Натижалар бор аммо камчиликлар ҳам етарли

10 Июль, 19:09 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 140 марта кўрилди • Комментариев к записи Натижалар бор аммо камчиликлар ҳам етарли нет

Ўтган йил 12 июлдаги видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” мавзуидаги маъруза билан чиқиб, сиёсий партиялар, улардан сайланган барча даражадаги депутатлар олдида турган энг муҳим вазифаларни белгилаб берган эди. Уларни амалга ошириш жамият ҳаётининг барча соҳаларини янада эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш жараёнларини изчил давом эттириш имконини бериши кўп марталаб қайд этилди. Бу борада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва сиёсий партиялар маҳаллий ташкилотларининг ўрни ва масъулияти янада ошганлиги ҳеч кимга сир эмас. Улардан иш услублари ва усулларини тубдан ўзгартириш, аҳоли билан доимий мулоқотни самарали йўлга қўйиш талаб этилаётгани аниқ. Хўш, “Адолат” СДП Наманган вилоят ташкилотидан сайланган депутатлар, қолаверса халқ депутатлари вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳи фаолиятида кейинги пайтда қандай ўзгаришлар рўй берди? Улардан қониқиш мумкинми?

Маълумки, сиёсий партиялар фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳокимият вакиллик органларидаги депутатлари орқали сайловолди дастурини амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Шунинг учун бу масала ҳамиша диққат марказида туриши даркор. Мана ҳозир, халқ депутатлари кенгашларига ўтказилган охирги сайловлардан буён уч ярим йилдан зиёд вақт ўтди. Сайловчилар ишонч билдирган ҳар бир киши ўз олдига қуйидаги каби саволларни қўйиши ва албатта, уларга жавоблар излаши керак. Депутатлик бурчимни қандай бажармоқдаман? Нимага улгурдим-у қайси ишга фурсат ёки ҳафсала, балки салоҳият етмади? Бизни депутатликка номзод этиб кўрсатган партиянинг фаолиятидаги иштироким қониқарлими ёки йўқми?

Шу жиҳатдан олиб қараганда, партиямизнинг халқ депутатлари вилоят кенгашидаги вакиллари бир қатор ишларни амалга оширганликларидан кўз юмиб бўлмайди. Мисол учун, 2017 йилда улар сессия кун тартибига иккита масала киритдилар. Хусусан, “Мактабгача таълим муассасалари ва умумий ўрта таълим мактаблари синфларидаги ўкувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар ва тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатларини янада яхшилаш тўғрисида”ги масала кенг жамоатчиликнинг эътирофига сазовор бўлди. Чунки таълим муассасалари фаолияти, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш кўпчиликнинг диққат марказида туради. Мазкур соҳаларда анчагина муаммолар тўпланиб қолганлиги ҳам сир эмас. Масалани ўрганишда депутатлар, шаҳар ва туман кенгашларининг етакчилари, фаоллар қатнашдилар. Вилоят халқ таълими ва соғлиқни сақлаш бошқармаларидан ҳам мутахассислар таклиф қилинди. Бу эса ҳолатни пухта ўрганишга ва синчиклаб таҳлил қилишга ёрдам берди. Тузилган ишчи гуруҳ аъзолари деярли барча туманлардаги таълим муассасаларида танлов асосида ўрганиш ўтказдилар. Натижада жойлардаги ҳақиқий аҳвол ҳақида аниқ ва батафсил маълумотлар олинди.

Халқ депутатлари вилоят кенгашининг яна бир сессиясида “Адолат” социал-демократик партияси гуруҳи томонидан кун тартибига киритилган давлат ва хўжалик бошқарув органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни архив муассасаларига топшириш, ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатини ўрганиш натижалари тўғрисидаги масалани ҳам муҳокама қилдилар. Депутатларимиз вилоятда фаолият кўрсатаётган архив муассасалари ишини ўрганиб чиқишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганларида, уларнинг хизмат кўрсатиш даражаси замон талабига жавоб бериш-бермаслигини аниқлашни назарда тутган эдидар. Чунки ҳозирги замонда ҳужжатсиз ҳеч бир иш қилиб бўлмайди. Ўз навбатида мамлакатимизда ушбу соҳа фаолиятини такомиллаштириш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини қайд этиш лозим. Аммо ҳозирча хизмат кўрсатиш даражаси юқори даражага етди, дейиш қийин. Мазкур тармоқ ишини яхшилаш эса ҳеч шубҳасиз, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.

Партиядошларимиз масалани “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида жамоатчилик назорати тартибида бевосита жойларда бўлиб ўрганиб чиқдилар. Аниқланган ҳолатларни таҳлил этиш натижасида чиқарилган энг муҳим хулосалардан бири шуки, жойларда айрим мансабдор шахсларнинг эътиборсизлиги туфайли архив ишлари пухта йўлга қўйилмаган. Айниқса, хусусий сектор вакилларининг соҳани яхши тушунмаслиги оқибатида ҳужжатларни сақлаш талаблари бузилиши кузатилди. Жумладан, фаолияти тугатилган юридик шахсларда бундай камчиликлар кўп учрайди. Маълум бўлишича, вилоятда 2012-2017 йилларда 21735 та ташкилот тугатилган, аммо улардан фақат 9127 тасининг ҳужжатлари архив муассасаларига топширилган. Оқибатда фуқаролар меҳнат фаолиятига оид маълумотлар топилмаслиги каби ҳолатлар кўп учрашига ажабланмаса ҳам бўлади.

Кўриниб турибдики, ҳар икки масала ўзининг долзарблиги билан ажралиб турибди. Шунинг учун сессия қабул қилган қарорда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, вужудга келган ҳолатни ўнглаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш каби қатор вазифалар белгиланганди. Афсуски, бу борада на тегишли доимий комиссия, на партия гуруҳи йиғилишида сўз юритилган. Ҳолбуки, масалани ўрганиш ниҳоясига етганда, сессия муҳокамасига киритишдан олдин партия гуруҳида манфаатдор ташкилотлар вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилганди. Мана ҳозир “Мактабгача таълим муассасалари ва умумий ўрта таълим мактаблари синфларидаги ўкувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар ва тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатларини янада яхшилаш тўғрисида”ги масала сессияда муҳокама этилгандан бери роппо-роса бир йил ўтди. Ҳозиргача сессия қарорига кўра вазифалар юкланган ташкилотлар – вилоят халқ таълими ва соғлиқни сақлаш бошқармаларидан бирон марта ахборогт ёки маълумот олинмаган. Жойларга чиқиб, маърузада тилга олинган муассасаларда аҳвол қай даражада ўзгарганлигини мониторинг қилиш ҳам “эсдан чиқарилган”. Бу эса депутатлик гуруҳи фаолиятида ижро интизоми сустлигидан далолат беради.

Худди шундай ҳолатни депутатлик сўровлари масаласида ҳам кузтиш мумкин. Партия вилоят кенгашидаги маълумотларга қараганда, 2018 йилнинг биринчи ярмида вилоят ва шаҳар, туман кенгашлари томонидан жами 107 та депутатлик сўрови турли ташкилотларга чиқарилган. Улардан 70 таси ҳал этилган, 37 таси бўйича ўрганиш давом этмоқда.

Дарвоқе, юқорида келтирилган сўровларнинг 27 таси халқ депутатлари вилоят кенгаши томонидан киритилган. Уларнинг учдан бир қисми депутатлик гуруҳи раҳбари Олимхон Мақсудов ҳиссасига тўғри келади. Бу, яхши, албатта. Бироқ улардан бор-йўғи учтасигина ижобий ҳал этилганлигига нима дейсиз? Қолган олтитаси эса депутатлик сўровлари бўйича маълумотда “масала ўрганилмоқда” деб баҳоланган. Улардан бири шу йил 24 февралда Поп туман электр тармоқлари корхонасига юборилган. Ҳужжат “Хўжаобод-2” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг электр таъминоти ёмонлиги ҳақидаги эътирози асосида тайёрланган. Лекин орадан қарийб беш ой ўтганига қарамай ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Поплик нурчилар депутатнинг мурожаатига жавоб беришмаган.

Ёки халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Илҳомжон Арслоновнинг сўровини олиб кўрайлик. У шу йил 10 февралда “Агробанк”нинг Чуст туман филиалига юборилган. Масала “Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаронинг чорвачилик билан шуғулланиш учун имтиёзли кредит олиш ҳақидаги мурожаати билан боғлиқ. Орадан беш ой ўтди, лекин ҳеч нарса ҳал бўлгани йўқ. Яъни, “масала ўрганилмоқда”.

Мана бу депутатлик сўрови эса 2018 йил 15 мартда халқ депутатлари вилоят кенгашидаги партиямиз гуруҳи аъзоси Иброҳимжон Абдуллаев томонидан битилган. Унга Намангандаги “Сумалак гузари” МФЙ фуқароларининг ички йўлларни асфальтлаш ҳақидаги илтимоси асос бўлган. Сўров шаҳар ҳокимлигига йўлланган. Бироқ ҳозиргача у ердан ҳеч қандай хат-хабар олингани йўқ.

Бундай мисолларни яна келтириш мумкин. Фақат савол туғилади: ўзи депутатлик сўровига жавоб бериш муддати қанча? Буни аниқлаш учун “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мурожаат қилиш мумкин. Унда депутатлар тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақли эканлиги кўрсатилган. Шунингдек,  депутат сўрови қайси мансабдор шахс номига юборилган бўлса, жавоб хати ўша мансабдор шахс ёки унинг вазифасини бажарувчи томонидан имзоланади ва сўров олинган кундан бошлаб ўн кундан кечиктирмай, сўралган барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда депутатга юборилади, деб белгилаб қўйилган. Ана энди депутатларга ҳам, улар сўровлар ёўллаган раҳбарларга ҳам ўз баҳоингизни беришингиз мумкин.

Пировардида ушбу материални тайёрлаш жараёнида юзага келган бир фикрни баён этсак. Юқорида тилга олинган “Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоларининг депутатлик сўровлари бўйича маълумотга кўра биринчи ярим йил давомида жўнатилган 22 та депутатлик сўровига муддатида жавобини бермаган мутасадди ташкилотларнинг раҳбарларини партия гуруҳи йиғилишига таклиф этиб, уларнинг ишига муносиб баҳо бериш керак. Шундан кейин балки аҳвол ўзгарар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилояти Кенгаши матбуот котиби

Натижалар бор аммо камчиликлар ҳам етарли was last modified: Июль 10th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »