Парвозни баланд олинг, ёшлар

5 Июль, 11:49 • Андижон вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 146 марта кўрилди • Комментариев к записи Парвозни баланд олинг, ёшлар нет

Мустақиллик йилларида ёшлар сиёсати долзарб масалалардан бирига айланди. Қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиндики, бу келажагимиз эгаларини янада ташаббускорликка, фидоийликка ундамоқда.

Шу йилнинг 27 июнида тизимда яна бир дадил қадам сифатида «Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида» ги Фармон қабул қилинди. Мазкур қонун ҳужжатида ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шарт-шароитлар, иш ўринлари яратиш ва бандлигини таъминлаш асосий мақсад қилиб белгиланган.

Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаганларни меҳнат бозорида талаб юқори мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали бандлигини таъминлашга қаратилган «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури 2018 йил 1 июлдан бошлаб республиканинг барча туман ва шаҳарларида амалга оширилади.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳузурида «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси, унинг туман ва шаҳар филиаллари ташкил этилади. Бизнес ташаббуслар, стартаплар, ғоялар ва лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулк лизингга 5 йил муддатга 12 ойгача имтиёзли давр билан берилади. Кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорида кафилликлар бериш йўлга қўйилади. Тадбиркорлик лойиҳаларида улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорида иштироки таъминланиб, Жамғарма улушини беш йил давомида реализация қилиш белгиланди.

Фармонга асосан, ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори касбларга ўқитиш амалга оширилади. Имтиёзли шартларда бинолар, офис техникаси ва сарфлаш материалларини ижарага бериш, уларни интернет билан таъминлаш, шунингдек, бизнес ташаббуслар, стартаплар, ғоялар ва лойиҳаларни амалга оширишга бошқача кўмак бериш, бизнес режалар ишлаб чиқиш, маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, форумлар, мастер-класслар ва семинарлар ташкил этиш учун «Yosh tadbirkorlar»  коворкинг-марказлари ҳамда савдо-маиший ва кичик ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш учун меҳнат кучи ҳаддан зиёд бўлган туманларда «Yoshlar mehnat guzari»  комплексларини қуриш давлат-хусусий шериклик шартларида рўёбга чиқарилади.

Президент Фармонидан кўриниб турибдики, ёшлар масаласи биргина Ёшлар иттифоқи зиммасидаги вазифа эмас. Гап келажагимиз хақида бораётган экан, фарзандларимиз тарбияси, камолотига бефарқ қарамакслигимиз лозим. Бу вазифа бутун жамоатчилик олдидаги биринчи даражали вазифа бўлмоғи зарур.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Ёш адолатчилар” қаноти фаолиятини танқидий кўриб чиқиш, талаб даражасида бўлишлигини таъминлаш ва издошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни режалаштирдик. Бугун вилоят бўйича 4700 нафар ёшлар бизнинг сафимизда экан уларнинг иқтидори ва интилишларини эътибордан четда қолдирмай жамиятнинг энг фаол гуруҳи қаторига қўшишга ҳаракат қиламиз.

Тохиржон ШОВВОЗОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилоят Кенгаши раиси

 

Парвозни баланд олинг, ёшлар was last modified: Июль 5th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »