Навқирон авлодга янги эътибор

6 Июль, 14:30 • Ёш адолатчилар, Марказий аппарат, Муносабат, Янгиликлар • 28 марта кўрилди • Комментариев к записи Навқирон авлодга янги эътибор нет

Бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини, кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлат қуришдек эзгу мақсадимизни ёшлар иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Зотан, давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, бугунги кунда фақат юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган ҳамда профессионал тайёргарликка эга бўлган ёшларгина сифатли, жадал ва инновацион тараққиётнинг энг муҳим шарти ва гарови бўла олиши, айнан улар мамлакатнинг буюк келажагини таъминлаши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 июль куни ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам кўтарилган барча масалалар ва юклатилган вазифалар, аввало, ёшлар тақдири мамлакат тақдири билан чамбарчас боғлиқлиги ва узоқ муддатли стратегиялар навқирон авлод иштироки билан амалга оширилишига қаратилди.

Йиғилишда ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида барча имкониятларни ишга солиш, улар учун муносиб шароитлар яратишда барча давлат ва жамоат ташкилотларига бир қанча вазифалар юкланди. Айниқса, ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш ва уларни қизиқтирган йўналишларда соҳалар тармоғини кенгайтириш барча масъулларнинг муҳим вазифаси эканлиги қатъий белгиланди.

Шунингдек, Ёшлар куни арафасида “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тасдиқлангани ва уни барча туман, шаҳарларда амалга ошириш бошлангани бу борадаги саъй-ҳаракатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз. Давлат дастурида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасини ва унинг туман ва шаҳар филиалларини ташкил этиш, “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари, шу билан бирга ҳудудларда “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуриш белгиланганлиги ёшларга яратилаётган шароитларнинг юксак намунасидир.

Ушбу жамғарма ва меҳнат гузарлари ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, жамиятда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш учун хизмат қилади.

Яна бир аҳамиятли томони ушбу тузилма маблағларидан ёшларнинг бизнес лойиҳалари учун йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит берилади. Ушбу вазифалар тўғри йўлга қўйилган тақдирда ўз ғоясига эга ва ташаббускокор ёшлар жамиятимизда ўзининг ўрнига эга бўлибгина қолмай тараққиётимиз йўлида хизмат қилувчи бир кучга айланади.

Президентимиз ушбу йиғилишда бу каби вазифаларни амалга оширишда сиёсий партиялар, Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаол  фаол иштирок этиши зарурлигини таъкидлаб ўтди. Халқ вакиллари сифатида депутатлар корпуси ёшлар келажаги учун ҳаммадан ҳам кўпроқ жон куйдириши лозимлиги, улар жойларда сиёсий партияларнинг ёшлар қанотлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, амалий учрашув ва тадбирлар орқали мазкур Дастур ижросини таъминлашда фаол иштирок этиши, ҳудудларда фаолият олиб борадиган ишчи гуруҳларга амалий ёрдам кўрсатиши зарурлиги бу сиёсий партияларга катта масъулият ва улкан вазифалар юклайди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон “Адолат” СДП мамлакатимиз келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида, деб ҳисоблайди ҳамда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни ўзининг муҳим вазифаларидан бири деб билади. Шу нуқтаи назардан мамлакатда янги инновацион иқтисодиёт юзага келаётган, таълим тизими тараққий топаётган, бандлик даражаси ўсаётган, соғлом турмуш тарзининг кенг имкониятлари яратилаётган шароитда Ватанга садоқатли ёш йигит-қизларни ягона эзгу мақсад йўлида сафарбар этиш партиямизнинг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг муҳим вазифасидир.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаш Марказий аппарати

етакчи мутахассиси

Навқирон авлодга янги эътибор was last modified: Июль 6th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »