилдаги “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” кўрик танловининг Республика босқичида “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” деб топилдим, Бундан ташқари 2016 йил бўлиб ўтган “Ташаббус-2016” кўрик танлови туман ва вилоят босқичларида фахрли 1-ўринни эгалладим. Ҳунарим ортидан эришган ютуқларим ота-онам ва президентимизнинг берган эътиборлари, имкониятларидир. Мен ана шу имкониятдан самарали фойдаланишга ҳаракат қилдим. Ҳаракатим эса бесамар кетмади. Давлатимиз раҳбари томонидан мен ҳам “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирландим. Ушбу мукофотнинг берилганлиги янада ғайрат ва шижоат бахш этди.

Ўзбекистонлик ёшларга берилаётган эътибор келажакка нисбатан умид ҳиссини оширади, имкониятлар кўламини кенгайтиради. Биз доим ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланмоғимиз ва ватанга муносиб фарзанд бўлмоғимиз даркор. Зеро, келажакда бизни ана шундай мукофотлар кутмоқда.

Муҳаммад ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли,

“Мард ўғлон” Давлат мукофоти совриндори

Мен ҳам “Мард ўғлон”га лойиқ кўрилдим was last modified: Июль 10th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »