Партия халқ таянчи

7 Июль, 19:39 • Ёш адолатчилар, Муносабат, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 145 марта кўрилди • Комментариев к записи Партия халқ таянчи нет

Жамият ва давлатнинг демократик ривожланишида сиёсий партияларнинг ўрни беқиёс. Бугунги кунда мамлакатимизда партиялар фаолиятини тобора такомиллашуви, улар орқали халқ билан мулоқотни самарали йўлга қўйилиши учун етарлича ҳуқуқий асослар яратилган.

Партия халқнинг манфаатлари йўлида фаолият юритар экан, аҳоли аввало, халқимиз сиёсий партия деган тушунчани тубдан англамоғи лозим. Бу тушунчани биринчи навбатда халқимизнинг энг кўп қисмини ташкил этган ёшлар қатламига сингдириб бориш эса халқ ҳокимиятини ҳуқуқий пойдеворига асос бўлади.

Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан олиб борган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганларидек “…талаба ва ўқувчи ёшларда сиёсий билимларни ошириш, ватанпарварлик ҳиссини кучайтиришда вакиллик органлари имкониятларини тўлиқ ишга солишимиз зарур. Бунинг унинг учун халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносига йигит-қизларимиз эркин кириб чиқадиган муҳит ва шароит яратишимиз зарур. Токи ёшлар қонун қабул қилиш жараёнларидан бошлаб партиялар ўртасида рақобат бўладиган мажлис ва тортишувларни ўз кўзи билан кўрсин, депутатлар билан мулоқот қилсин. Демократия мактабини фақат китобдан эмас, балки мана шундай жонли муҳитдан ўргансин. Шундагина уларда сиёсий тафаккур, баҳс маданияти шаклланади…

Айнан мана шу вазифалар ижроси доирасида куни кеча бир гуруҳ ёшлар билан биргаликда Тошкент шаҳрида бўлдим. Дастлаб Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг вилоят Кенгаши томонидан бизнинг Фарғона давлат университетида мунтазам ташкил этиб келаётган давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлари, мунозаралар, депутатлар билан учрашувларида фаол иштирок этиб, партиянинг “Ёш адолатчилар қаноти” аъзосига айландим ва уларнинг вакили сифатида мен ҳам Тошкент шаҳрига юборилиши режалаштирилган сиёсатдон талабалар сафидан ўрин эгалладим. “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур сайёр семинар менинг ҳаётимда жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Партия байроқлари ва шиорларини ғурур билан қўлимизда хилпиратиб Марказий Кенгаш биносига яқинлашганимизда қалбимизни ўзгача бир туйғу қамраб олди. Бу туйғу – керакли ва эътибордаги инсонга айланиш, Ватаннинг меҳрини ҳис этиш, унинг равнақига дахлдорлик ҳисси десам, муболаға қилмаган бўламан.

Бу ерда биз партия лидерлари билан учрашиб “Адолат”  социал-демократик партиясининг вужудга келиш тарихи, ҳозирги кундаги фаолияти, эришаётган ютуқлари ҳақида кўплаб маълумотлар олдик.

Партиянинг Сиёсий Кенгаш раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов бизни илиқ қарши олар экан, ҳозирги кунда ёшлар масалалари хусусида вилоят, шаҳар, туман кенгашларида қандай ишлар амалга оширилаётганлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Шу билан бирга биз ёшларнинг савол ва таклифларимиз ҳам тингланиб, таҳлил қилинди. Фарғона давлат университети талабаси Бунёд Баходировнинг юртимиздаги тарихий обидаларга яна ҳам кўпроқ хорижий меҳмонларни жалб қилиш тўғрисидаги таклифи А.Рахмонов томонидан қўллаб-қувватланди.

Йиғилишдан сўнг Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюрдик. Бу салобатли бинода партиямиз раиси Наримон Умаров билан яқиндан мулоқот бўлиб ўтгани биз ёшларни ханузгача ҳаяжонга солади. Айниқса, Олий Мажлис депутатлигига Фарғона вилояти, Қўштепа округидан сайланган Умиджон Сулаймонов ўзининг кучли билими, юқори тажрибаси, ташаббускорлиги билан барчамизни ҳавасимизни келтирди.

Шунингдек, партия Фракцияси томонидан ўтказилаётган “Инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама жараёнига кириб боришимиз бизда қонунчилик механизми тўғрисида керакли тушунча уйғонишида катта рол ўйнади. Фракция аъзоси Умиджон Сулаймонов бизни Парламентнинг мажлислар залида етаклар экан, бу ерда туриб халқимиз манфаати учун қанчадан-қанча инсонлар изланишда эканини чуқур англадик.

Сафардан қайтар эканман, бўлиб ўтган бу тадбир биз ёшларнинг буюк келажаги йўлида яхшигина туртки бўлиши, ўқиб – изланиб, партия рахнамолигида юрилган шу довонни эндиликда мустақил босиб ўтишга интилишимизга замин яратиши аниқ деган хулосага келдим.

Бунёд БАҲОДИРОВ,

Фарғона давлат университети  талабаси,

“Ёшлар қаноти” фаоли

Партия халқ таянчи was last modified: Июль 11th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »