Президент табриги янги марраларга руҳлантиради

5 Июль, 15:14 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 34 марта кўрилди • Комментариев к записи Президент табриги янги марраларга руҳлантиради нет

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшларига байрам табриги Наманган вилоятида ҳам қизғин кутиб олинди. Айни кунларда давлатимиз раҳбарининг навқирон  авлод вакилларига йўллаган ўзига хос мурожаатномаси кенг муҳокама қилинмоқда ва ўрганилмоқда. Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлотлари, ҳар бир йигит-қиз шу асосда ўзи учун ҳаракат дастури тузиб олмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Байрам табригида бутун халқимизнинг навқирон авлодга муносабати акс этган. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари ҳамманинг қалбидан жой олиши муқаррар. “Келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш биз олиб бораётган давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши бўлиб, бу йўлда улкан ишларни амалга ошираётганимиз сизларга яхши маълум, албатта. Ўтган бир йилнинг ўзида ёшлар ҳаётига бевосита тааллуқли бўлган 20 дан зиёд қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлаб турибди.”

Ҳа, Ёшлар иттифоқининг ташкил этилганига бир йил тўлди. Лекин мана шу қисқа давр мобайнида у жамиятдаги муҳим ижтимоий тузилмага айланиб улгурди. Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш йўлида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорликни ҳам йўлга қўя олди. Бу эса ёшларда   гражданлик позицияси ва фаолликни кучайтиришда,  уларни мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, халқаро майдонда рақобатга кириша оладиган баркамол инсонлар этиб тарбиялашда яхши самара бермоқда.

Шу ўринда мазкур йўналишда вилоятимизда ҳам қатор ибратли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидламоқчи эдим. Айниқса, ўтган июнь ойи давомида “Ёшлар ойлиги” доирасида  шаҳар ва туманларда ўнлаб лойиҳалар, кўрик-танловлар, очиқ мулоқотлар, спорт мусобақалари ва ижтимоий акциялар ўтказилгани кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортди. Имконияти чекланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз ва уюшмаган ёшлар иштирокида “Очиқ мулоқот”лар, “Ёшлар – Ўзбекистон келажаги” шиори остида меҳнат ярмаркалари, мавсумий иш билан таъминлаш бозорлари шулар жумласидандир. Ёшларни кўпроқ тадбиркорликка жалб этиш мақсадида 13 фоизлик имтиёзли кредитларни ажратиш учун тавсияномалар ҳам берилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан тузилган ишчи гуруҳлари қатор туманларда навқирон авлод манфаатларини таъминлаш юзасидан очиқ мулоқотлар ўтказдилар. Натижада маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқа мутасадди ташкилотлар назаридан четда қолган анчагина муаммолар аниқланди. Айни вақтда уларнинг ечимини топиш чора-тадбирлари кўрилди. Бу эса ўз навбатида йигит-қизларда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқига ишончни мустаҳкамлади, уларда келажакка умид билан қараш ҳис-туйғусини оширди.

Дарвоқе, шу ўринда Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши “Ёш адолат”чилар қаноти” фаоллари ҳам давлатимиз раҳбари табригидаги хулоса ва вазифаларни чуқур ўрганишга киришганликларини айтиб ўтиш лозим. Улар ўзларининг куч-ғайратларини партиямизнинг жамиятдаги нуфузини янада оширишга қаратишга ҳаракат қилмоқдалар. Сафлар тобора кенгайиб ва мустаҳкамланиб бормоқда. Бу эса олдинда турган янги, юксак марралар муваффақиятли эгалланишидан далолатдир.

Президентимиз табригида биз ёшларга қаратилган жуда кўп даъваткор фикрлар бор. Масалан, мана бу сўзларни олайлик: “Сиз, жондан азиз ўғил-қизларимиздан фақат битта илтимосимиз, битта тилагимиз бор: ота-оналарингиз, устоз-мураббийларингиз, халқимизнинг сизлардан кутаётган орзу-умидларини амалий ишлар билан рўёбга чиқариш йўлида ҳорманг, чарчаманг!

Ўқиш-ўрганиш, доимий изланиш, илм-фанга, тараққиёт чўққиларини эгаллашга интилиб яшаш доимо ҳамроҳингиз бўлсин!

Мен сизларнинг ҳар бирингизга эл-юртимиз фахрланадиган, жонажон Ўзбекистонимизнинг муносиб фарзанди, ҳақиқий инсон бўлиш бахти насиб этишини тилайман”.

Агар биз ўз ҳаётимиз ва фаолиятимизни шу йўсинда йўлга қўя олсак, барча эзгу мақсадларга етишимизга шак-шубҳа йўқ.

Дилноза АКРАМОВА,

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи

Наманган вилоят кенгаши раисиснинг ўринбосари,

“Адолат” СДП фаоли

Президент табриги янги марраларга руҳлантиради was last modified: Июль 5th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »